Ўзбекистон ёшлари орасида анчайин оммавийлашиб қолган odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғига кўз теккан кўринади. Гап шундаки, мазкур сайт шу йилнинг 4 апрель куни соат 21.00 да “ишдан чиқди”-ёв. Негаки, “хола-хола”-ю “ошиғу мошиқ” ўйинига муккасидан кетган аксарият ёшлар севимли тармоқларига кираолмасдан доғда қолишди.
Биз ҳозир odnoklassniki.ru сайтининг савиясини чамаламоқчи эмасмиз. Бироқ, шу нарса аниқки, ушбу тармоқ асосан бир-бирларининг васлини умрида бир бор кўрмаган ёш-ялангларнинг “ўлдим-куйдим”и-ю, ҳақорат ва уятли сўзларга қоришиқ “фалсафа”сига тўлиб толшган. Сир эмас, кейинги пайтларда odnoklassniki.ru сайти исловодхонага қиёс қилинмоқда. Бу нечоғлик тўғри, ёки йўқ, биз ушбуни ҳам муҳокама қилиш фикридан йироқмиз. Фақат “odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғи бугуннинг ёшларига енгил-елпи, олди-қочди танишувлардан ўзга яна нима бера олади?” деган саволга жавоб топа олмай ҳайрону лолмиз, холос.
Нима бўлгандаям, ана шу енгил-елпи, олди-қочдига қоришиқ ижтимоий тармоқнинг “танаффус”и Ўзбекистондаги интернет кафеларига қимматга тушмоқда. Гап шундаки, 4 апрель тунги соат 21.00 дан буён ёшларнинг интернет кафеларга кириши кескин камайиб кетди.
Негаки, ўқимишли саййтларга тўсиқ қўйилганлиги сабаб odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғидан ўзгасига сайру саёҳат қилишдан маҳрум бўлган мамлакат ёшлари учун компьютер қаршисида ўтиришга ҳожат қолмагандек гуё.
Фойдаланувчилар сонининг сийраклашуви табиийки, интернет кафеларнинг ҳамёнига жиддий зарар етказмоқда.
Бироқ, биз аминмизки, Ўзбекистон ҳукумати бор имкониятлардан самарали ва унумли фойдаланган ҳолда тез кунларда odnoklassniki.ru сайтини ишга тушиш жараёнини жадаллаштиришга муваффақ бўладилар. Негаки, odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғининг фаолияти сайт соҳибларидан кўра, йиллар давомида Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати манфаатларига хизмат қилиб келмоқда. Зеро, Ўзбекистон ёшларини ўткинчи ҳо-ю ҳаваслар исканжасида ушлаб туриш, танишув чатларига андармон қилиб қўйиш орқали уларни сиёсатдан, муаммолардан чалғитиш бобида Каримов ҳукумати учун odnoklassniki.ru сайтидан ўзга ишончли ҳамкор йўқ. Шундай экан, ўлкадаги мавжуд интернет кафеларининг соҳиблари вақтинчалик зарардан юракларини чангалламасалар ҳам бўлади. Яқинда, севимли сайтингиз ишга тушиб кетади. Фикримга қўшиласизми?
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Самарқанд вилояти бўлими фаоли



