Шу йил 2 апрель куни Урганч суратлар галереясида ўзбек рассомларининг “Обод турмуш тарзи” мавзуидаги “Илҳомлар дунёси” кўргазмаси очилиши хоразмлик ижодкорлар учун катта байрам тусини олди.
Менинг ҳис қилишмча, бизда рассомларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, фаолият уйғунлиги журналист ва адибларникидан кўра ортиқроқ туюлади. Мазкур кўчма кўргазма очилишида ҳам бу нарса яққол сезилиб турди. Кўргазмага кўп одам келди. Вилоятда тасвирий санъат намояндалари манбаига айланган Урганч маданият ва санъат коллежи дастгоҳли ранг тасвир бўлими, Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари ва устозлари, бошқа санъат ихлосмандларидан иборат ёш ва тажрибали ижодкорлар кўргазма билан танишиш жараёнида бир-бирлари билан қизғин мулоқотга киришиб кетишди. Кўргазма Ўзбекистон халқ рассоми ва ЎзБА академиги Акмал Икромжонов, ЎзБА Кумуш медали ва 6-Тошкент Биенналеси соврини соҳиби Файзулла Ахмадалиев, “Меҳнат Шухрати” ордени соҳиби Эркабой Машарипов, ЎзБА Ижодкорлар уюшмаси аъзоси А.Рахимов, ЎзР санъат арбоби ва ЎзБА академиги Отахон Аллаберганов, ЎзБА Қорақолпоғистон бўлими раиси Г.Изентаева ва кўпгина ЎзБА Ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирокида, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ш. Хўжаниёзова ва Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нур томонидан очилди.
Акмал Нур эътирофига кўра, кўргазмада юртимиз тасвирий санъатининг бой меросидан ўрин олган 46 та асарнинг факсимиль нусхалари ҳамда муаллифлик асарлари қўйилган. Кўргазма мақсади рангтасвир санътимизнинг бошланишидан то бугунги куннинг замонавий тенденцияларигача бўлган ривожини аниқ
ва тўлақонли ёритиб беришдан, кўп миллатли халқимизни гўзаллик дунёси билан ошно қилишдан иборат экан. Кўп йиллар тасвирий санъат пойдеворини қўйиб ва унинг тараққиётига муносиб хисса қўшган миллий мактабнинг улуғ дарғалари – Ў.Тансиқбоев, А.Волков, Л.Бурэ, Н.Кашина, М.Курзин, О.Татевосян, В.Уфимцев,
П.Беньковларнинг асарлари экспозиция асосини ташкил қилган. Шунингдек, кейинги ижодий авлод, янги пластик ва колористик ечимларга эга бўлган мавзу ва изланишлар билан ажралиб турувчи, ўтган асрнинг 70-80 йилларида кескин ўзгаришлар таъсирида яратилган ва Ўзбекистон замонавий ранг тасвири намоёндалари асарлари ушбу кўргазмада мужассам бўлди.
Етакчи рассомлар, академиклар томонидан кўргазма давомида нафақат зиёли ижодкорлар балки бу гўзаллик олами билан ошно тутинган оддий кишилар учун ҳам учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказилди. Маълум бўлишича, бу кўчма кўргазма бир ой давомида фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, кўчма кўргазма сабаби билан Хоразмга пойтахтдан ташриф буюрган тасвирий санъат арбоблари Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг янги реконструкция қилинган биносини ҳам очиб бердилар.
Мактаб-интернатда15 йилдан зиёд вақтдан буён қишнинг аёзли кунларида хоналари қизимайдиган, мослаштирилган ихтисос бўйича ва бошқа фанлардан дарс бериш шароитларига компьютер техникаларига эга бўлмаган бинода дарслар ўтиб келинарди. Шу шароитда ҳам катта ютуқларга эришаётган мактаб жамоаси замонавий имкониятларни орзу қилишарди. Ниҳоят орзу ушалди.
“Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил Инвестиция дастури тўғрисида”ги ПК 1668-сонли қарори ва Хоразм вилояти хокимининг 2012 йил 26 декабрдаги № 290 Қ сонли қарорига асосан, Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати қайта қуриб битказилди.
Шунинг учун очилиш маросимида мактаб жамоасининг юзларида қувонч балқиганини кўриш мумкин бўлди. Тушдан кейин Акмал Нурнинг мактаб-интернат ўқувчилари билан савол-жавоб учрашуви ўтказилди.
Бахтиёр МАҲМУДОВ,
хоразмлик журналист



