Mаҳкаманинг ноқонуний ҳукми бир инсон умрини барбод қилиши мумкин

– Шу йилнинг 18 апрель куни  шундай бўлди. Суднинг ғайриқонуний ҳукми бир йигитнинг гулдек умрига қора чизиқ тортди,- дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамов.

Гап шундаки, Навоий шаҳридаги Ғалаба шоҳ кўчаси, 115-уй, 61- хонадонда яшовчи фуқаро Шуҳрат Расулов 2013 йилнинг 11 январь куни Навоий шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси А.Жумаевнинг ғараз мақсадда чиқарган ноқонуний қарорига асосан жиноят иши қўзғатилиб, шу кунга қадар хибсхонада сақланаётган эди.

– Ушбу жиноят ишининг қўзғатилишига аслан енгилтабиат бўлган аёл Гулнисо Умарованинг товламачилик мақсадида ИИБ терговчиси А.Жумаев билан ўзоро тил бириктирган ҳолда, 2013 йилнинг 2 январ куни туҳмат ва бўҳтонларга асосланган шикоят аризаси асос бўлган.  Ҳозирги кунда Г.Умарованинг 2 январь кунги шикоятини талабимизга биноан топиб бўлмаяпти. Мазкур шикоят аризаси шу кунга қадар айбланувчи томонга тақдим этилмаган, сир сақланмоқда. Шикоят ариза ИИБда рўйхатга олинган жойидан ғойиб бўлганлиги айтилмоқда. Бир сўз билан айтганда фуқаро Шуҳрат Расуловнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун суд-ҳуқуқ идоралари томонидан мутлақо имконият қолдирилмаётир,-дея ташвишланади ҳуқуқ фаоли.16 апрель куни  Ш.Расуловнинг жиноят иши судда  кўрилиши борасида гумондорнинг онасига норасмий хабар етиб келди.

Норасмий хабар рост бўлиб чиқди. 2 кун давом этган маҳкама 18 апрель куни ўз ишини якунлади. Суд ҳукмига асосан Шуҳрат Расулов 8 йил озодликдан маҳрум этилди.

Эслатиб ўтамиз, даставвал, Шуҳрат Расуловга нисбатан ЎзЖКнинг 131-моддаси (қўшмачилик) билан иш қўзғатилганди, кейинчалик, бу
айбловнинг ўрнини ЎзЖКнинг 118- ва 119- моддалари эгаллади. Яъни Ш.Расуловга нисбатан  аёлни зўрлаш, нотабиий йўллар билан шаҳвоний ҳирсни қондириш билан боғлиқ айблов эълон қилинган эди.

– 25 ёшга тўлиб улгурмаган Шуҳрат 35 ёшли аёлни мажбурлашда айбланди. Аниқроғи, айбсиз айбдор бўлди, – дейди ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов, – Бироқ ҳақиқат шундаки, аёл ва эркак ўртасида жинсий қовушиш бўлганлиги рост. Бироқ буни мажбурлаш, нотабиий йўллар билан шаҳвоний ҳирсни қондириш жиноятига мутлақо алоқаси йўқ. Чунки, Шуҳрат ва Гулнисо ўртасидаги жинсий алоқа ҳар иккала томоннинг ўзоро хоҳиш-иродаси, айтиш мумкинки, келишувига мувофиқ содир бўлган. Янаям аниқроғи, жинсий эҳтиёжни қондириш борасида ўзоро савдолашув – маблағ,  пул масаласи кўмакка келган.

Аммо, азалдан маҳаллладоши бўлган Навоий шаҳар ИИБ терговчиси А.Жумаев билан жиноий тил бириктириш орқали илгари ҳам  бир эмас, бир нечта эркакларни шантаж орқали чув туширган, маҳкамага тортилишига сабаб бўлган  Гулнисони Шуҳратнинг бир кеча учун  берадиган арзимас чойчақаси қониқтирмади. Провардида, у ўз одатига кўра қўрқитиш йўли билан мижозидан мўмайроқ фойда қилишни кўзлаган эди. Бироқ, бу гал аёл кўзлаган режа амалга ошмай қолди. У талаб қилган маблағни  Ш.Расуловнинг  ҳамёни кўтармади. Оқибатда ушбу “ошиқ-машуқ” ўйини ёш бир йигитнинг жувонмарг бўлиши билан якун топди. Бизнинг қўлимизда Шуҳрат Расуловнинг айбсизлигини исботловчи далиллар етарли. Бироқ, минг афсуски, суд рад этиб бўлмайдиган бу далилларга негадир кўз юмаётир, – дея ташвишли хабар беради Ш. Рустамов.

Биз ушбу мавзуга барча тафсилотлари билан яна қайтамиз.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Матбуот хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares