Хоразм: ҚАНОТИ ҚИРҚИЛГАН ҚУШЛАР

Бугунги кунда Хоразмда фермерларга тўла эркинлик берилмаганлиги, уларнинг давлат идораларига қарамлиги, ҳуқуқлари чекланганлиги, амалдорлар ва бошқа мутасадди шахслар текин даромад олиш мақсадида фермерларнинг банклардан кредит олиши, техника ва ёқилғи-мойлаш материаллари таъминотини чигаллаштириб, фуқаролардан ноқонуний пул ундириш ва давлат мулкини талон-тарож қилиш системасини вужудга келтираётганлиги  фермер хўжаликлари ривожига салбий таъсир ўтказмоқда.

Фермер хўжаликларига қонуний фаолият кўрсатиш учун шароит яратиб бериш ўрнига, сансалорлик, бефарқлик, эркин фаолиятга тўсқинлик, таниш-билишчиликка йўл қўйиш  каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Фермерларнинг ўзлари айтишича, уларда қонуний равишда хўжалик ишини юритиш имконияти мавжуд эмас.

Улар, шу ҳудуддаги қишлоқ аҳолисини ишга қабул қилиб, ишсизликка барҳам беришга молиявий жиҳатдан қодир эмаслар, шунинг учун фақат қариндош-уруғларини хўжалик даласида ишлатиб, меҳнат учун тўловни солиғини тўламасдан ноқонуний равишда амалга оширишга мажбур бўлмоқдалар. Фермер хўжаликларига қарашли ерлар уларнинг раҳбарлари томонидан қишлоқ аҳолисига бир мавсум ёки бир йил муддатига сотилади ва ҳосил ўрнига ерларни сотиб олганлардан йиғилган пул топширилади.

Баҳор келиб, далаларда экин-тикин жараёни бошланганда, айниқса, фермер хўжаликларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашда катта муаммо юзага келади. Мазкур муаммо фермерларга ёқилғи тарқатувчи ташкилотлар томонидан атайин юзага келтирилади ва уларга қўшимча пул ишлаш имконияти туғилади. Ишнинг қайноқ вақтида техника тўхтаб қолса, фермер нима қилишни билмай қолади. Шунинг учун ҳам фермерларнинг ҳукумат идоралари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга бу юзадан шикоятлари кўп бўлмоқда.

Лочинбек САМАНДАРОВ

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares