Бизнинг ҳудудда бирор буйруқ, қарор, фармон, қонун ёки қоидани бажаришдан кўра, уни бажаргандек бўлиб кўриниш муҳим аҳамият касб этади. Бу – ҳокимият амалдорларидан тортиб оддий фуқарогача барча-барчасига ёпишиб олган қизиқ бир одатдир. Мазкур хусусият мавжудлиги исботини Урганч марказий деҳқон бозорида яққол кўриш мумкин.
Бозорнинг бошидан, дарвоза олдидан бошлайдиган бўлсак, у жойда ерда ўтириб, писта, сигарета ва бошқа майда-чуйдаларни сотадиган кампир, чол ва аёллар ўрин эгаллашган. Шунингдек, қора валюта бозорини ташкил этувчи долларчилар қаторлашиб туришади.Бугунги кунда бошқа бозорлар каби бу бозорни ҳам тартибга солишга ҳаракатлар кўп бўляпти. Марказ Тошкентдан ҳукумат назоратчилари тез-тез келиб, тартиб ўрнатиб кетаяптилар. Юқоридаги долларчилар ва пистачиларни Тошкентдан одам келганда ҳайдаб, тумтарақай қилишади. Ҳатто айрим қора бозор валютачиларини машинага босиб, қаёққадир олиб ҳам кетишади.
Лекин, марзказдан келган ҳукумат назоратчилари кетганидан кейин яна эски ҳолат давом этаверади. Долларчилар ҳам, пистачилар ҳам бемалол ўз ноқонуний фаолиятларини давом эттиришади. Текширувчилар яна келишса, яна йўқолишади ва кетишса яна пайдо бўлишади.
Бозорнинг чап тарафида қатор дўкончалар мавжуд. Уларнинг орқаси бостирма қилинган бўлиб, шу бостирма остида кўздан нари кийим-кечак, саноат моллари бозорчаси шаклланган эди. Тош келса кемириб, сув келса симирадиган тижоратчилар шу ерда қўлбола темир таглик устида савдогарлик қилардилар. Кейинги даврда шу жойлар йиқиляпти, бостирмалар олиб ташланяпти. Дўкончалар йиқтитилиб, реконструкция қилиниб, ўзгартирилаяпти.
Ўша тижоратчилар эса, худди долларчилар каби Тошкентдан комиссия келганда йўқолишади, кетганидан кейин дарров бурчак-бурчакда пайдо бўлишади. Албатта, энди бостирма йўқ, кўпларининг дўкончалари йиқитилган, ерда ўтириб, қандайдир газлама ёйиб, молларини шунинг устига қўйиб, савдоларини юритишмоқда. Айрим дўкончалар марказ текширувчилари келганда ёпиқ туради, кетишлари билан яна савдосини давом қилдираверади.
Яна шуниси қизиқки, пластик карточка билан савдо текширувчилар келганда арзонлашади, кетганда нақд пул савдосидан анчайин баланд нархда юради. Ҳатто гўшт маҳсулотлари ҳам келганда арзонлашибб, кетганда қимматлайди. Расталарда ўтирмай, санитария-эпидемиология назоратидан ўтмаган озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик моллари билан дуч келган жойда савдогарчилик (олиб-сотарлик) қилиш текширув чоғи йўқ, ундан кейин ҳар бурчакда бор.
Бу ҳикояни истаганча давом эттирса бўлади. Қонуний савдо кўргазма учун ноқонунийси эса доимийдир. Ёз кунлари даладаги очиқ майдонда дастурхон ёзиб, овқатланиб ўтирсангиз, чивинлар ёпирилиб келади. Уларни сочиқни силкитиб ҳайдайсиз, сал нарига қочишади. Лекин тўхтаганингиздан кейин яна дастурхонга ёпирилишади. Мен одамларни чивинга ўхшатмоқчи эмасман, бироқ улар амалга ошираётган ҳолат анашу чивинлар ҳаракатига ўхшаб кетади, дейиш мумкин.
Балки, бу кўргазмали итоатнинг бошқа бирон сабаби бордир? Балки, вазият шуни тақозо қилаётгандир? Ҳозирча бу ҳақда бирон нарса дейиш қийин.
Лочинбек САМАНДАРОВ




