Баёнот (2018 йил 6 декабрь)

2018 йил 6 декабрь

​Биз Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф бўлган Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ  Демократик партияси (2018 йил 15-ноябрга қадар “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати) 2004 йилдан бери фаолият юритиб келмоқдамиз. Сиёсий фаолиятимизнинг бош мезони сифатида биз амалдаги режимга қарши нозўравон кураш усулини танлаганмиз. Ўтган давр ичида ўзимиз танлаган мана шу йўлдан оғишмай келяпмиз. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистондаги диктатура режими Ҳаракатимиз аъзолари ва фаоларимизнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини бузиб, кўп йиллардан бери тазйиқлар ўтказиб келмоқда. Бундай тазйиқлар бугунги кунга келиб ҳам ўзгаргани йўқ. Бунга ватанимизда ўтказилиши режалаштирилган Қурултойимизга тўсқинлик қилинишини, фаолларимизга бўлган босим, тазйиқ ва таъқиблар ҳамон тўхтамаётганини мисол сифатида айта оламиз. Мана шундай жиддий омиллар сабабли биз Қурултойни Қозоғистон ҳудудида ўтказишга мажбур бўлдик. Аммо биз Қурултойимизни Қозоғистон Республикасида ўтказишга ҳам эриша олмадик, бунга Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари тўсқинлик қилди.

​“Бирдамлик” Халқ Демократик партиясининг расмий веб-саҳифаси www.birdamlik.info га ҳамда Партиямиз муассислигида чоп қилинадиган www.mulkdor.com веб-саҳифамизга Қозоғистон Республикаси ҳудудида таъқиқ қўйилди. Қозоғистон чегарачилари мутлақо ноқонуний йўл тутиб  Партия раиси Баҳодир Хон Туркистонни Қозоғистон Республикаси ҳудудига киритишмади. Бошқа бир неча аъзоларимиз ҳам чегарадан ўтказилмадилар. Ўзбекистонда қўйилган тўсиқлардан базўр ўтган 3 нафар фаолимиз ва бир нафар меҳмонимиз Чимкентдаги “Дўстиқ” меҳмонхонасидан мажбурий тарзда, кучли босим остида Чимкент шаҳар Ал-Форобий туман Ички ишлар бошқармасининг Миграция бўлимига олиб борилиб, Қозоғистон куч ишлатар тизимлари, жумладан, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси, Уюшган жиноятчиликка ва терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида савол-жавобга тортилди ва Чимкент шаҳар Ал-Фаробий туман Ички ишлар бошқармасининг Миграция бўлими бошлиғи буйруғига биноан ҳеч изоҳсиз  мамлакатдан депорт қилиндилар.​ ​Meҳмонхоналарга икки кунга 60 кишига (50 киши “Дўстиқ” меҳмонхонасига ва 10 киши бошқа меҳмонхонага) ва Қурултой ўтиши мўлжалланган Конференц-залга тўлов пуллари олдиндан тӯлиқ тўланган бўлишига қарамай меҳмонхона маъмурияти томонидан “Бирдамлик”нинг баннерларини залга осиб қўйишга, зални 14 ноябрь куни кечқурун тайёрлашга изн берилмади. Натижада “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясининг Қурултой ўтказишига белгиланган баннерлари ва Қурултой учун харид қилинган қимматбаҳо оргтехникалар Қозоғистон куч ишлатар тизимлари томонидан мусодара қилинди. Мусодара қилинган нарсалар бўйича фаоллар қўлига ҳеч қандай ҳужжат берилмади.

​2018 йил 14 декабрь куни “Бирдамлик” ХДП фаолларининг “Дўстиқ” меҳмонхонасидан ноқонуний чиқарилиб юборилиши Чимкент шаҳар ва Туркистон вилояти телеканалларининг хабарлар дастурида Чимкент шаҳар Ал-Фаробий туман Ички ишлар бошқармаси йўлагига ўрнатилган видеокамерада туширилган тасвирлар асосида воқеликни мутлақо бошқача талқин қилинди. Мазкур телеканаллар “Чимкент шаҳрида Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукуматига мухолифда бўлган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди ва улар Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга чиқарилиб юборилди”, дея туҳмат ва бўҳтонларга асосланган хабар тарқатишди.

​Юқоридагиларни инобатга олиб, биз Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси фаоллари   Қозоғистон ҳукуматининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ўз норозилигимизни билдирамиз.

Ўзбекистон “Бирдамлик” Xaлқ Демократик партиясининг Бошқарув Кенгаши

Copyright © 2018 Birdamlik.Info