ЎЗБЕКИСТОН: ГАЗ МАСАЛАСИДАГИ ЙИҒИЛИШДА ИШТИРОК ЭТМАГАНЛАРГА “МУКОФОТ” БОР…

 

Маълумки, Ўзбекистон вилоятларидаги барча туманлар қаторида Кармана туман газлаштириш идораси ҳам йил-ўн икки ой аҳолидан аслида таги йўқ табиий газга тавон теришдан чарчамайди. Бунинг учун идорадаги барча ходамлар сафарбар этилган.

Мана, масалан, Кармана туман газлаштириш идорасининг ходимаси Тўхтагул Турдиева эрталаб соат 8.00 дан то тунги соат 20.00га қадар пул териш учун  одамларнинг эшигини қоқишга маҳкум этилганлардан. Бунисиям майли-я, аммо ҳар ҳафтанинг якшанба, душанба кунлари Навоий вилоят ва Кармана туман ҳокимликларида  аҳолидан тушаётган газ тушумларининг ҳисоботига бағишланган  узундан узун йиғилиш ўтказилишига нима дейсиз?

Нима бўлди-ю, кун узоқ хонадонма-хонадон  одамлардан гадодек пул тилаб, сўм сўраб сарғайиб юрадиган ёлғиз она Тўхтагул Сувонова якшанба куни вилоят  ҳокимлигининг газ масалаларига бағишланган навбатдаги йиғилишига маълум сабабларга кўра қатнашиш бахтидан бенасиб қолди. Бироқ, ушбу ходима Кармана туман газлаштириш идораси раҳбари  Акмал Эрназаровнинг “ҳадя”сидан бенасиб қолган эмас. Гап шундаки,  ёлғиз она Турдиева Тўхтагулнинг “интизомсизлиги” муҳокама этилди ва кескин қораланди. Газагига ходимага ҳайфсан ҳам берилди.

Лоақал якшанба куни ҳам идора ходамларига тиним йўқ. Ваҳоланки, дам олиш куни иш соати эмас. Тўхтагул Сувонова ўз ҳуқуқларини идора раҳбарига тушунтиришга ҳарчанд уринмасин, самара бермади.  Йиллар давомида дам олиш кунларисиз тиним билмайдиган ходима иш деб, тирикчилик дея бедаъво дардга мубтало бўлганлиги, охирги босқичига бориб қолган бўқоқ хасталигини даволатишга ҳам имкониятсизлигиям  уни муқаррар жазо – ҳайфсандан қутқариб қололмади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон идораларида дам олиш кунларисиз фаолият олиб бораётган ходимларнинг ҳеч бир ҳақ-ҳуқуқлари йўқ ҳисоби. Уларнинг манфаатлари билан бирор зоғ ҳам, бирорта зот ҳам қизиқмайди, шуғулланмайди ҳам…

Бекзод БЕК

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилояти  бўлими фаоли

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares