Жиззах вилояти, Зомин тумани Гулшан фуқаролар йиғинига қарашли Тешиктепа қишлоғи, Қайсар Маматмуродов кўчаси, 16-уйда истиқомат қилувчи Узум-боғдорчилик фермер хўжалиги раиси Саримсоқов Алиқул Жабборович билан маҳаллий ҳокимият ўртасида бир неча йилдирки низо аланга олиб келмоқда. Аниқроғи А. Саримсоқовнинг ҳақ талаблиги, ҳақиқатталаблиги маҳаллий ҳокимиятнинг жиғига тегмоқда.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 3 апрел куни “Birdamlik.info” сайтида Алиқул Саримсоқов томонидан 12 йилдирки оёғи узангидан тушмай келаётган Зомин туман ҳокими Ускан Азимовнинг кирдикорларини фош этувчи “Зомин золимининг зулмидан дод!” (http://www.wdscode.guru/birdamlik/?p=26917) сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.
Муаллиф ўз мақоласида Зомин туман ҳокими Ускан Азимовнинг 2000 гектар майдонга чигит қадаб, пахта ундириш ўрнига сувталаб бўлган полиз экинларини етиштириб, пуллаётганлиги ҳақида ҳикоя қилган. Шунингдек, А. Саримсоқов ҳоким У. Азимов раҳнамолигида тумнада рўй бераётган қатор ноқонуний ҳолатлар ҳақида ташвишланиб хабар берган.Минг афсуски, айни дамда Алиқул Саримсоқов томонидан тарқатилган ҳақиқатни ҳикоя қилувчи бу хабар унга жуда қимматга тушадиган бўлди. Аввалига Саримсоқов билан мобиль телефон орқали мулоқотга киришган Зомин туман ҳокими Ускан Азимов мақола, аниқроғи, шикоят ариза муаллифини хуморидан чиққунча бўралатиб сўкиб берди, очиқдан-очиқ таҳдид қилишга ўтди.
12 йиллик ҳокимнинг таҳдидидан ҳайиққан А. Саримсоқов мақола оммага ошкор қилиган кундан буён босимлар исканжасидан ҳимояланиш мақсадида эҳтиёт юзасидан пойтахт Тошкентда яшириниб юришга мажбур бўлди.
Айтинчи, деҳқон одам айни баҳор палласида даласини. экин-текинини ташлаб яна қанча қочиб юриши мумкин?! Ниҳоят, Алиқул ака бугун 16 апрель куни жонажон қишлоғига қайтишга қарор қилганди. Ҳали Саримсоқов 16 апрель куни ўз кулбасига қадам қўйишга ҳам улгурмаганди ҳамки, қувлаётган “қуён”ларининг ҳидини икки минг километрдан ҳам тез оладиган кўппак мисол Зомин туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари Тешиктепа қишлоғида ҳозиру нозир бўлишди. Провардида, Алиқул Саримсоқовнинг оёғини ерга теккизмай Зомин туман ИИБсига олиб кетишди.
Туман ҳокимининг кирдикорларини фош этувчи хабар тарқатган А. Саримсоқов Зомин туман ИИБ биносига “меҳмон” сифати киритилганида
соат 14 дан 37 дақиқа ўтган эди. Ўз тақдиридан ташвишланган Саримсоқов ички ишлар идорасига кира туриб, бу ҳақда “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Шуҳрат Рустамов ва “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқуловага телефон орқали шошилинч қўнғироқ қилиб хабар бераркан: “Қайтиб чиқмаслигим ҳам мумкин. Мабодо қайтмасам, тақдиримга бефарқ бўлманглар” дея олди, холос.
Маълумки, қонунчилигимизга кўра, ҳар қандай фуқаро суд қарорисиз ИИБда 3 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Зоминлик фермернинг тақдиридан ташвишланган “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси М. Эшонқулова қўнғироқдан роппа-рпоса 3 соат ўтгач, 17.37 да А. Саримсоқов билан боғланишга уринди.
– ИИБдан ҳозиргина чиқдим. Ҳаммаси жойида. У ердагиларнинг қўлида “Бирдамлик” сайтида чиққан шикоят – мақоламдан нусха бор экан. “Буни нега ёзиб, тарқаттинг” дея мени роса қийин-қистовга олишди… Ҳозирча тинчлик…. Қўйиб юборишди… Бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги ҳақида огоҳлантиришди… ИИБда бўлган гапларни телефонда айтиб бўлмайди. Бунинг учун кўришиб, гаплашиш керак. Насиб этса, кўришиб қолармиз, – деди телефон орқали бўлган мулоқот чоғида Алиқул Саримсоқов.
Чуқурроқ таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, одатда минглаб фуқароларнинг шикоят аризалари амалдорларнинг тортмаларида йиллаб чанг босиб ётади. Ҳатто, суд, прокуратура, ички ишлар идораларида ҳам. Ўзбекистонда мансабдорлар шунақанги суст ҳаракат қилишадики, кузатиб, ичингиз куйиб кетади.
Бироқ, ҳақ талаб, ҳақиқат талаб Алиқул Саримсоқов каби инсонларни “жиловлаш” борасида ҳукумат идоралари муттасаддилари шунақанги чаққон, шунақанги ҳозиржавобки, кўриб, ёқа ушлайсан киши: бунчалар тезкор бўлишмаса-а булар? Қойилмисиз?
Эртага нима бўлишидан қатъий назар, оддий фермер Алиқул Саримсоқов Ўзбекистонда, хусусан, Зомин туманида адолат ахтариб узоққа бора олмаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг мазкур туманда туғилиб-ўсганлигини инобатга оладиган бўлсак, ҳоким жанблари Ускан Азимовнинг илдизлари кимсан – шахсан Бош вазирга бориб тақалиши мумкин-а! Балки, Ускан акамизнинг 12 йилдирки ҳокимлик курсисида елимланиб туришининг асл сабаби ҳам айнан мана шу боғлиқлик – илдиз мустаҳкамлигидадир, эҳтимол, янаям ким билади дейсиз?!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Матбуот хизмати



