СУМАЛАКХЎР САМОЛЁТ

 

Муаззам ИБРОХИМОВА

…Юртимиз осмонда парвоз қилиб чарчамайдиган кумуш қанот Самолётжонинг биттагина армони бўлиб, уни кимга айтишни ҳам билмас экан.  Бир куни чидолмай, Қуёшбобога ёлборибди:

– Қуёшбобо, хой Қуёшбобо! Илтимос мени кичкинагина самолётчага айлантириб қўйинг!

– Нега?- ажабланибди баҳор қуёши, самолёт ичидаги сайёҳларга қўл силкиб,- Эсинг жойидами?
– Биласиз, анчадан буён бу ўлкага узоқ-яқин мамлакатлардан сайёҳларни олиб келаман. Узоғ йили, баҳорда очиладиган бойчечакларга бир қарай деб пастга боқиб ҳайрон қолдим. Адир этагида одамлар йиғилиб, катта дошқозонда аллақандай таомни пиширишаётган экан.
Шабодадан “Бу қандай таом” деб сўрасам, “Сумалак” дея, менга кўзини қисиб, пастга шўнғиди. Зум ўтмай, ўша таомнинг ажойиб исини олиб чиқди. Эх бобожон, сумалакнинг хуш иси Осмон буванинг ҳам ошқозонини қитиқлаб юборди.

-Нима, нима?- гапга арашди суҳбатни тинглаб турган Осмон бува, жанжалкаш булутларни яраштирар экан.- Ўзимнинг ошқозоним дегин Cамолётжон! Тўғри, мен ҳам у таомдан татиб кўргим келяпти! Қуёш оғайнижон, ростдан ҳам уни кичикина самолётчага айлантириб қўйинг!

– Сумалак нималигини билмайману, мен магиз, нўхат, зарчавали паловни яхши кўраман.-дебди қуёш лабини ялаб,- уни паловхонтўра ҳам дейишади! Бу юрт одамлари наҳорда катта дошқозонларда ош пиширишади. Негалигини биласизми?

– Йўқ!

-Билмасам!
– Наҳорги ошга мени ҳам чақиришади,-дебди Қуёшбобо бир оз кеккайиб,- Куннинг бошқа вақтида ишда бўлишимни билишади-да!. Дунёда бошқа бундай танти халқ бўлмаса керак! Гуручи оғир ботсада, менинг хурматим учун ошнинг вақти ўзгармайди.  Самолёт бўлса барибир баҳор таоми ҳақида ўйлаб ўтирган экан:

– Мен эса сумалакдан тотиб кўргим келяпти. У жудаям ширин бўлса керак!  Қуёш бобо уни бпатибди:

– Майли, фақат бир шартим бор, бизга ҳам бир пиёлачадан олиб кела оласанми?

– Албатта!- хурсанд бўлибди, Самолётжон.  Қуёшбобо уни кичкина ўйинчоқ самолётга айлантириб қўйибди.  Самолётжон пастга шўнғибди. Катта қозондаги мазали сумалакни очган одамларга қўшилиб, мазза қилиб сумалакхўрлик қилибди. Қизғанчиқлик қилмай қорнида ўтирган сайёҳларга ҳам улашибди.  Қуёшбобо ва Осмон бувага берган ваъдасини ҳам унутмабди.

– Бу таом,-дебди Қуёш бобо, сумалакнинг юқини ҳам ялаб ,- нафақат ширин, балки сеҳрли ҳам экан!. Танамга куч қўшилгандай бўлдия! Қаранг, нурларим ҳам бошқача товланиб кетдими?!
– Албатта!-дебди Осмон бува,- Мен ҳам унинг сеҳрини хис қилдим. Жанжалкаш булутчаларга бир оз берган эдим, ана ярашиб олишди.  Айтишларича, ўшандан буён, уч сумалакхўр- Самолётжон, Қуёшбобо ва Осмон бува баҳорни соғиниб кутишар экан…

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares