«YOSHLAR» ТЕЛЕРАДИОКАНАЛИ КИРДИКОРЛАРИНИ ҚИЁМИГА ЕТКАЗИБ ЁЗОЛМАГАНМИШМАН….

 

(давоми)

 

Келишувга кўра,  «Yoshlar»  телеканалидаги ҳамкасблар билан 20 март куни кечга яқин кўришдик.

Эсингизда бўлса, ҳамкасбларим менинг мақола ёзиш борасидаги уқувсизлигимни иддао қилишган ва суҳбат давомида “Айланай” кўрсатувининг авра-астарини ағдаришганди. Гап мавзуси “Рўзғор мактаби”га келиб тақалганида, муҳокомани кейинга қолдириб, тарқалишгандик.

«Yoshlar»  телеканалида кунда, кун ора эфир юзини кўрадиган “Рўзғор мактаби” кўрсатуви бугунги “давра суҳбати”мизнинг мавзусига айланиб кетди.

Энди…., … даврада тўрт ўртоқ ўтирганмиз. Ҳозир мен “Бирлари у деди, бошқаси бу деди”, дея бошингизни қотирмоқчи эмасман. ТВ ходимларидан иборат журналистларнинг “давра суҳбати” хотимасидаги хулосани мухтасар қилиб келтириб ўтмоқчиман, холос.

Умуман олганда, «Yoshlar»  телеканалида “Рўзғор мактаби” деган кўрсатувга кўзингиз тушганми? Йўқми? Агар кўрмаган бўлсангиз, бундан кейин, албатта, кузатиб боринг…

Энди, гап бундай: мазкур кўрсатувнинг ҳар бир сонига 3-4 тадан санъатга алоқадор одамлар таклиф этилади. Аксарияти айтган ҳиргойисини ўзидан ўзга эшитмайдиган, эшитса ҳам тушунмайдиган чаламўлла қўшиқчилару, актёрлар. Аммо лекин, актёрлар камдан-кам таклиф этилади. Кўрсатувнинг ҳар галги “қахрамон”лари, асосан, қўшиқчиликка ҳаваскор “юлдуз”лар десам, адашмаган бўламан.

Энг қизиғи, ҳали оғзидан она сутиям кетмаган бу гўдак “санъаткор”лар кўрсатув давомида рўзғорнинг у ёки бу ишини уддалаш билан бирга  Ўзбекистоннинг 30 миллонлик аҳолисига “шариату тариқат”дан “дарс” ҳам ўтишади.

Йўқ, мен бир нарсага тушунмайман, мана, агар ишонмасангиз, ўзингиз телевизорингиз “қулоғи”ни  «Yoshlar»  телеканалига би-ииир бураб кўринг-а? “Рўзғор мактаби”да ҳам қўшиқчи, “Йўл-йўлакай” кўрсатувида ҳам хонанда, “Ёшлар формуласи”да ҳам санъаткор, қўйингчи, ишқилиб, ушбу телеканалда бирор бир кўрсатув йўқки, қўшиқчи-ю. хонандалар иштирок этмаса… Савияси саёз санъаткорлар – ашуллачилар иштирокидаги кўрсатувлар сонини санасам, нақд ўндан ошиб кетди-я?! Ўнтадан-а?!

Майли, бу жўжахўрозларнинг таом тайёрлашларига, ошпазлик санъатигаям даъвогарлик қилишларига-ку, бир амаллаб чидаса бўлар-ов, аммочи, одамнинг энсасини қотирадиган жиҳати, бир қарасангиз ўзидан 16 ёш кичик йигитга бир амаллаб эрга тегиб олган “супер юлдуз”  қўшиқчи қизимиз уялмай-нетмай ҳамюртларимизга оила сабоқларидан дарс берадими-ей? Ҳой, бой бўлгур, ўзингку, эрингга 16 ёшингда энагалик қилгансан! Қўлингда кўтариб  катта қилган йигитчага эрга тегиб олгансану, одамларга ақл ургатишга бало борми? Мана, яқинда ҳиргойи қилишни хуш кўрадиган ашулачилардан яна бититаси  «Yoshlar»  телеканалидаги бир кўрсатувда “қахрамон”лик қилди. Бундай орқа-олдини суриштирсангиз, беш йил ичида беш бор пайпоқдек эр алмаштирганлардан! Яна “оилани мустаҳкамлаш” ҳақида ваз ўқиганларига ўласизми? Кўрсатувларга таклиф қилинаётган, одамларга ақл бўлаётган ўша  “меҳмон” “санъткор”ларнинг бирортасини ўтмиши тоза бўлса, кошки эди? Бировнинг умр йўлдошини йўлдан ургани қайси, уч бор уй қилиб, тўрт бор хотин қўйгани қайси-ю, тўйу томошалардаги “бир-ров”ларда навбат талашиб, юз юлишиб, ёқа йиртгани қай бири!  Қани, энди ўзингиз айтингчи, “тарихи тилларда достон” ўша “артист”чаларнинг телевидинияга чиқиб олиб,  ўзбекдек сермулоҳаза, оқил халққа ақл ўргатишга, йўл-йўриқ кўрсатишга маънавий ҳаққи бормикин? Бу ёғинга қарасанг ҳам санъаткор, у ёғинга қарасанг ҳам санъаткор… (Шу ўринда эл ардоғидаги устоз санъаткорлар бизни кечиришсин, юқоридаги гапларимиздан улар мутлақо мустасно)  Минг афсуски, эндигилик кунда «Yoshlar»  телеканалининг эфирини эгаллаб олганлар салоҳият соҳиблари эмас, техниканинг кўмагида овозига овоз қўшиб қўшиқчи бўлган сохта санъаткорлар-да. Биз сизга мисол келтираётган “Рўзғор мактаби” “артист”лар ин қурган ана шундай кўрсатувларнинг бири ҳисобланади.

Хўўўш, модомики, кўрсатувларнинг “қахрамон”лари сиз айтгандек ўзлари тарбияга муҳтож одамлар бўлса, уларни “сайратиш”дан мақсад нима? Муддао не? Наҳотки бу ҳақиқатни тўртта тележурналистдан бошқа одам билмаса дерсиз? Билишади, ЎзМТРКда раҳбарман деганиниг ҳаммаси, ҳатто президент аппаратида ТВни назоратда ушлаб турувчи корчолонлар ҳам савиясиз санъаткорларни кўрсатувларда “қахрамон” қилиб кўкларга кўтариш ҳеч бир қолипга сиғмаслигини жуда яхши англашади. Айтингчи, наҳотки Ўзбекистондек ўлкада кўрсатувга “қахрамон” қилишга арзигулик одам қуриб кетган бўлса?: деҳқон, пахтакор, ғаллакор, олим, уста, дурадгор, ҳунарманд… Эҳҳе, санайверсангиз, адоғи кўринмайди… Ҳаёт дарсини олган халқ вакиллари биргина кўрсатувда “қахрамон” бўлишга арзимайди дейсизми?  Аслида, ана шу оддий одамларнинг турган битгани фалсафа, агар билсангиз! Унда муаммо нимада? Ҳамма бало шунда-да: таъмада!  Дурадгор, ҳунарманд, ёки олим одам кўрсатувга таклиф қилиб, фикр сўрашганлари учун ЎзМТРК катталарига туҳфа берармиди? Асло! Чунки улар рекламага муҳтож эмас! Айнан ўша, кунда-шунда «Yoshlar»  телеканалини минбарга айлантириб олган салоҳиятсиз “санъаткорлар”га керак реклама дегани!  Ўзингиз биласизки, рекалама барча мамлакатда ҳам пул туради. Бироқ, ЎзМТРКдаги ушбу зайилдаги реклама қилиш усулининг ўзга юртлардагидан фарқи шундаки, ЎзМТРКдаги бу рекламадан тушаётган даромад, яниқроқ қилиб айтганда, пора ҳукумат ғазнасига эмас, А. Хаджаев билан Хайрулла Нуриддиновнинг ҳамёнига тушади. Бу борада мазкур кўрсатувлар ғояси муаллифи Дилдархон энг ишончли воситачи – даллол вазифасини ўтайди.

Аниқ ва ишончли манбалардан бизга етиб келган маълумотларга қараганда, биргина кўрсатувда бирор бир ҳиргойи қилишга қодир ҳофизни бир бора “қахрамон” қилиб тасдиқлаш “операцияси”  200 АҚШ “сўм”ини ташкил қилмоқда. Тасаввур қилинг, “Рўзғор мактаби” кўрсатувида 4 нафар санъаткор иштирокини ҳомчўт қиладиган бўлсак, демакки, биргина кўрсатувдан Алишер Жўрақулович ва Хайрулла Боқижоновичга 800 доллар даромад тушиб турибди-да! Ана сизга даромаду, мана сизга даромад! Ана сизга “сурпириз”у, мана сизга “сурпириз”!  Нима, текин давромад ЎзМТРК раҳбарларининг ичларини оғритармиди?!  ЎзМТРК  корчолонларининг асосий сармоя манбаии санъаткорлар бўлганидан кейин, ТВда кўрсатув борки, барчасининг “қахрамон”лари, сўзсиз, ашулачилар бўлмасдан, ҳа, нима, Ойша холангиз бўлармиди?

 

Шербек РАСУЛБЕКОВ

тележурналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares