МУРДАДАН МУЛК ТАЛАБЛАР

Ҳой, яхшилар, нималар бўлаяпти ўзи? Тушунолмай, доғда қолдим-ку? Ҳали Ўзбекистон чегарасидан қўшни давлат чўли томон хиёл чиқсанг “Қазоққа қул керак, ўзбекка пул керак” дея битиб қўйилган осиғлик шиорга кўзингиз тушади. Тушади-ю руҳингиз синади. Бир қарасангиз, томоқ илинжида таннозлари тан сотади. Гувоҳи бўласиз-у ғурурингиз ер бўлади. Қай бирини айтай? Мана, энди бугунга келиб миллатдошларимиз мурдадан мулк талабгор бўлиб маҳкамама-маҳкама мунғайиб юришганларига куясизми, ўласизми?…

Шундай бўлди-да! Яна қаерда – Тошкенту азимда! Пойтахтда!

Ҳаммаси Ўзбекистон Фанлар Академиясига қарашли Биоорганик илмий текшириш институти  профессори, 80 ёшли Тўлқин Орипович Бобоевнинг бандаликни бажо келтирган кунидан бошланди.Гап шундаки, кекса профессор кейинги 10 йил давомида ўз уйидан бадарға қилинганди.

Оқибатда, у иккинчи оиласи, 10 йил бир ёстиққа бош қўйган рафиқаси Хадича Аҳмедованинг қўлида жон таслим қилди.

Бу дунёнинг нотантилигидан ҳаётни тарк этиб, ўлиб ҳам қутилмади домла шўрлик. Нима бўлди-ю, Ҳ.Аҳмедова майитни тупроққа қўяр-қўймай, Бобоевнинг ҳоки ҳали совуб улгурмай  собиқ хотини ва ягона ўғли марҳумга ишхонаси – Илмий текшириш институтидан мурда пули берармиш, деган гапнинг дарагини эшитиб қолишди. Эшитишди-ю, маблағнинг ҳидини олган она-ўғилнинг ҳаловати бузилди.  Тинч ўтирармиди, “қонуний хотинлик”  шаҳодатномаси – никоҳ қоғозини қўлтиқлаб марҳум эрининг ишхонасига уялмай-нетмай бош суқди аёл. Табиийки, расмиятчилик учун никоҳ қоғозининг соҳиби Дилбар Пўлатбековадан керакли ҳужжатлар талаб қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан туғишганими, бегонами, ким бўлишидан қатъий назар ўлим пули марҳумни дафн этган фуқарога берилиши кўзда тутилган. Бу қонун Пўлатбековани каловлантириб қўйди. Чунки собиқ эрининг жонозасида ҳам иштирок этмаган аёл марҳумнинг қай хилхонага дафн этилганидан ҳам бехабар эди.

Бироқ Ўзбекистонда қаловини топса, ҳамиша қор ҳам ёнади, биласиз-ку?

Ҳожатбарорлар ҳам ҳозиру нозир-да! Бу борада Учтепа туман Жарбулоқ маҳалла раиси Фозил Қодирўжаев мурдадан мулк талаб хотинга кўмакка келди. Яъни маҳалла оқсоқоли киприк қоқмай Илмий текшириш институтига  марҳум профессор Тўлқин Бобоев шу ерда, биринчи оиласининг уйидан охирги манзилга кузатиб қўйилганлиги – маҳалла қабристонига дафн этилганлиги хусусида сохта маълумотнома тақдим этиб,  мурдадан маблағ ундириш илинжидаги она-боланинг жонига аро кирди.

– Мен бундай қонунбузарлик ҳақида тегишли идораларга хабар бердим, – дейди Тўлқин Ориповичнинг иккинчи рафиқаси Хадича опа, – Туман прокуратураси текшируви натижасида  Учтепа туманига қарашли Жарбулоқ маҳалла раиси Фозил Қодирхўжаев имзоси билан Илмий текшириш институтига берилган маълумотнома қалбаки эканлиги исботланди. Шундай бўлишига қарамасдан, сохта қоғоз асосида Д.Пўлатова марҳумнинг ишхонасидан ўлим пулини олишга муваффақ бўлди.  Мен ҳозир ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилган маҳалла раиси Қодирхўжаевга нисбатан жиноят иши қўзғатишларини сўраганман.  Чунки профессорни мен тупроққа қўйганман. Мурда пули менга тегишли бўлиши керак. Менинг қонуний никоҳда эмаслигимнинг аҳамияти йўқ. Негаки, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида шундай дейилган. Қолаверса, домла билан бирга яшаган даврларимизда Тўлқин Ориповичнинг номига омонат дафтарчаси очиб, банкка 16 миллон сўм сармоя қўйгандик. Менинг қонуний никоҳда эмаслигимдан фойдаланиб, айни дамда умр йўлдошимнинг укалари банкдаги ўша омонатимизга ҳам кўз олайтирмоқда. Ҳозирда ўз ҳақ-ҳуқуқларимни тиклаш учун судма-суд юрибман. Гарчи ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилиб қалбаки маълумотнома бергани ўз тасдиғини топган бўлса-да, Жарбулоқ маҳалла раиси Фозил Қодирхўжаев ишдан четлатилган эмас, ойдеккина бўлиб амалида ўтирибди. Қонунларимиз ишламаганидан кейин адолат ўрнатиб бўладими?,  – куйинади суҳбатдошимиз.

Бу можорога оид маҳкама иши қандай якун топади, бу иккинчи масала. Биз эса  энг асосий томонини – воқеликни орият, адолат, инсоф-у иймон каби жиҳатларини одамийликнинг тошу тарозусига қўйиб, чамалаб  кўрмоқчи эдик…

Айтингчи, биз ўзбеклар мурдадан мулк умидвор бўладиган даражада шунчалар тубанлашиб кетганмизми? Нафс, жиғилдон илинжида тўрт танга тегармикин, дея амал курсимиз кўмагида қалбаки қоғозлар тўлдиришгаям қодирмизми? Моддият, пул илинжида виждонимизниям жиғилдонимизга урадиган даражада паст кетамизми? Кета оламизми? Шунчаликкаям  борамизми?…  Марҳумга бериладиган ўлим пулига кўз олайтиргандан кўра   одамнинг  ҳар нарса бўлгани яхши-э!

Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик”  Халқ  Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares