КУНДУЗГИ ҚАРОҚЧИЛИК

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўз хизмат лавозимларини суиистеъмол қилиб, ўзбек-қозоқ чегарасини қонунан кесиб ўтаётган Ўзбекистон фуқароларидан қўрқитиш орқали пул ундиришда давом этмоқдалар.  Айниқса, бу Бейнау темир йўл бекати божхона назорати пунктида “кундузги қароқчилик” тусини олган.

Хоразм вилоят Янгибозор туманидан Г. Холматова “Бейнау-Қўнғирот” поезида уйига қайтаётган эди. Ҳарбий назоратчи Марат исмли сержант текшира туриб, унинг паспортидан камчилик топган ва 5 минг танга сўраган. Г. Холматова ўз хатти-ҳаракатида ноқонунийлик йўқлигини қанча тушунтирса ҳам, чегарачи ўз сўзида туриб олган, пулни бермаса, уни поезддан тушириб юборишини айтган. Г. Холматова 2 минг танга бериб зўрға қутулган.

Қўшкўпир туманида яшовчи Д. Жуманиёзов ва И. Матниёзовлар Атирау вилоятида пул ишлаб, уйларига қайтишда “Бейнау-Қўнғирот” поезидга билет сотиб олишган. “Бейнау” темир йўл бекатида кузатувчи пастпортларини текширгач, поездга ўтиришган. Поезд юриши олдидан овқатланишга ул-бул сотиб олиш учун пастга тушишган. Шунда уларни божхона назоратчилари Куаниш исмли капитан, Макс ва Асилбек исмли лейтенантлар ушлаб олиб, ҳужжатларини текширишган.Д. Жуманиёзовнинг паспортидаги 2-ойлик кириш-чиқиш муддати тўғрисидаги қайдномадан нуқсон топиб, 6 минг танга беришини сўраганлар.  Д. Жуманиёзов пулни беришдан бош тортгани учун ҳарбийлар паспортини қайтариб бермаганлар. Кейин Д. Жуманиёзов юртдошлари билан  вагонга қайтган ва поезд юриб кетган.  Натижада у  “Оазис” бекатидаги чегара назоратида поезддан туширилиб, Ўзбекистонга депортация қилинган.

Ўзбекистонлик йўловчиларнинг гапига кўра,  фуқароларни чегарадан нолегал тарзда ўтказиб қўйишга ихтисослашган уюшган жиноятчи гуруҳлар  ҳам Бейнау чегарачиларига суянар эканлар. Шулардан бири 20 минг қозоқ  тангаси эвазига Қозоғистондан Ўзбекистонга тўсиқларсиз ўтишни таъминлар экан. Шу пулнинг 3 минггини билетга, 17 минггини Қозоғистон чегарачилари сана-штампи учун олинади. Барча вазифалар бажарилгач, у “қоидабузар”ни “Бейнау-Қўнғирот” поездига ўтирғизади.

Қўшкўпир туманидан Х. Бекчанов, С. Искандаров, Б. Жонибеков, Н. Жонибеков ва О. Норбоевлар Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ишлаб, “Бейнау-Қўнғирот” поездида уйга қайтаётганларида Қозоғистонга кириш-чиқиш қоидаси бузилгани учун Паша исмли чегара  катта лейтенанти уларни поехзддан тушириб, ўн кунлик қамоқ ва катта жарима билан қўрқитган. Масаланинг ижобий ҳал қилиниши ва уйларига эсон-омон қайтишлари учун уларнинг ҳар биридан 16 минг қозоқ тангасини сўраган.  Ўзбекистон фуқаролари бунга рози бўлиб, талаб қилинган пулни берганлар. Паша қоидабузарларни Қозоғистон Республикасидан депортация қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари сифатида поездга ўтқазган. Поезд бригадири П. Алиевдан депортацияга тааллуқли актни сўраганида, у бу актни “Оазис” бекатида Қозоғистондан чиқиш пайтида беришини таъкидлаган. Аммо ҳарбий хизматчи у ерда ҳам бу депортация актини бермаган.

Хоразмлик фуқаролар, “Бейнау-Қўнғирот” поездида бундай воқеалар тез-тез бўлиб туришини, таъкидлайдилар. Ишга ва бошқа сабабдан сафарга кетганлар, Қозоғистондан ўтадиган поездга минар эканлар, қозоқ чегарачилари олиб қўйишларини билиб, телефонлари ва бошқа кўзга кўринарли, қимматроқ нарсаларини уйда қолдириб кетишга мажбур бўладилар. “Қозоғистондаги бекат назоратчилари поезддаги ҳар бир йўловчидан пул ундирмаса, кўнгли тўлмайди.  Паспортга босиладиган сана-штамп учун 500 дан 1500 тангагача бўлган нарх белгилаб қўйилган жойлари ҳам бор” дейишмоқда бу савдоларни бошидан кечирганлар.

 

Лочинбек САМАНДАРОВ

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares