ЛОТЕРЕЯ ЮТУҒИДАГИ ЮЛҒИЧЛИКЛАР

 

(Ҳали уйдаги эски газеталарни титкилаётиб “Даракчи” газетасида чиққан бир мақоламга кўзим тушиб қолди. Тележурналистлик фаолиятимдаги журналист суриштирувларимнинг маҳсули бўлган ушбу мақола 2005 йилнинг июнь ойида эълон қилинган экан. Ўқиб қарасам, мазкур мақола мавзуси ҳамон ўз долзарблигини йўқотмагандек…  Шу боис уни яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдим…. Мақоладаги номлар ўзгартириб келтирилган.

Муаллиф)

Ишхонамизга ёшига нисбатан кексароқ кўринадиган  бир киши кириб келди. Кетмондан қаварган қўлларида бир парча қоғоз – шикоят ариза. “Хабарлар” таҳририятига келган экан. Одатда, оддий томошабин муҳаррирдан кўра, дикторни, яъни “Хабарлар”ни олиб борадиган бошловчиларни кўпроқ танишади. Ҳар куни эфирга чиқишганлари учун уларни ТВнинг энг каттаси, деб ўйлашади, чамаси. Шу сабабли, аризачи хонада ўтирган бошқа ҳамкасбларга эътибор ҳам бермади, уларга қарамади ҳам. Тўппа-тўғри душанба куни “Хабарлар”ни ўқийдиган бошловчининг ёнига келди…

– Улим, кўзбўямачиларнинг кўзига кўрсатиб қўйгани келдим, – гўё хонада суҳбатдошидан ўзга ҳеч ким йўқдек баланд овозда гап бошлади у, – Бу қаллобларнинг энасини Учқўрғондан кўрсатмайсанми?

Ҳамкасбим унинг қўлидаги аризага кўз югуртириб чиққач, пешанасини тириштирди:

– Э, бошоғриқ иш экан-ку! Амаки, бу ерга адашиб келибсиз. Сиз прокуратурага мурожаат қилишингиз керак.

Жавоб аризачига ёқмади.

– Тўрт томонга шикоят ёзганимга бир ойдан ошди, “толк” йўқ. Шунинг учун ҳам олдингга келдим-да!

– Яна  озроқ кутиш керак. Албатта, жавоби бўлади.

Амаки тажангроқ экан, шекилли, бирдан олов олди.

– Мендай бир оми одамнинг мушкулини осон қилишга киришсанг, нима қилади, бирор жойинг кемтик бўп қоладими? Ўзим ҳам билардим, шундай жавоб қилишларингни! Сизлар телевизорда чиқиб олиб олди-қочди гапларни гапиришдан бошқасига ярамайсизлар ўзи! –  аризачи зарб билан эшикка йўналди. Унинг иддаосини эшитган хонадаги ҳамкасблар қоғоздан бош кўтариб, бир-бирларига маъноли кўз уриштиришди.

– Опа, – менга мурожаат қилди диктор йигит, – шу амаки билан ўзингиз бир гаплашиб кўрмайсизми?

Таънаси тошни ёрадиган бу одамнинг аризаси билан танишиш, муддаосини билиш мен учун росманасига қизиқ эди. Шу сабабли шикоятчининг ортидан эргашдим.

– Амаки, тўхтанг. Келинг, аризангиз билан ўзим шуғулланаман. Беринг, танишиб кўрай-чи! – қўлимни узатдим.

–  Ҳар куни телевизорда чиқадиган йигит эплолмаганида, аёл бошинг билан сен эплармидинг? – гапнинг дангалига кўчди у, –   Сени телевизорда ҳечам кўрмаганман-ку!

Кулиб қўйдим. Қишлоқнинг кишилари шунақанги чўрткесар, тўпори бўлишади. Ўзидан кичикларга сизлаб мулозамат қилиш ҳам эриш туюлади. Унинг дағал муомаласи ҳамкасбларимнинг энсасини қотирган, фақат менгина шикоятчининг дангаллигини осонгина ҳазм қилгандим. Аҳир, ўзим ҳам қишлоқда, дилидаги борини шартта тилига чиқарадиган одамлар орасида катта бўлганман-да!

– Шикоятингиз устида ишласак, иккимиз бирга чиқамизда телевизорга, – дедим унинг менга ишончсизлигини бартараф қилишга уриниб. – Бу мен учун бир имконият. Шу имкониятни берасизми менга?

Аризачининг кўзларида гарчи шубҳа акс этиб турган бўлса-да, ҳартугул рози бўлди. Ортга қайтдик. Ўтирдик. Унинг айтишича, хотинининг ногиронлик нафақасига қўшиб почтачи 4-5 та лотереяни мажбурлаб ташлаб кетган, йўқ, сотиб кетган экан. Омадни қарангки, Одил ака лотереяларнинг бирига кир ювадиган машина ютибди. Ҳеч бир тўсиқ ва муаммосиз ютуқни хам олибди- ю…

– Телевизор ё мошин эмас,  мотоцикль чиқсаям розийдим. Йироғимизни яқин қиларди. Аммо, кир ювгич чиқди, – ҳасратини бошлади Одил ака. – “Энанг ё  моманг машинда кир ювиб юрувмиди?” дедим хотинга. Рост-да! Светнинг кловати фалон сўм бўлса! Бу савилни тўкка тиқсанг, “учетчик”ни ғир-ғир айлантирса! Кони зарар! Қолаверса, янганг касалманд бўлсаям, Худога шукур, бўйи етиб қолган икки қизим бор. Хирмон-хирмон кир уларнинг ўзидан ортмайди. Бир зумда чаяди-қўяди. Замонингдан айланай, уст-бошингни темир мошин ювадиган бўлса, қизни нима умидда ўстиради одам? Хуллас, жўжабирдай жонман, олти болалиман. Жами саккиз жонга нону намак керак. Улни уйлаш, қизни чиқариш ташвиши турибди ҳали. Шунга, ке, қўй, қизлар қўлда кир ювсин, осонига ўрганмасин, ўзганинг эшигига бориши бор ҳали, деган ўйда ютуқнинг тахини бузмай бозорга бордим  сотгани. Пулига қизларимга сепу сарпо олмоқчийдим. Бозорга бормасам, бу темир таннинг қанча туришиниям билмасканман. Лотерея ўйини эълон қилинганда,  580 минг сўмлик кир ювгич, деб ёзилганди қоғозида. Бозорда эса менинг молимни 90 мингга баҳолашди. Супермаркетда 95 мингга турибди. Кўрмайсанми, бу муттаҳамларни, мени чув туширишибди.

Одил аканинг ҳайрат ва ҳаяжони, ғазаби чексиз эди. Очиғи, унинг эртакнамо ҳикоясидан ажабланганим йўқ. Тўғри-да, бу дунёда нималар бўлмайди, одамлар қандай ишларга қўл урмайди, дейсиз! Одил аканинг гаплари нечоғли тўғри эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Аммо ҳаммага аён бўлган ана шу ҳақиқатни исботлаш учун асаб дегани озмунча эговланадими ҳали? Пулдор бойваччалар, виқорли “тоғлар”  билан тўқнашишга тўғри келади. На чора, таваккал қилиб иш бошлашдан ўзга чора йўқ…

Манзил бўйича ахтариб, Одил аканинг уйига бордим. Лотереяга чиққан ютуқни кўрсатишди: “Фея” отлиғ кир ювиш мосламаси экан. Одил ака алдамаган, дўкондаги нархи, нари борса,  100 минг сўм! Савдолашсангиз, 90-95  мингга ҳам беришади. Одил аканинг лотереясига чиққан ютуқ эса “Фея” эмас, “Самсунг” маркали кир ювиш машинаси деб кўрсатилган. Бу кир ювиш ускунасининг дўкондаги баҳоси ярим миллион сўмдан ортиқ туради. “Самсунг” отлиғ машина кирни ўзи ювиб, ўзи куритадиган қимматли матоҳ-ку!

Ҳаммаси равшан. Фақат бир лекини бор. Гап шундаки, Одил ака ютуқни олганига икки-уч ойдан ошиб кетган.  Тўғри, бу деҳқон одам мени алдамаслигига ишонаман-у, бироқ унга ютуқни топширганлар сал кам олти юз минг сўмлик буюм ўрнига алдаб, бор-йўғи юз минг сўмлик матоҳ беришганларини тан олишармикин? Асло! Қуёш кулиб турган саратонда кўкдан қор  кутиш билан баробар-ку бу! Мазкур ишларнинг бошида лақмалар турмайди, пихини ёрган кимсалар қўл уради бундай қаллобликларга…

Биз ҳақиқатдан ҳам айтилган баҳодаги буюмни берганмиз, аризачининг ўзи уни арзонига алмаштириб қўйиб, атай муттаҳамлик қилаяпти, дея тонсаларчи? Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку? Мен-ку, Одил аканинг ҳақлигига ишонаман-а, лекин биргина менинг кўнглимдаги ишонч билан иш битармикан?   Шундай экан, нима қилиш керак? Қандай йўл тутсам, масаланинг асл моҳиятига осонроқ етарканман?

Минг бир ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлаб, лотерея ўйинини савдога чиқарган мутасаддиларнинг манзилини излаб бордим. Бордим-у…. Нима дейман? Сизлар уч ой бурун кишиларга ютуқларини топшираётганда қаллоблик қилибсизлар, деёлмайман-ку, дабдурустдан.  Аччиқни аччиқ кесади, деган гап бор элда. Биз ҳам маккорликка маккорлик билан жавоб қайтаришимиз зарур. Ўзга илож йўқ. Шу қарор билан “каттаси”нинг қабулига кирдим. Ўзимни таништирдим:

– Сизлар жорий қилган лотереядан кўпчилик манфаат кўрган экан.  Кўп ва хўп ютқуқ олиб қувониб юрганларнинг адоғи йўқ. Лотериянгизнинг тафсилотлари, афзалликлари ҳақида кўрсатув қилишимизни сўрашган. Катта-катта ютуқларни қўлга киритган кишиларнинг хурсандчиликлари, миннаддорчиликлари асосида томошабинбоп кўрсатув тайёрласам дегандим…

– Айни муддао бўларди, – суҳбатдошим кўпдан буён шундай таклифни интиқиб кутгандек суюниб кетди. – Бизнинг ҳам бош мақсадимиз шу – кўпни қувонтириш. Хўп яхши ўйлабсиз.  Яқинда янги лотереяни сотувга чиқариш ниятидамиз. Кишиларда қизиқиш уйғотиш керак. Бизга ҳам чиройли леклама бўларди-да!

– Яхши. Менга арзигулик ютуққа эга бўлганларнинг манзилгоҳлари, маълумотлари керак.

– Ютуққа ўзимизнинг “Тико”, “Матиз”, “Некция” машиналаримиздан 16 дона, 200 та турли русумли телевизорлар, ҳар хил турли маркадаги юздан ортиқ музлатгичлар, кир ювиш машиналари, саноқсиз чанг юткичлар, турли ҳажмдаги гиламлар, мебеллар, ошхона жиҳозлари қўйилган эди. Магнитофон, видеомагнитофон, “музикалный центр” каби бошқа арзимас буюмлар ҳақида майдалашиб гапирмоқчи эмасман.  Айни кунда барча ютуқлар ўз соҳибларининг кўнглини, хонадонини қувонтириб турибди. Қўйингки, нақд 420 миллон сўмдан ортиқ ютуқлар ўз эгаларини топган!

Шу аснода йигирмага яқин музлатгич, уй ва ошхона мебиллари, кир ювиш машиналари, гилам, телевизор каби қимматбаҳо лотерия ютуқларининг нарх-навоси ва уларга эга бўлган шахсларнинг манзилгоҳлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритдим. Иш янада мураккаблашди. Энди қўлимдаги манзиллар асосида ютуқ эгаларини қидириб, бутун республика бўйлаб юришга тўғри келади. Лотереясига ютуқ чиққан бахтиёрлардан бири Навоийда бўлса, иккинчиси Наманганда, бошқаси Сурхондарёда бўлса, яна бирлари Хорзму Бухорода!  У вилоятдан бу вилоятга адашган улоқдек кезишнинг ўзи бўларканми? Аммо начора! Журналитсликни чидаганга чиқарган. Аввалига бошламаслик керак эди, аммо бошладимми, охирига етказишим шарт.

Буни қарангки, бир нечта ютуқ бира йўла навоийликларга насиб этган экан. Шунинг учун илк сафарим айнан ана шу вилоятга бўлди. Носир ака деган киши музлатгич ютган экан. Қоғозда “икки камерали” деб қайд қилинган. Нархи ҳам шунга яраша. Ютуқ эгасига топширилган матоҳ эса қоғозда қўрсатилган баҳосидан икки ярим баравар арзон. Носир ака эса шунисигаям хурсанд. Худонинг инояти, дея қувончидан кўкси қоқ ёрилгудек.

– Бе, беш юз минг сўмлик бўлди нима-ю, икки юз минг сўмлик бўлди нима? Муҳими, уч юз сўмга икки юз минг сўмлик нарса сотиб олдим ҳисоби. Худонинг берганига шукур қилишниям билиш керак, –  дейди у юз-кўзи қувончдан қуванаб.

Аниқлашимча, Карманада яшайдиган Карима холага Яратган янги бўйра раво кўрган экан – невараси ойлик маошига қўшиб келтирган лотереяга лип этиб гилам чиқиб қолибди. Аслида, холага 6х4 ҳажмдаги Суриянинг бўйрасини беришлари лозим эди. Амалда эса, 2х3 ҳажмлик  арзон олача тортиқ қилишибди. Туркияники экан.

– Даъво қилмайсизми, сизни алдашибди?, – дедим куюниб, – Гламнинг арзонини беришибди-ку!

– Нима қилинг, дейсиз, қизим? Улар билан қувлашиб қозихонага борайми? Ўтлашаман-судлашаман, деб бирамас, ўн гиламнинг пулини сарфлайми энди, қароғим? – қуртлаган тишларини кўрсатиб кулди момо.

“Ё раббим!, дедим-да, Хоразмнинг Ҳонқаси  томон ҳовлиқдим. Бу ерда Гулсанам отлиғ исми жисмига монанд бир гўзал қиз  лотерея ютуғига қимматбаҳо ошхона жиҳози олиши лозим эди. Унинг ошхонасидаги газ плитасининг тепа қисмига – деворига эса бор-йўғи ликопча териладиган мослама қоқиб қўйилган, холос.

– Вой, берганлари шуми?, – дедим ҳайратдан ёқа ушлаб, Тўққиз юз минг сўмлик ошхона жиҳози дейишгани шуми ҳали?

– Кулманг, 900 минг сўмлик  мебель қўядиган ошхонанинг ўзи йўқ-ку, бизда. Улар шуни билишган, шекилли? – уялибгина жилмайди қиз.

Ҳисоблаб кўрсам, лотереясига ютуқ чиққан ўн саккиз кишининг кулбасига кирибман. Қоғозларга қарайдиган бўлсак, 420 миллион сўмлик ютуқ ўз эгаларига топширилган. Аммо хом чўт қилиб кўрсам, ҳам энидан, ҳам бўйидан урган шоввозлар ютуқлар учун икки юз, нари борса, икки юз йигирма миллион сўмлик буюм тарқатишган, холос. Воажаб! Мана, пул дегани, даромад дегани қаерда? Қизиқ, мана шундай фириб билан фойда кўрадиган кимсаларнинг ҳовли-жойлари, туриш-турмушлари қанақа экан? Ҳойнаҳой, иморатларининг ҳар ғиштларини лой эмас, пулдан теришгандир?

Суриштирувни тамомлагач, мазкур лотерея таъсисчиларнинг эшигини яна тақиллатишга тўғри келди:

–       Узр, яхши ният билан иш бошлаган эдим, – дедим ўзимни соддаликка солиб. – Натижаси мен кутгандай бўлмади. Бир нечта ютуқ эгалари билан суҳбатлашиб, уларга топширилган совринларни кўриб, кўнглим тўлмади. Ютуқ эгаларига баҳоси ярим миллион сўмдан ортиқ деб кўрсатилган кир ювиш мосламасининг ўрнига 3-4 баравар арзони топширилган экан.  130 минглик гилам дейилган-у, амалда одамлар 30-40 минглик бўйрага эга бўлишган. Музлаткичлар, уй ва ошхона мебеллари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳатто, бундай кўзбўямачиликдан арз қилганлар бор, – шундай дедим-да, Одил аканинг аризасини узатдим.

Ишлар чаппасидан кетишини кутмаган суҳбатдошим шошиб қолди. Ҳолатини сездирмасликка қанчалик тиришмасин, унинг ҳаяжонини пайқаш қийин эмас эди.

–                Синглим, – деди у менга синчков назар ташларкан босиқлик билан, – сиз бу ишларнинг моҳиятига етишга ёшлик қилармикансиз, деб қўрқаман. Тўғри, лотереяни биз жорий қилганмиз, сотувга биз чиқарганмиз. Аммо бу – ютуққа чиққан буюмларни ҳам эгаларига биз топширганмиз, дегани эмас. Бизнинг “Ғолиб” савдо фирмаси билан шартномамиз бор. Лотерея  савдосидан тушган маблағдан ютуқ учун ваъда қилинган сўммани, яъни 420 миллионни ўша савдо фирмасининг ҳисоб рақамига ўтказганмиз. Барча буюмларни – музлаткичми, кир ювгич бўладими у, ё гиламми, мебельми – жамики товарларни топиш, келтириш ва эгаларига топшириш масъулияти ана шу савдо фирмасининг зиммасида. Биз бундан мустасномиз.

– Уларни ким назорат қилади унда? Сизлар эмасми?

– Тўғри, хабардор бўлиб турганмиз. Биздаги маълумотларга қараганда, бу ишда ҳеч қандай фирибгарлик бўлмаган. Шубҳа қилсангиз, янада аниқ маълумот ва фактларни “Ғолиб” савдо фирмасидан олишингиз мумкин. Молларнинг фактуралари, жамики ҳужжатлари уларда.

– Унда бир ёрдам қилинг. Шу савдо фирмасининг манзилини беринг. Бошлиғи билан боғланай, – деганча жойимдан қўзғалдим.

– Э-э, қерга шошасиз? Битта қайноқ кофе ичмасдан кетгани қўймаймиз, – илтифот кўрсати суҳбатдошим, – Қани, меҳмонхонага ўтайлик…

Шундай деди-да, котиба қизга қаҳва келтиришни буюрди. Орадан кўп ўтгани йўқ. Қафасдаги қўшчанинг сувдонидек кичик идишдаги икки хўплам қаҳвани тезгина сипқориб, ситилиб чиқиб кетишга жоним ҳалак. Суҳбатдошим ҳам нимадандир бетоқат. Бу қадар бесаранжаомлигининг сабаби нима?  Бўлиб ўтган барча қалломликларда қўли борлигида эмасмикан? Шубҳасиз. Акс ҳолда у мен билан қаҳвахўрлик қилиб эсини ебдими? Қалтис ўйинлардаги қаллобликлари ошкор бўлиб қолиш таҳликасидан бесаранжом бўлаётгандир, эҳтимол. Шу сабаб жони ҳадигу хавотирдадир, балки? Ҳаммасининг тили бир, чамаси. Шу каби турфа хаёллар билан уни зимдан кузатарканман, назаримда, у кимнидир кутаётгандек эди, гуё. Шу сабабми, гапимиз гапимизга қовушмай турган бир пайтда эшик очилиб, тепакал одамнинг боши кўринди.

– Мумкинми? – айёрона жилмайди меҳмон.

– Э, Валижон, келинг, бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади, деганлари шу-да! Мана, мухбир синглимиз билан сизни эслаб турувдик, – деди таъсисчи менга юзланиб. – Танишинг, бу киши сиз кўришни истаган “Ғолиб” савдо фирмасининг диреткори Валижон бўладилар.

– Сизнинг кўмагингизда ишим осон кўчадиган бўлди, чамаси? – дедим савдо фирмаси диреткорининг ташрифи тасодифий эмас, балки уюштирилганлигини кўнглим сезиб, – Шундай эмасми? Уларни сиз чақиртирдингизми?

– Мени хафа қилаяпсиз. Шунчаки тасодиф бу! – дея жавоб қилди икки қўлини кўксига қўйганича идора соҳиби.

Гапни ортиқ чувалаштирмадим-да, мақсадга қўчдим:

– Лотереяга чиққан ютуқларни эгаларига топшириш жараёнида сиз раҳбарлик қилаётган савдо фирмаси кўп катта “ўйинлар” қилганга ўхшайди, – дедим, билса ҳазил, билмаса чин қабилида. – Қўлингизга ҳимоя қуролингизни олишингизга тўғри келади.

Валижон ака даставвал айтганларимни инкор қилишга уринди:

– Биз ишлаб чиқарувчилардан “перечисление”га товар оламиз, нақд пулга эмас. Шунинг учун биз олган мол билан нақдига олинган товарнинг нархида фарқ бўлади. Нақдига арзон оласиз, пул кўчириш йўли билан эса қимматига.

–          Ҳар ҳолда  “перечисление” асосида юз минг сўмлик буюмни беш юз мингга олмагандирсиз? Тўғри, қуруқ гапни инкор қилишдан осони йўқ, аммо Хоразм, Навоий, Сурхондарё каби вилоятлардаги лотереясига ютуқ чиққан кишиларнинг суҳбатларини, улар олган совринлар тасвирга туширилган мана бу видеокассетани рад этиб бўлмайди. Ушбу тасвирдаги ютуқларни қўлингиздаги буюм ва жиҳозларнинг фактураси билан таққослашнинг ўзиёқ ҳақиқатга ойдинлик киритади, – дедим муғомбирлик билан.

–                Бўлди-бўлди, бас, – Валижон ака қўлларини кўтариб кулди, – Мен таслимман, қойил. Сизга ўхшаган жонкуяр журналистлардан кўп керак мамлакатга. Ҳа, энди иш бор жойда хато бўлади-да! Битта-яримта ютуқ адашиб кетган бўлса бордир.

Бироз тортишувлардан сўнг идорага бордик. Валижон ака сўзининг устидан чиқадиган одам экан. Ариза ёзиб, югуриб юрган Одил акага ютуқ асосида берилиши лозим бўлган кир ювиш машинасига оид ҳужжатлар билан таништирди. Ютуқ эгаларига берилган барча буюмларга оид тегишли қоғозларни қўлимга тутқазди.

–                Кўринг, мен ҳақман.

–                Одил акага баҳоси ярим миллон сўмдан ортиқ турадиган кир ювиш машинаси берилиши керак эди. У кишининг уйида эса “Фея”турибди, – дедим ҳужжатларни титкиларканман.

–                Ходимларимиз ёш, тажрибасиз, хатоликка йўл йўқган бўлишлари мумкин, дедим-ку! – у ўзини оқлашга уринди.

–                Қизиқ, битта ютуқни беришда адашиш мумкиндир, балки иккитасинидир, аммо наҳотки ютуққа чиққан 18 хил товарни эгаларига топшириш жараёнида 18 бор хатога йўл қўйган бўлишса? Демак, ходимларингиз ҳамиша ўз фойдаларига адашаркан-да? Адашиш шу қадар осон бўлса, нега у ҳолда бирон бир арзон ютуқ ўрнига қимматини бериб юборишмаган? – сўрадим тагдор қилиб.

–                Аслида касбингизни ўзгартирсангиз, прокурорликни танласангиз бўларкан, – савдо фирмасининг директори “қойил” дегандек қош қоқди. – Қобилиятингиз бор экан. Аммо сиз асосийсини унутяпсиз. Мана бу қоғозга қаранг, аризачи Одил Ҳакимовнинг имзоси бор.

Суҳбатдошим узатган қоғозни олдим. Не кўз билан кўрайки, қўлимдаги қоғоз Одил аканинг 580 минг сўмлик кир ювиш машинасини қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Ҳа, қишлоқнинг оми одамини осонгина алдаб қўйишган. Энди ана шу имзо туфайли масалани ечими бироз қийин кечади. Аслида бу – оддий бир қоғоз. Ҳаётий ҳақиқат эса мутлақо бошқача. Эртами-кечми бу фирибгарликни фош қилишади, деган умидли ўй кўнглимдан ўтса-да, таъбим хира тортган эди.

– Аризачининг имзоси ҳақиқий эканлигига гумон қилсангиз, экспертизадан ўтказишларини талаб қилишингиз мумкин, – деди ғолибона жилмайиб Валижон ака.

– Бундай тушунмовчиликларни тўғрилаш учун тегишли идораларнинг тиши ўтади, – дедим кўнглимдаги ҳавотирни сездирмаслик илинжида қатъий қилиб.

Суҳбатдошим билан совуққина хайрлашдик.

Шу кеча анча хотиржам ётдим. Ҳақиқатни юзага чиқишидан умидимни узганим йўқ. Тезроқ тонг отса-ю, Одил аканинг олдига ошиқсам. Ҳов, ўша кунда – мени биринчи бор кўрганида ишонқирамай, шубҳа кўзи билан қараганди. “Аёл боши билан эплай олмайди”, деб ўйлаганди. Фирибгирларнинг кирдикорларини қидириб топиш қўлимдан келганини унга бииир кўрсатиб қўйсам, қойил қолдирсам, кўнглидаги шубҳа, гумонларини тарқатиб юборсам. Кейин… Кейин… Одил акани олиб, унинг аризаси ва қўлимдаги фактлар билан прокуратурага кириб борсак…

Ўз хаёлларимдан ўзим кериламан, ғурурланаман, денг. Юрагим ҳовлиқиб, ҳапқиради. Ҳадемай каттагина иқтисодий жиноят очилади. Ҳазил гап эканми бу? Зўр шов-шув бўлади ҳали…

Эртасигаёқ Одил аканинг қишлоғига қидириб боришга ошиққан эдим, аммо аризачи аканинг ўзи излаб келиб қолди. Қувончимга шерик қилай, шикоятингиздаги фактларни тасдиқладим ҳисоби, дея суюнчи сўрай десам, ҳожати йўқдек. Шусиз ҳам ака ўзида йўқ хурсанд, оғзи қулоғида:

–                Барака топ! – қувонч билан хитоб қилди у, – Телевидениенинг қудратига ана энди тан бердим. Ҳеч ким аризаларимга кўз қирини ташлай демовди. Э йўқ, бе йўқ, юз минг сўмлик кир мошинни беш юз минг сўмлигига алмаштириб бердинг-а?

Ҳай-ҳай демасанг, Одил ака қувончидан қулоч ёзиб, ўйин тушгудай! Мен эса нима гап эканлигини билолмай лолман.

–                Нега ҳайрон бўласан? Кеча кечаси лотереяданмиз, деб иккитаси уйимизга излаб келди. Ака, айб бизда, хатолик ўтибди. Ёш ходамлар адашиб ютуғингизни алмаштириб юборишган экан. Шу хатомизни тўғрилагани келдик, дейишди. Яп-янги кир мошин ташлаб кетишди. Худди ўша – қимматидан. Арзонини бериб юборай, десам, обкетишга унашмади. Келин олсангиз кўрмана қиларсиз, дейишди. Қолдириб кетишди.

–                Қойилман, – дедим Одил акани қувватлаб, – Ҳар ҳолда уларнинг ўзлари биринчи бўлиб ён беради, бош эгиб келади, деб кутмагандим. Чунки ўзингиз лотереянгизга чиққан ютуқни қабул қилиб олаётган чоғингизда гарчи “Фея” деган кир мошин олган бўлсангиз-да, қимматбаҳосини олдим, деб имзо қўйиб берган экансиз-ку!

–                Э, мен, хом сут эмган банда, – Одил ака пешонасига енгилгина шапатилади, – Шундай бўлган эканми-а? “Приз” бераётган чоғида ҳартугул бир қоғозга қўл қўйишимни сўрашганди. Суюнганимдан сўрамай-нетмай “подпис” қўйиб берувдим. Мен қишлоқининг хатоси-да, ўқиб кўрмай, тушуниб етмай, кўрсатган қоғозини қоралаб бераверибман. Қўл қўяётганимда олаётган кир мошинимнинг нархиям ёзилган эканми шу қоғозга, а? Қарамаганман, билмабман ҳам. Билган тақдиримда ҳам барибир имзо қўйиб берган бўлардим. Телевизордан каттароқ шугина қутиям шуууунча пул турса керак, деб ўйлардим-да! Бу савилниям катта-кичиги, қиммату арзони, ҳар хил маркаси бўларкан. Кир мошинни сотаман деб, бозорга бормаганимда баҳосидан ҳануз бехабар бўлардим. Ана энди билиб олдим. Аттанг, аттанг. Аммо-чи, ҳечдан кўра кечиям дуруст-да! Ўзлари илтимос қилиб қимматини бериб кетишганига хурсанд бўлмайсанми?!

Мен  гуё дунё топган кишидек терисига сиғмай суюнаётган Одил акани жим туриб тинглардим.

–                Энди гап бундай, – хаёлга чўмиб қолганимдан чўчидими, гап бошлади у, – Мен арзимни қайтиб олгани келдим. Кел, қўй, шу бошоғриқларни. Мана, ҳаммаси жойига тушди-ку! Улар ҳам бола-чақа боқади. Худоям кечиримли бўлинглар, деган.

–                Тўғри, лекин улар сизни алдашганларидек, бошқа кўплаб ютуқ соҳибларини ҳам лақиллатишган. Ҳаммасини аниқладим. Хўп, сиз ҳақингизни ажратиб олдингиз, қолганларчи? Ахир сизнинг аризангиз асосида қарйиб ярим Ўзбекистонни кезиб чиқдим-ку мен.

–                Тушунаман. Мен учун кўп уриндинг. Кел, мен сенга улар олиб кетмаган шу кир мошинни берай. Хўп, де, энди. Шикоят хатимни қайтариб бер, қизим. Бировни айбдор қилган билан, қаматган билан қорин тўярмиди, биринг икки бўлармиди? Ёки аризамни истаган пайтимда қайтиб олишга ҳаққим йўқми?

–                Қулоқ солинг, бу ерда катта иқтисодий жиноят содир бўлган. Мен билан прокуратурага боринг, илтимос. Уларнинг сизга яна бир қимматбаҳо кир мошин бериб кетишларининг ўзиёқ содир этган жиноятларининг исботи, –  дедим ялинганнамо, – Шу йўл билан кирдикорларини хаспўшлашмоқчи улар.

–                Э, йўқ, мени идорама-идора судраб сарсон қилма, оғримаган бошимни оғритмагин. Ниятим, ютуқда кўрсатилган баҳодаги буюмни олиш эди, олдим – бўлди. Ортиқча ташвиш керакми менга? У ёқда ернинг иши қоп кетаяпти. Қаерга борсанг ўзинг боравер, лекин мени бу ғалваларга қўшмагин, аралаштирмагин! Қилган хизматингга раҳмат-у, аммо қонунчиларга мени айтгудек бўлсанг, уялиб қоласан, аризамни тан олмайман, имзомниям. Нега тушунгинг келмайди? Бир зумда кир мошинли бўлсанг ёмонми, а? Қолаверса, ана, ўзинг айтдинг, уларнинг қўлида қиммат кир мошинни олганлигим ҳақида мен имзо қўйган қоғоз ҳам бор. Унутма. Яхшиям, инсоф қилиб, ўзлари бир поғона пастга тушишди, қолган улушимни келтириб беришди. Йўқса, идорама-идора югуриб эсим кетармиди? Ке, қўй, мен кўндим, сен ҳам айтганимга хўп, де энди.

Барибир билганимдан қолмадим. Қўлимдаги фактларни прокуратурага топширдим. Дастлабки суруштирув чоғида лотереясига ютуқ чиққан кишилар қандай кўрсатма беришади, менга қоронғу. Эҳтимол, қўллашар? Эҳтимол, овора бўлиш ташвишидан чўчиб, қочишар, ҳақиқатни айтишдан тонишар, яна билмадим…. Ҳар ҳолда, шунча ҳаракталарим зое кетмаслигини жудаям истардим.

Бўлиб ўтган шу воқеалар эсимга тушса, ҳамон қахрим келади.

Зап одамларимиз бор-да! Ўз ғурури, қадр-қимматини бунчалар осон ва арзон сотишмаса-я? Баҳоси бор-йўғи битта кир ювиш машинасичалик экан, бу машмашаларга мени аралаштириб нима қиларди? Бунчалар содда муғомбир бўлмаса-я бу одамлар! Ниятига эришиш, фойда олиш учунгина журналистдан қурол сифатида фойдаланди-я? Боплади, лекин….

Шу-шу кўмак истаб бирорта аризачи келгудек бўлса, “мақсади ҳақиқатни юзага чиқаришмикан ёки мендан ўз манфаати йўлида қурол сифатида фойдаланишмикан?” деган шубҳа кемирадиган бўлган кўнглимни. Журналист учун бировнинг қўлида қурол бўлиб қолишдан оғир жазо йўқ…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

тележурналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares