Бор эканда, йўқ экан. Бир боғбон яшаб ўтган экан. Унинг бир ўғли бўлиб, у ҳам отаси каби меҳнаткаш, иккови ҳовли этагидаги боғда тирикчилик қилиб, умр кечиришарди. Бог тўрт фаслда ҳам файзли, аммо баҳорда дарахтлар бирин–кетин гуллай бошлагач бетакрор мафтункор қиёфага кирар экан.
Бир куни шу мамлакат подшоси шикор чоғида чарчаб, бир пас ором олиш учун боққа қадам ранжида қилибди. Боғбоннинг саломига беписанд алик олиб, мулозимларига дарахтлар соясида хос жой ҳозирлашни фармон берибди. Атрофни кузатиб, ғуж-ғуж гуллаган ўрик остида қорнини тўйдирган подшоҳ, бир чеккада қуллук қилиб турган боғбонга дебди:
– Адашмасам бу ерлар ташландиқ жойлар эди. Мана кўрдик жуда обод қилиб юборибсан. Юрт ҳам, ер ҳам меники, истасам ҳозироқ боғни сендан тортиб олиб қўйишим мумкин.
Боғбон хиёл кулмсираб жавоб қайтарибди.
– Боғ экан олампаноҳ, жонимни сўрамайсизми? Майли, боғни ола қолинг. Фақат бир шартим бор. Бу ердаги дов-дарахтлар меҳримга, муҳаббатимга қониб улғайишган. Ҳар бир ўрик, шафтоли, олма, нок боламдай бўлиб қолган. Агар сиз ҳам шу меҳрни бера олсангиз, елкамга тунимни ташлаб ўғлим билан бош олиб кетганим бўлсин..
Подшоҳ ҳозиржавоб чолдан дарғазаб бўлиб, ота-болани боғдан ҳайдашни буюрибди. Ўзи эса, гуллаган ўрик соясида уйқуга кетибди. Қанча ухлаганини билмайди. Бир вақт кўзини очса, атрофдаги дарахтлар ўзаро суҳбатлашаётган экан.
– Эссиз шундай инсонни ҳайдаб юбордия номард!
– Ха, – дебди соя ташлаб турган ўрик суҳбатга аралашиб, – ўғлининг ҳам қўлидан анча иш келиб қолганди. Бечора ота энди қаёққа борадилар. Ҳар биримизнинг тилимизни билардилар-а. Момоқаймоқ баргига кўз ёшлари томаётган гилос ниҳолчаси ҳам чуқур хурсинибди:
– Бизни шу – бадфеъл, жоҳил одамга ташлаб кетганларига ҳеч ишнгим келмайди. Боғбон бирор жойда ётиб қолмасдилар. Боғ ёлғиз деб ортга қайтардилар. Анави одам бизга меҳр бера олишига ишонасизларми?
Подшоҳ дарахтлар тилини тушунаётганидан ҳайратга тушибди, «Яна нима дейишаркин» деб ўзини ухлаганга солиб ётаверибди.
– Албатта йўқ! Ўз фарзандига тарбия бера олмаган, уни бемеҳр қилиб улғайтирган инсондан яхшилик чиқмайди!
Шу жойда подшоҳ сакраб туриб, бидирлаётган шафтолини қиличи билан чопиб ташлагиси келибди. Нега ўғлига тарбия бера олмаган? Бутун меҳрини бериб вояга етказди. Ҳеч нарсани аямади.
– Ҳов ана қаранг, – дебди бояги шафтоли дарахтларнинг диққатини кулбача томонга жалб қилиб, – анави йигитча шу подшоҳнинг ўғли бўладими? Отаси ухлаб ётганидан фойдаланиб, вазир билан шивирлашиб қолди. Унинг нияти яхши эмас. Тезроқ отасининг куни битсаку, тахтга ўтирса. Салтанат доноси ҳисобланмиш вазир ҳам ғирт тўлки эканку! Боягина подщоҳ олдида ялтоқланиб турганди, энди ундан қандай қутулиш йўлларини шаҳзодага ургатяпти. Вой, ана кўлига кетмон олдими? Шуринг қурғур шоҳни чопиб қўймаса эди. Уйғотиш, ўйготиш керак уни! Подшоҳ зийрак тортибди. Қараса па-палаб улғайтирган нури дийдаси дарҳақиқат бошига кетмон кўтариб келяпти. Дарҳол ўрнидан турибди. Отам донг қотиб ётибди деб янглишган шаҳзодани бир мушт билан қулатибди. Сўнг аламдан дод деб йиғлаб юборибди.
Боққа қайтариб келинган ота- боладан узр сўраб, боғбонга юзланибди:
– Кечиринг отахон. Сиз фақатгина ўз фарзандингига эмас, дарахтларингизга ҳам яхши тарбия берибсиз. Мен эса бита-ю- битта боламнинг тилини топа олмабман. Мен берган меҳр бугун ўзимга чоҳ қазиди.
Шоҳ бошини хам қилиб, боғни тарк этибди.
Муаззам ИБРОҲИМОВА



