Йўқ, ишонинг, ростдан ҳам Ўзбекистон расмийлари саросимада. Айни дамда улар ёшларни ўз измларига бўйсундиришга зўр беришмоқда.
Амалдаги ҳукумат мамлакат ёшларини “ўз йўлларига солиш, бўйсундириш” ишларига бор кучини сафарбар қилган. Айни мақсадда лицей ва коллеж ўқувчиларидаги бўйсунувчанлик хусусиятини шакллантириш мақсадида “гипноз” қилиш амалиёти бошлаб юборилган.
Талабаларни “қулоқли”, “кўникувчан ва гапга кирувчан” қилиб тарбиялаш, улар онги, шуурига шукроналик туйғусини сангдириш мақсадида ҳукумат бадиий тўқималар билан йўғрилган ҳужжатли фильмлардан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.
Пойтахт Тошкент ва барча вилоят коллеж ва лицей ўқувчилари дарс машғулотларидан кейин Афғонистон, Қирғизистон, Ливия, Сурия, Тунисда бўлиб ўтган ҳукумат тўнтаришлари, талотўплар, қуролли тўқнашувларнинг даҳшати акс этган “Тинчлик учун кураш” деб номланган бир соатдан ошиқроқ ҳажмга эга бўлган ҳужжатли фильмни томоша қилишга мажбур этилмоқда.Куни кеча Сирдарё академик лицейларининг бирида ҳам Афғонистон ва бир қатор араб мамлакатларида бўлиб ўтган қуролли тўқнашувлар, хунрезликлар акс этган “Тинчлик учун кураш” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
– Ушбу фильмда ҳамма бир-бирларини отган, ўлдирган. Кўчаларда қон ариқдаги сувдек отмоқда. Қаровсиз қолган гўдаклар чирқираб йиғламоқда, – дейди, “Тинчлик учун кураш” фильмидан таъсирланиб чиққан лицей ўқувчиларидан бири ҳаяжон билан, – Журналистлар биз тенги ёшлардан интерьюлар олишган. Нотинчлик ҳукм сурган юртнинг биз тенги болалари “Уруш ёмон, у бизнинг мактабларимиз ёпилишига, ўқишларимиз қолиб кетишига сабаб бўлди. Ота-онамиздан айирди. Уйларимизни вайрон қилди. Минглаб одамлар бошпанасиз кўчада қолишди”, дея ғуссага ботиб қолишган.
Улар болалик бахтидан маҳрум бўлишган…
– Бу қиссадан қандай ҳисса чиқардингиз? – савол бердим суҳбатдошимга.
– Нима бўлишидан қатъий назар, биз ёшлар тинчликни қадрига етишимиз, осойишталикни асраб-авайлашимиз керак. Биз Ливия, Тунис каби мамлакатларда бўлаётган хунрезликларни бошқа бирор бир элда такрорланишини истамаймиз, – дейди нигоҳларида қўрқув қотиб қолган қизалоқ.
Араб мамлакатларда бўлиб ўтган давлат тўнтаришларининг, қуролли тўқнашувлар, қонли кунлар дахшати акс этган “Тинчлик учун кураш” номли махсус фильм ҳукумат буюртмаси билан суратга олинганлигига ва кенг жамоатчиликка, айниқса, юзлаб коллеж ва лицей биноларида – миллионлаб ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилаётганига қараганда, Ўзбекистон ёшларини қўрқув ва саросимада ушлаб туриш илинжида махсус ҳужжатли фильм яратиш ишларига давлат бюжетидан салмоқлигина сармоя ажратилган кўринади.
Шахсан бизлар ҳам тинчлик тарафдоримиз. Қон дарё бўлиб оқишини эмас, курашлар қурбонсиз бўлишини истаймиз. Хўш, барчамиз бирдек тинчликсевар эканмиз, у ҳолда нима қилиш керак?
“Тинчлик учун кураш”- “Араб баҳори”ни, уруш даҳшатларини тасвирлайдиган махсус фильм яратиш, ёшларни даҳшатга солиш, қўрқув исканжасида ушлаб туриш илинжида уни намойиш қилиш – осойишталикни асраб қолишнинг энг мақбул усулими сизнингча? Ўзбекистонда тинчликни сақлаб туришнинг энг самарали йўли шу деб ўйлайсизми ҳали?
Бизнингча, бундан-да самаралироқ усуллар мавжуд. Малол келмаса, тумшуғи кўтарилиб, боши кўкка етганидан бурнининг тагидан ўзга ерни кўра олмай қолган Ўзбекистон ҳукуматининг “тинчликсевар” расмийларига мамлакат осойишталигига кафил бўла олувчи баъзи бир омилларни тавсия қилган бўлардик:
а) Амалдаги ҳукуматни узоқ урмр кўришини истайсизми – мамлакатнинг издан чиққан иқтисодини кўтариб қўйинг!;
б) Тинчлик ҳукм суришини хоҳлайсизми – халқнинг турмуш фаровонлигини оширинг;
в) Тинчликсевар “чиновник”лар, осойишталик барқарор бўлишини орзу қиласизми – адолатлироқ бўлинг!
г) “Араб баҳори” содир бўлишидан қўрқасизми – фуқароларнинг арз-додларига қулоқ тутинг;
д) Тинчликпарвар амалдорлар, кўнглингиз хотиржамлик истайдими – порахўрликка чек қўйинг;
е) Ишчи ўринларини бунёд қилинг;
ё) Деҳқонларнинг пешона терини, ишчи- ходимларнинг хизмат ҳақини муносиб баҳоланг;
ж) Пахта монополиясидан, болалар меҳнатидан воз кечинг;
з) Ҳамённи ўйламай, хорижга пулламай, ўз элингизга электр, газ беринг!
(И, Й, К, Л, М… қолган зарурий талаблар бандини ҳукуматда мудраб ўтирганлар давом эттира қолсин)
Хўш. Қўлингиздан келадими шу? Келса, ҳаракатингизни қилинг, келмаса, курсингизни бўшатиб қўйинг!
Ҳукуматни ҳукумат сифатида устундек даст кўтариб турувчи ана шу олтин қоидаларга амал қилмас экансиз, эл ғамини чекмас экансиз, араб мамлакатларидаги тўнтаришлар, хунрезликларни акс эттирувчи чўпчакнамо фильмларга миллиард-миллаирд маблағ харж қилган тақдирингизда ҳам, бу уринишингиз тинчлик ўрнатилишига кафолат бўла олмайди… Оч қулоққа қўшиқ на ҳожат деганларидек, бу каби чўпчакларингиз одамларнинг қорнини тўқ, устини бут қилмайди, қилаолмайдими, демак, бу усул билан ёшу-қарини, оммани тинчлантира олишингиз душвор, бизнингча…
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



