Айни шу кунларда Наврўз умумхалқ байрамига катта тараддуд кўриш ҳаракатлари овж олиб кетган. Байрам баҳона, айниқса, ташкилот ва муассасалар ўз ташкилотчилик қобилиятини кўз-кўз қилиш иштиёқи билан банд.
Жумладан, ташкил этилганидан буён тадбир ўтказишдан ўзгасига ярамайдиган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати байрамни кўнгилдагидек кутиб олиш бобида от қамчилаганлардан.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Бухоро вилоят бўлими ҳам ташкилотчилик маҳоратидан мустасно эмас.
Куни кеча, 15-март куни айнан “Камолот”чилар ташаббуси билан Бухоро шаҳрининг марказий хиёбоноида Наврўз байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Хўш, нима бўпти?” дерсиз?
Гап шундаки, тантанага томошабин тўпланмаганлиги сабаб, нима қиларини билмай боши қотган “Камолат” катталари Бухоро олийгоҳларида таҳсил олаётган 300 дан ортиқ талабани мазкур тадбирга мажбурий тарзда жалб этишга мажбур бўлди.
Олийгоҳ деканларининг кўрсатмасига мумовиқ дарсдан озод этилган талабаларнинг “Камолот” ЁИҲнинг байрам дастурида қатнашишлари шарт дея белгилаб қўйилди. Натижада, 15- март куни 300 нафар талаба бир кунлик билим олиш бахтидан бебаҳра қолишди.
Наврўз шукуҳи кезиб юрган Ўзбекистонда ҳали бу ҳолат март ойининг то охирига қадар давом этади. Бу дегани Бухорода ҳали яна 300 000 талаба мажбурий тарзда дарс қолдиришга маҳкум этилади деган гап-да. Ана энди бу рақамларни 12 вилоят миқиёсида чўтга солиб, ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг…
Шаҳруз САИДИ
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Бухоро вилояти бўлими фаоли



