Эркин Турдимов Мирзиёевнинг меросхўри…ми?

Яқингинадаям Ўзбекистон Президенти мамлакатда қариндош-уруғчиликка чек қўйиш ҳақида куйиб-пишганди.

Бироқ, Президент Каримовнинг бу борадаги қайғуришлари кимсан Навоий вилоят ҳокими Эркин Турдимов учун уч тийинга қиммат.

Гап шундаки, ҳокиму мутлоқ Турдимов жаноблари ўзининг уч йиллик амалидан фойдаланиб Навоий вилоятидаги барча юқори лавозимларга, айтиш мумкин бўлса, “ёғли” жойларга  Самарқанд вилоятидаги қариндош-уруғлари,  таниш-билишларини жойлаб бўлди ҳисоби. Шу маънода Эркин Турдимовга ҳеч бир иккиланмасдан маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик дардига мубтало бўлганлардан дея “ташҳез” қўйиш мумкни.

У ёғини сўрасангиз, яқиндагина Кармана туманига ҳоким этиб тайинланган  Шарофиддин Исматов ҳам Турдимовнинг жияни бўлиб чиқди.Мамлакат каттаси  қариндош-уруғчиликка барҳам берилсин, дея қанчалар юраги қон, дили хуфтон бўлишига қарамасдан, Каримовга кимсан ҳам демасдан, Эркинжоннинг бу қадар эркалигига сабаб не?

Эркин Турдимовнинг бу қадар тантиқлигининг боиси бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг шогирди эканлигида. Бу ҳақиқатни бугун вилоятда ёшу қари, барча бирдек жуда яхши билади.

Айтишларича, шахсан бош вазир Шавкат Миромоновичнинг ўзлари қўллаб турганлиги учун ҳам Навоий вилоят ҳокимининг барча ноқонуний ишлари ва жамики қора қилмишлари ҳамиша босди-босди бўлгани бўлган. Бундан ҳаволанган Эркин Турдимов эса талтайиб кетган, босар-турасини билмай қолган.

Фирдавс  НАРИМОНОВ

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Навоий вилоят бўлими фаоли

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares