(Қирғизистоннинг жорий президенти Алмазбек Атамбаев интервюсига изоҳлар)
“Митинглар бўлмаётгани мамлакатда демократия маъносида нимадир етишмаётганининг белгисидир… Митинглар ҳар кун бўлавермайдими. Ундан қўрқиш керак эмас…”, дейди, Алмазбек Атамбаев, K-News интернетда тарқатган бир хабарда.
Бу гап назарий жиҳатдан тўғри. Лекин, Қирғизистондай оз сонли миллатлар тақдири қил устида турган, ўз қароқчи тўдаларини йиғиб олаолмаётган бир мамлакат учун титулли миллатларнинг вакиллари ўтказаётган бу митинглар қандай натижалар олиб келади? Айтайлик, уйлари ёқилган, аёллари хўрланганлар ҳам митинга чиқиб ўз ҳақ ҳуқуқларини талаб қилаолишадими? Ёки ҳамма ҳақ-ҳуқуқ титулли миллатга берилганми?! Давлат ташкилотларида фақат титулли миллатлар ишлаётган мамлакатда бу ҳавойи гаплар ўзини оқлайдими?
Атамбаев фикрича, митинглар бўлаверсин, аммо йўлни ёпиш, қон тўкишларсиз бўлсин. Тўғри, қон тўкиш жиноятдир. Аммо 2010 йилдаги тўкилган қонларга ким жавоб беради? 2010 йил апрелидаги тахт учун курашлар ўзбекларга қарши курашга айланиб кетганидай митинглар ҳам оз сонли миллатларни таъқиб ва тазйиққа олиш томон бурилиб кетмаслигига ким кафолат беради?
А. Атамбоев. Қирғизистонда араб баҳори ўтган деб ҳисоблайди Ундай бўлса, нега 2010 йил очиқдан-очиқ жиноят қилганлар сал кам уч йил ўтган бўлсада, ҳалигача қонун йўли билан жазоланмади? Интернет хабарларида айтилаётгандек, нега ҳалигача миллатчи тўдалар уйма уй изғиб оз сонли миллатларни таҳқирлашни давом эттиришмоқда!? Бу ҳолни маҳаллий аҳамиятга эга бир ҳол деб ўйламаслик керак. Чунки, фактлардан маълум бўлишича, ҳукумат аъзоларидан айримлари ҳалигача, Қирғиз ҳукуматини энг олий ҳукумат деб билади. Ҳатто халқоро ташкилотларга босим ўтказишга ҳаракат қиладиганлар бор. Жумладан, таниқли журналист Юсуф Расул Қодиржон Ботировдан олган интервьюда шундай дейилади:” БМТнинг Ирқий камситишларни бартараф этиш бўйича 18 ва 19 феврал кунлари бўлиб ўтган Қирғизистонга оид тингловда қатнашган давлат ҳайъати раҳбари, Президент Маҳкамаси вакили Мера Карибаева ўша пайтда мамлакатда вазият издан чиққанлигини, ташқи кучлар бундан фойдаланиб, хунрезликларни амалга оширганликларини айтди. Қирғизистоннинг БМТдаги вакили Гулнора Исхакова эса тинглов бўлаётган залда ўтирган ўзбеклар лидерини кўрсатиб, “Қодиржон Ботиров Қирғизистон суди томонидан судланиб қидирувга берилган. Сизлардан Қирғизистон суди қарорини ҳурмат қилишингизни сўрайман” деди. У бу билан халқаро ташкилот Ботировни Қирғизистон ҳукуматига ушлаб топшириши кераклигига шаъма қилди. Лекин у қирғин ташкилотчилари ҳанузгача ҳукумат идораларида ишлашаёганини айтмади. Айта олмади…”
Демак, Қирғизистоннинг БМТдаги вакили Гулнора Исхакова ўз ҳукумати судининг қарорини БМТдай обрўли ташкилотнирпг режаларидан ҳам юқори қўйиб, ҳатто бу ташкилотга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Қирғизистоннинг халқаро ташкилотларда ишлаётган вакиллари онги ҳам шовинистик қарашлар билан заҳарланганлигини кўрган А. Атамбеев бу гапларга нима дея оларкан? Ёки ҳали ҳам мамлакатида титулли миллатлар митинг қилаётгани билан мақтаниб, ўзини демократ лидер деб кўрсатиб юраверармикан?