ЖЎЖАНИ КУЗДА САНАЙДИЛАР

Худди бошқа вилоятлардаги каби Хоразм вилоятида ҳам бу йил баҳорда кўкаламзорлаштириш ишлари бошқача бир тарзда кучайтирилди. Февраль ойиданоқ эски дарахтлар кесиб ташланиб, янги манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазиш учун узун ва кенг чуқурлар қазиб қўйилди. Бунга ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳашар орқали жалб қилинди.

Март ойига келиб, шаҳру қишлоқлар аро минг-миллионлаб, ҳатто бу ерларда учрамайдиган, қимматбаҳо дарахтларнинг ниҳоллари ўтқазиб ташланди. Уларнинг остига бир-икки марта сув ҳам қуйилди. Аммо шуни айтиш керакки, минглаб ниҳолларни ўтқазиш ҳар йили такрорланиб келаётган тадбирдир. Фақат шуниси қизиқки, бу билан боғлар, хиёбонлар, кўчалардаги дарахтлар кўпаймаяпти.

Нима учун? Чунки бирлари қаровсизликдан шу йилнинг ўзида қуриб қолади ва қуриган хивичга айланади, бирлари бир-икки йил кўкариб, томири тузли сувга етганда ҳаётдан кўз юмади, яна бирлари эса бизнинг экологик муҳитга мос эмаслигидан барбод бўлади. Энг асосий муаммо –  ниҳолларга ёз ойларида вақтида чучук сув етказиб берилмаслигидир.Буни қарангки, инсонлар ўзларининг шахсий ҳудудларида ҳар қандай шароитда ҳам ниҳолларни ундириб, дарахтзорлар яратиб, яшнатиб қўйибдилар. Лекин ундан бир қадам ҳам ўтмасликка онт ичгандай, салгина ниридаги дарахтларнинг қуришига бепарво қарайдилар. Жамоат боғларига, кўчалар ва хиёбонларга биркитилган боғбонлар “бегона дарахтлар” парваришига ўз шахсий боғларидагидай қарамайдилар.

Бир куни автобусда бораётганимда  бир киши  “Урганчдаги хиёбонларга Япониянинг сакура ва сафора дарахтини экишармиш, бу дарахт тузли жойни яхши яхши кўрар экан, шўр тупроқда ҳам ўсиб кетаверар экан” деб қолди. Шунда автобус ҳайдовчиси бир қизиқ гап айтди: “Унда шу дарахтларни хоразмликнинг пешонасига экиш керак экан”.

Ҳали бу йилги ниҳоллар ҳам қанча кўп бўлишига қарамай, униб кетиши гумонли.  Бир деҳқоннинг айтишича, ниҳол етиштириб берувчилар айтайлаб ниҳолларни унмайдиган қилиб берадиган ҳоллар ҳам бўлар экан. Сотиладиган ниҳолнинг томирини қайноқ сувга ботириб олишади ёки вақтинча кўкариб, кейин қуриб қоладиган қилиб дорилашади, дейди ўша деҳқон. Ниҳоллар унаверса, келаси йил кўчат сотувчининг савдоси юришмайди.

Менимча, бир тажриба ўтказиш керак. Шаҳардаги бир ҳуддуга мингтача ниҳолни экиб, унганини кузда санаб санаб кўриш керак. Шу қолганини яна бир йилдан кейин санаб кўрилса, ундан ҳам соз, аниқ хулоса чиқади.  Кўкаламзорлаштириш яхши иш. Яшаётган ҳудудинг гуллаб-яшнаб турса, бунинг нимаси ёмон.

Лекин натижа чиқмаса, ҳар йили шунча кўчат ўтқазилса-ю, атроф-муҳит тақир саҳрога айланиб бораверса, албатта, халқ ташвишланади, яна бу ёқда синоптиклар келгуси йилларда иқлим ўзгариб, ёзда ҳаво баттар иссиқ бўлишини башорат қилиб турсалар… Шунинг учун, келинг, жўжани кузда бир санаб кўрайлик.  Бу йилги ниҳоллар барчаси бўлмаса ҳам, кўпчилиги  униб, Хоразм яшнаб кетганидан баҳраманд бўлайлик.

Лочинбек САМАНДАРОВ

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares