“Yoshlar” телеканалида “тозалаш” компанияси авж олган

Шу кеча кундузда “Yoshlar” телеканалида 16 нафар журналист ходимлар нишонга олинганлиги айтилмоқда. Гапнинг индаллосини айтганда, “Yoshlar” телеканали раҳбарияти ўгай кўз билан қарайдиган 16 ходим ўз иш ўрнини йўқотиш арафасида.

Маълумки,  Халқ таълимига оид янги қонучиликка асосан инглиз тили фани ўрта умумтаълим мактабларида 1-синфданоқ ўқувчиларнинг дарс жадвалидан ўрин оладиган бўлди.

Ҳаммаси ана шу даҳмазадан кейин  бошланди.

Аниқроғи, мазкур кўрсатма “Yoshlar” телеканали директори Хайрулла Боқижоновичга кўзга чиққан суялдек бўлиб қолган айрим “етимча” кадрлардан қутилишда қўл келадиган бўлди.

Мамлакат умумтаълим мактабларида “инглиз тилини ўрганамиз” шиорининг оммалашуви баҳона Х.Нуриддиновга Худо берди.Ҳукумат қароридан илҳомланган  “Yoshlar” телеканалининг ҳозиржавоб директори каналдаги барча муҳаррирларга бир хилдаги талабни қўйди: 1 майга қадар болаларга инглиз тилидан сабоқ беришга мўлжалланган янги кўрсатув лойиҳасини тасдиқдан ўтказишингиз, мазкур мавзудаги илк дастурни эфирга узатишингиз шарт. Акс ҳолда лаёқатсизлигингиз исботи ўлароқ ишдан мосуво этиласиз!, деди у қатъий.

Қизиғи шундаки,  бутун бир бошли телеканал журналистларини бир жойга жамлаб, амру фармон берган Хайрулла Боқижонович куни кеча негадир 16 нафар муҳаррирни ўз ҳузурига алоҳида чорлади:

“Ландовурлар! Қўлингиздан бир иш келмаслигини биламан! Сариқ чақага қиммат кадрсиз. Бу аён! Билиб қўйинг, 10 кун давомида мактаб ўқувчиларига мўлжалланган инглиз тилини улуғловчи кўрсатувни қойилмақом қилмас экансиз, барчангизнинг жавобингизни бераман!”, дея одатдагидек дағаллик билан дағдаға қилди у.

– Телевидениеда кўнгилдагидек кўрсатув тайёрлаш биргина муҳаррирга, журналистга боғлиқ жараён эмаслигини биласиз. Бунинг учун яхши лойиҳадан ташқари салоҳиятли тасвирчи, малакали режиссёр, иқтидорли монтаж устасининг меҳнат уйғунлиги лозим бўлади. Бундан ташқари, энг аввло техника, тасвирга олиш воситалари билан таъминланишимиз зарур. 10 кун ичида бира тўла 16 кишини тасвирга олиш камераси билан таъминлашга техника таъминоти бўлимининг қурби етармикин? Монтаж хоналари ҳам камёб-ку?, – деди етакчи тележурналистлардан бири, деди-ю, нақд балога қолди.

– Излаган имкон топар! Бизга баҳона эмас, кўрсатув керак!, – деди Нуриддинов кибр билан. Унинг беписанд сўзлари тишлари орасидан сизиб чиқди, – Мана, масалан, мен ҳам кўрсатув муаллифи, ҳам режиссёр, ҳам монтаж устасиман, – керилди у, кейин бирдан тутақиб кетди, – Малакали мутахассис бўлишни истасангиз, ҳар учала жабҳани ҳам қойиллатишингиз керак! Йўқ, сизлар ундай қила олмайсизлар! Қотиб қолгансизлар, қотиб! Қўлларингиздан гап қайтаришдан бошқаси келмайди. Айтдимми, тамом. 10 кун ичида битта кўрсатув “есть” бўлиши шарт! Акс ҳолда барчангизни ковушингизни тўғрилаб қўяман!

“Журналист ҳам режиссёр, ҳам монтаж устаси, ҳам телеоператорлик ишини уддалаши лозим бўлса, у ҳолда ЎзМТРКга монтажчи, тасвирчи, режиссёр деган нонхўрларнинг кимга кераги бор? Штатларини қисқартириб қўя қолинглар унда”, деди елка қисиб ўтирган журналистлардан бири. Бироқ унинг овозини ўзидан ўзга ҳеч ким эшитмади. Чунки, у алам билан ўз кўнглида гапирганди-да!…

– “Yoshlar” телеканалими бу, ё инглиз тилини ўргатишга асосланган телеўқув клубими? Агар Хайрулланинг ақли жойида бўлса, бира йўла 16 нафар журналистга бирваракайига бир хил топшириқ берган бўлармиди?  Йўқ, хуши  жойида эмас бу боланинг, эси оғиб қолган, – ёзғирди  “Ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси дастурлари” бош муҳарририятига яқингинада “бадарға” этилган тележурналистлардан бири. – Йўқ, бу шайтон 10 кун ичида 16 ходимни техника билан таъминлашнинг умуман имкони йўқлигини жуда яхши билади.  Бир кўрсатувнинг ижодий жараёни учун 10 кунлик муддат камлигидан ҳам хабардор. Шуни била туриб зуғум қилишидан муддаоси бўлакча: шу йўл билан “иқтидорини намойиш эта олмади, ўз касбига лаёқатсиз” деган “дигоноз” билан ўзи “ўгай”, деб ҳисоблайдиган биз каби ходимлардан бира йўла қутилмоқчи, – тахминлайди  суҳбатдошимиз.

Эртага нима бўлади, буниси бизга номаълум. Элдан бурун фол очиш фикридан йироқмиз.  Зеро биз башоратчилик илмидан воқиф эмасмиз. Нима ҳам дердик… Воқеалар ривожини кузатамиз…

Шербек РАСУЛБЕКОВ

тележурналист

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares