Куни кеча 5 апрелда Олмаотанинг Демократия уйи биноси олдида Туркиянинг Қозоғистондаги маданият фонди ташкил қилган Наврўз шодиёналари бўлиб ўтди. Шодиёнани очган жамғарма раиси Аҳмад Доғдурон бу байрам барча туркий халқларнинг байрами эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Байрам шодиёналарида Озарбайжон, Туркманистон, Уйғуристон, Қрим татарлари маданият марказларининг лидерлари нутқ сўзладилар, шу миллатларнинг санъаткорлари ўз концерт номерлари билан қатнашдилар.
Қозоқ, турк, озарбайжон, Қрим татарларининг тилларида, ҳатто (ўзбеклар қатнашмаган бўлсаларда) ўзбек тилида қўшиқлар янгради, туркча, қозоқча ўзбекча рақслар ижро этилди. Қозоқ биродарларнинг “Қора йўрға”, уйғурларнинг, хоразмликларнинг лазги, озарбайжонларнинг ўйноқи ва маҳзун қўшиқларига барча байрам қатнашчилари рақсга тушишди.Қозоғистонлик адабиёт ва санъат намоёндалари, журналистлар, Туркия маданият жамғармасининг вакиллари, айниқса, фаоллик кўрсатдилар.
Кўплаб маданият жамғармаларининг вакиллари тўйга тўёна билан келишиб, столлар ясатишди. Столларга сомса, қовурдоқ, палов каби таомлардан тортиб, турли ширинликлар тортилди. Шунингдек, турли фирмалар, ижод уйлари ўз санъатларини намойиш қиладиган ҳунармадлик намуналари билан қатнашдилар.
Афсуски, Олмаотадаги ўзбек маданият маркази мутасаддилари бу шодиёнада қатнашишни ўзларига эп кўрмадилар. Камина, Демократия уйи оператори олаётган видиолентага ўзбеклар номидан гапириб, Н.Назарбоев олиб бораётган туркий бирлик сиёсати, бу ерда барча миллат вакиллари эмин эркин фаолият олиб бораётгани демократия белгиси сифатида кўрилаётгани ҳақида гапирдим. Қуйидаги мен олган суратларда байрам шодиёналари акс этган.
Ботир Норбой









