
Э-эээй, бу юртда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шунақанги ишлар бўладики, айтсанг тилинг куяди, айтмасанг, дилинг!
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошшоқлашиб қолибди. Энди бундай нуфузли вазирликни тарқатиб юборса ҳам бўлаверади. Акс ҳолда ушбу Вазирликнинг гадолари борган ерларида тиланчилик қилиб, Ўзбекистондек мамлакатнинг нуфузига путур етказади-да!
Шу йилнинг апрель ойи иккинчи ўн кунлигида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини тафтиш қилиш мақсадида мазкур тизим Вазирлигидан хизмат сафарида бўлган казо-казо шифокорлар шарманда қилди-э, одамни!
Афтидан, Соғлиқни Сақлаш вазирлиги хизмат сафарига борган ходимларининг сафар харажатларини, меҳмонхона чиқимларини қоплай олмайдиган кўринади. Акс ҳолда Самарқанд туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарияти келган “комиссия”нинг меҳмонхона харажатларини қоплаш учун шифокору ҳамшираларга киши бошига 5 000 сўмдан солиқ солмаган бўларди.Шунинг ўзигина бўлса, кошки! Соғлиқни Сақлаш вазирлигидан келган текширувчиларнинг меҳмонхона чиқимларини тўлаш Самарқанд туман шифокорларининг гарданига тушган бўлса, “меҳмон”ларнинг еб-ичишини “кўтариш” Самарқанд шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси чекига тушди.
Шунингдек, келган “комиссия” аъзоларини рози-ю ризо қилиб, оғизларини ёғлаб юбориш анъанаси ҳам эътибордан четга қолган эмас. “Комиссия” аъзоларининг ҳар бирларига 2-3 та юзталикнинг кўкидан узатиш ишларига вилоятдаги барча туман шифокорлари ойлик маошлари ҳисобидан ҳашарга келишди. “Кўпдан қуён қочиб қутилмас” деб мана шунга айтсалар керак-да!
Уят-э! Меҳмонхона харажати учун ҳамширалардан 5 000 сўмдан сўраш тиланчилик эмасми? Соғлиқни Сақлаш вазирлигининг казо-казо мутасаддилари ўз амаллари, иш ўринларини алмаштирсалар, энгиларидаги оқ халатларидан халта ясаб, гадоликни касб этсалар бўларкан! Ўзбекистон учун, Соғлиқни сақлаш тизими учун нақадар иснод, нақадар шармандалик бу!
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



