Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга

 

«Бирдамлик» Халқ Демократик партиясининг раиси Баҳодир Хон Туркистондан

Муҳтарам Президент!

Жорий йилнинг 11-ноябридан 16-ноябригача бӯлиб ӯтган воқеалар менинг зиммамга Сизга мурожаат этиш мажбуриятини юклади. Зотан юқорида кӯрсатилган вақт ичида бӯлиб ӯтган воқеалар нафақат менга, балки собиқ «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати, ҳозирги «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси аъзоларига ҳам тегишлидир. Шу сабабдан Сизга мурожаат қилиш ва менга ҳамда сафдошларимга нисбатан Қозоғистон Республикаси куч ишлатар тизимлари ва Чегара қӯшинлари мутасаддиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ӯз норозилигимизни билдириш зарур, – деб топдик.
Ижозатингиз билан бӯлган воқаеларни қисқача баён этиб ӯтсам.
Мен Баҳодир Хон Туркистон (Боҳодир Чориев) 2004 йилда «Бирдамлик» ҳаракатини ташкил этдим ва Ҳаракат лидери сифатида фаолият юритдим.  2004 йилда сиёсий фаолиятим туфайли менга ва яқинларимга нисбатан режим томонидан ӯтказилган тазйиқ ва зӯравонликлар боис Ӯзбекистонни тарк этишга мажбур бӯлганман. Ҳозирда АҚШда истиқомат қиламан. 2014 йилда мени қонунга зид равишда Ӯзбекистон фуқаролигидан маҳрум этишди. Оқибатда мен жорий йилда АҚШ фуқаролигини қабул қилишга мажбур бӯлдим. Ватанда эканимда, сӯнгра муҳожиратда ҳам сиёсий фаолиятимни тӯхтатмадим. Шу вақт ичида  2009 йил Ӯзбекистонда Ҳаракатнинг конференциясини, 2014 йил АҚШда Ҳаракатнинг биринчи қурултойини ӯтказдик. Ҳаракат фаолларининг таклифига кӯра Ҳаракатни партияга айлантириш, янги Дастур ва Низомни тасдиқлаш, Партияга лидер сайлаш учун 2018 йилнинг 15-16-ноябрь кунлари қурултой ӯтказишга қарор қилдик. Табиийки, шу мақсад йӯлида иш бошладик. Мен ҳам ӯз навбатида Қурултойда иштирок этиш учун Ӯзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасининг консуллик бӯлимига виза олиш учун ҳужжатларимни тақдим этдим. Аммо рад жавоб олдим. Шунингдек, Ӯзбекистонда қурултойолди конференциясини ӯтказишга ҳам йӯл қӯйишмади, фаолларимизга турли хил тазйиқлар ӯтказилди. Шу сабабдан Қурултойни қӯшни ва қардош давлат ҳудудида, яъни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ӯтказишга қарор қилдик. Аммо қурултой қатнашчиларидан фақат 4 киши Чимкентга етиб келиша олди. Улар ҳам 14-ноябрь куни Чимкент шаҳрида жойлашган ва биз томонимиздан брон қилинган «Дӯстиқ» меҳмонхонасидан Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик хизмати ходимлари саъй-ҳаракати билан республика ҳудудидан чиқартириб юборилганлар. Бундан ташқари, партиямиз  котиби Қаҳрамон Махмедов Қозоғистон Республикаси ҳудудига киритилмади, кейин аниқланишича у 5 йилга депорт қилинган. Шунингдек, ташкилотимиз мулки бўлган баннер ва оргтехникалар мусодара қилинган. Фаолларимздан тўрт киши «Дўстиқ» меҳмонхонасидан куч ишлатар тизимлар томонидан олиб кетилган ва Чимкент шаҳар Ал-Фаробий туман ички ишлар бошқармасида сўроқ қилинганлар. Ички ишлар йўлагида ўрнатилган видео камерага тушган тасвирларни эса, бир кун ўтгач ТВ орқали «Ўзбекистонлик уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди»- дея эфирга узатишган.
Мен эса 2018 йил 11 ноябрда Қозоғистон Республикасига умуман киритилмадим. Натижада Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида қолиб кетдим.
Муҳтарам Нурсултон Абишевич, Сизга мурожаат қилар эканман, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига оид деклорацияларини имзолаган ва бу ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол қилинмаслигини кафолотловчи давлат раҳбари эканингизни эътироф этиб, Сиздан менга ҳамда сафдошларимга нисбатан бӯлган бу адолатсизликка баҳо беришингизни ва мени Қозоғистон Республикаси ҳудудига киритилмаганлигим, фаолларимизнинг депорт қилинишларининг сабабларини очиқлашингизни сӯрайман.

Ҳурмат ва эҳтиром билан Баҳодир Хон Туркистон, Ӯзбекистон «Бирдамлик» ХДП раиси

2018 йил 10 декабрь

Copyright © 2018 Birdamlik.Info