Ўзбекистонда кредит банклари гўё қиморхонага ўхшайди. Унга омонат қўяётган мижозлар эса, “ё остидан, ё устидан” дея таваккал қилаётган, қиморга пул тикаётган қиморбозни эслатади. Бунингдек қиёс қилишимиз бежиз эмас, албатта.
2005-2006 йилларда негадир бирданига турли ном билан аталадиган кредит банклари баҳорги қўзиқориндай болалаб қолувди. Кейин билсак, “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деганларидек, бу бекорга эмас экан. Афтидан, ҳукуматнинг ўзи кредит банкларни кўпайтириш орқали аҳоли қўлидаги нақд пулларга кўз тиккан кўринади, аниқроғи, ана шу мини банклар кўмагида нақд пулларни йиғиб олишни, йўқ, адашдик, одамларнинг маблағини ўзлаштириб олишни режа қилган чоғи. Нега дейсизми?
Акс ҳолда “Инвест кредит союз”нинг Антонина Смернова каби мижозлари бугунги кунда банк деганларига ишониб бор бурдидан ажралиб қолмаган бўлишарди-да!– Мен “Инвест кредит союз” банкининг Тошкент шаҳар бўлимига ишонч ва умидлар билан 2008 йил бошида омонат қўйгандим. Оз эмас, кўп эмас, умр бўйи йиққан сармоямни – нақд йигирма олти ярим миллон сўмни. 2011 йилнинг 26 июнь кунида омонатчилар ва банк ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур мажлисда банк бошқаруви мижозлар олдида ҳисобот беришди. Банк раҳбариятининг ҳисоботига кўра, “Инвест кредит союз” банкининг молиявий аҳволи аъло даражада эди. Энди билсак, банк ходимлари биз омонатчиларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришган экан, – дейди, “Инвест кредит союз” банкининг Тошкент шаҳар бўлимига маблағ қўйган жабирдийда мижозлардан бири Антонина Ильичина.
– Буни қарангки, банк маъмуриятининг ўша ҳисобот йиғилишидан бир ой ўтгач, яъни, 2011 йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Марказий банкининг қарори билан “Инвест кредит союз” банки лицензиясидан маҳрум қилинди. Айтишларича, Марказий банк томонидан олиб борилган текширувлар давомида “Инвест кредит союз” фаолиятида бир қатор қонунбузарликлар, қаллобликлар аниқланган. Ана шу ноқонуний фаолияти мазкур банк лицензиясининг бекор қилинишига сабаб бўлган. Банкнинг ёпилиши натижасида куйгандан биз омонатчилар куйиб қолдик, – “мол аччғи – жон аччиғи” эмасми, суҳбатдошимиз зорланади дутаб.
Гап шундаки, “Инвест кредит союз” банкига сармоя қўйган Антонина Смернова ҳали ҳануз ўз маблағи – 26 ярим миллон сўмни қайтариб ололмай жони ҳалак.
Эслатиб ўтамиз, биргина А.Смернова эмас, лицензиясидан маҳрум бўлганлиги сабабли, иш фаолиятига якун ясаган “Инвест кредит союз” банкига маблағ қўйган 1200 нафардан ортиқ мижозлар ҳам икки йилдирки ўз омонатларини ололмай сарсон.
Таажжубли жиҳати шундаки, банкнинг ёпилиши туфайли азият чекаётган мижозлар ўз сармояларини қайтариб олиш мақсадида судга мурожаат қилишган. Бироқ, Ўзбекистон маҳкамаси доғда қолган мижозларнинг ҳақли талабларини қондириш, қўйилган омонатларни жабрланувчилар фойдасига қайтариш борасида негадир қарор чиқаришни лозим топмаётир.
Қиссадан ҳисса шуки, муқаддимада таъкидлаганимиздек, ҳукумат аввалига банк ниқобидаги қиморхоналарни бунёд қилган кўринади. Провардида, бу “қиморхона”ларга пул тиккан кишилар беўт куйиб қолишди. Бизнингча, бунингдек бедодлилар Ўзбекистон ҳукумати Марказий банк қўли билан 1200 нафардан ортиқ омонатчиларнинг маблағларини ўзлаштириб олишидан, ўмаришидан бошқа нарса эмас.
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекитсон бўлими фаоли



