Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимизга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майкл Хаммер билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил тараққий этмоқда, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация қоидаларига мувофиқ конструктив ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш тамойиллари асосида ривожланмоқда.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакат манфаатларига дахлдор бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.Майкл Хаммер юртимизга ташрифи доирасида бир қатор илмий- тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларида ҳам учрашувлар ўтказди.ЎзА



