Куни кеча Ўзбекистонда бўлиб ўтган нуфузли анжуманларнинг бирида Республикада қад кутарган уй-жой иншоатлари “кўз-кўз” қилинди.
Аҳолининг фаровонлигини ошириш мақсадида барпо этилган бу бинолар қай бир ҳудудда қай шаклда қадр ростлаганини билмадиму, аммо, Самарқанднинг Оқдарё туманидаги Даҳбет қўрғонига кираверишдаги замонавий шаклдаги уйлар ҳашар йўли билан тикланганидан хабарим бор.
Тўғри, ҳар бир туманда замон талабига жавоб бера оладиган наъмунавий уй-жой биноларини қуриш, кичик посёлкалар барпо қилиш ишларига давлат томонидан салмоқлигина сармоя ажратилган эди.
Масаланинг моҳиятини англаб етмаган туман ҳокимлари уй-жой қурилишига ажратилган маблағни ўзга мақсадларга йўналтириб, қурилиш ишларини пайсалга солишган эди. Бу ҳолат Оқдарё туманида яққол кўзга ташланди.Туманимизга ташриф буюрган Бош вазир Шавкат Мирзиёев режадаги уй-жой қурилиш ишларининг улда-жулда эканлигини кўриб, кўзи чиқиб кета ёзди. Бу ўтган йилнинг ноябрь ойида содир бўлганди.
“Мен билмайман!, – дағдаға қилди, Бош вазир Оқдарё туман ҳокими Бердибоевга, – Қандай бўлмасин янги йилгача белгиланган объектларни қурасан! Битирасан! Акс ҳолда терингни шилиб, самон тиқаман!”
Ноилож қолган Оқдарё туман ҳокими ҳудуддаги барча коллеж, ташкилот ва корхоналарга ўлпон солди: “Ҳар бир раҳбар ўз ташкилотидан 50 нафар ходимни қурилиш ишларига сафарбар қилиши шарт!”
Шу алфозда қахратон қиш, декабрдан қурилиш ишларини бутлашга зўр берилди. Ҳоким жанобларининг амрига биноан тумандаги барча коллеж, лицей, корхона-ю ташкилотларнинг ҳар биридан 50 нафардан талаба ва ходимлардан иборат қурилиш отрядлари ташкил этилди.
– Бу биноларнинг ноябрь ойига қадар фақат пойдевори – фундаменти қуйилган эди, холос. 3 ой қишда уйлар қад кўтарди, пардоздан чиқарилди. Ҳали айтганимдек, бу биноларнинг қайд кўтаришида малакали қурувчилар эмас, асосан коллеж ўқувчилари хизмат қилишган. Қурувчиликдан бехабар болаларнинг қандай иш кўрсатиши ўзингизга маълум. Хўжакўрсингагина қуриб, битказилган холос. Бу уйларга кириб яшайдиган одам аввал обдон таъмирдан чиқариб, кейин истиқомат қилиши мумкин бўлади, – дейди Даҳбет қўрғонида истиқомат қилувчи усталардан бири.
Уста айтганидек, “биздан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида қад ростлаган биноларнинг ростдан ҳам “сирти ялтироқ, ичи қалтироқ” эканлигига бориб кўрсангиз, гувоҳ бўласиз. Бино ичи ҳалитдан тутдек тўкилиб, оҳорлари қўпорилиб ётибди.
Қачон “план” учун, Хўжамкўрсин учун эмас, инсон учун, ўз фаровонлигимизни ўнглаш учун ишлашни ўрганамиз экан-а?
Бунисиям етмагандек, билмадик, кимнинг фатвоси билан, ҳарқалай, Бош вазир Мирзиёев жанобларининг амри билан бўлса керак-да, Самарқанд вилоятидаги ишчи-хизматчилардан тортиб, ҳатто кексаларнинг нафақа пуллари ҳам ўша келган меҳмонларга кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун барпо қилинган уй-жойларни қад кўтариши харажатларига ўйламай-нетмай “тикиб” юборилган. Ё шу уйларнинг “кўз-кўзи”ни кўриш учун келган ҳорижлик меҳмонларнинг чиқимига харж қилишганми, ким билсин. Мана, энди пенсионерлар, ўқитувчи, шифокорларнинг бола-чақаси энди нима еб-ичади, деб ўйлайдиган бирорта валломат йўқ. Айни дамда Самарқанд вилоятидаги ишчи ходимлару нафақахўрлар бир-икки ойдан буёғига ойлик маошларини ололмасдан ранглари самон бўлиб юришибди.
Мақсуда ҚИЛИЧЕВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



