Маълумки, шу йилнинг 2-5 апрель кунлари Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида Civil Rights Defenders ташаббуси билан “Ҳуқуқ фаоллари кунлари – хавф-хатарга рўбарў келаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг потенциалини мустаҳкамлаш” масаласига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 130 нафар ҳуқуқ ҳимоячиларини бир жойга жамул-жам этишга муваффақ бўлди.
Қувончлиси шундаки, ана шу иштирокчилар орасида Ўзбекистон “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етачиси Елена Михайловна Урлаева ҳам бор эди.
4 кун давом этган халқаро анжумандан бир олам таассуротлар билан қайтган етук инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева билан бугун 10 апрель куни Тошкент шаҳрида “Альянс” аъзолари ва фаол ҳуқуқ ҳимоячиларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Елена Урлаева Стокгольм шаҳрида ташкил этилган тренинг ва семинарлар жараёнидан олган билим, малака ва кўникмалари хусусида тўхталаркан:– У ерда кўрган ва билганларимни бир-икки соатлик учрашувда тасвирлаб бериш мушкул. Бир сўз билан айтганда, мазкур Халқаро анжуман ҳуқуқ ҳимоячилари учун жуда катта мактаб бўлди. Тренинг ва сменарлар давомида Front Line Defenders ташкилотининг бош директор ўринбосари Эндрю Андерсон, шунингдек, Антуан Бернард, Бенедикт Бернер каби таниқли ва тажрибали мутахассисларнинг маърузаларини тинглаш имкониятини қўлга киритдик. Менда энг катта таассурот қолдирган воқеалардан яна бири шундаки, биз у ерда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётган оғир оғриқли мамлакатлардан келган маслакдошларимиз – ҳуқуқ ҳимоячилари билан танишдик, ўртоқлашдик, ўзоро билим-тажриба алмашишга муваффақ бўлдик, – дейди “Альянс” етакчиси мамнуният билан, – Шахсан мен шу ерда ўтирган барча сафдошларим бу каби Халқаро анжуманларда шахсан иштирок этишини ва билим, малакасини мустаҳкамлаб боришини истардим. Аминманки, Civil Rights Defenders бу орзуимнинг амалга ошишига замин ҳозирлаган. Яъни Civil Rights Defenders “Ҳуқуқ фаоллари кунлари” га бағишланган тадбирни ҳар йили ўтказишга қарор қилгани мени ниҳоятда қувонтиради.
Шунингдек, Елена Урлаева учрашув чоғида сафдошларига Швеция пойтахти Стокгольм шаҳридан, Халқаро анжумандан олиб келган эсдалик совғалари топширди. Ушбу совғалар орасида хавф-хатарга рўбару бўлиб қолган бутунжаҳон ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилишга мўлжалланган қўлсоат мисол резена билак тасма барчанинг эътиборини тортди.
Урлаевага кўра, ушбу билак резина тасмаси ҳуқуқ ҳимоячиларини хавфдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ҳақиқий билак тасмасининг хомаки нусхаси, аниқроғи, сувинер шаклидаги кўриниши. Қатор Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, хусусан, Civil Rights Defenders ташаббуси билан келажакда худи мана шу шаклдаги “ҳимоя тасмаси”ни яратиш ва ишлаб чиқариш режалаштирилган. “Компьютерлаштирилган бўлажак мазкур ҳимоя тасмасининг афзалликлари шундаки, уни билагига тақиб юрган ҳуқуқ ҳимоячиси ногоҳон хатарга учрагудек бўлса, унга куч ишлатар тизимлар томонидан зўрлик ишлатилса, билак тасма БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига автоматик тарзда хабар бериш хусусиятига эга”, дейди “Альянс” етакчиси.
Мазкур учрашувда “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси М. Эшонқулова иштирок этди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг навбатдаги дийдори мароқли ва мазмунли ўтди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Матбуот хизмати
Фотолар:







