Маълумки, 2011 йилнинг 6 сентябрь куни “Шарқ юлдузи” кредит уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлимида жуда катта миқдордаги ўғирлик содир бўлган эди. Аниқроғи, мижозларнинг ишончига кирган мазкур кредит уюшмаси ижрожи директори Дилшод Йўлдошев омонатчиларнинг 10 ярим миллиард сўм маблағини ўмариб, қуён бўлганди.
Табиийки, саломқлигина омонатларидан мосуво бўлган мижозлар “Шарқ юлдузи” кредит уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлимида юз берган ўғирлик хусусида тегишли қонун идораларига арз қилишга мажбур бўлишди. Бироқ, натижа жабрдийда мижозлар кутганидек бўлиб чиқмади. Банкда содир этилган мазкур ўғирлик юзасидан Шайҳонтоҳур туман прокурори Пўлатов томонидан омонатчиларнинг даъвосига асосан қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди эса Ўзбекистонда ҳукм сураётган суд-прокуратура ходимларининг адолатсизлик ақидасига содиқ қолган ҳолда, аввалига, “Шарқ юлдузи” кредит уюшмасининг операторлари Аида ва Аминахонимларни судланувчи сифатида ишга жалб қилиб, айбдор деб топди ва кейинчалик, аминистияга асосан жазодан озод қилиш ҳақидаги ажримга имзо чекди. Қарабсизки, суд ишга шу билан якун ясади. Қолган тергов ишлари “Шарқ Юлдузи” кредит уюшмасининг қочиб кетган жиноятчи ижрочи директори Дилшод Йўлдошев топилгунига қадар тўхтатиб қўйилган эди.
Ваҳоланки, ҳуқуқ-тартибот идоралари ижрочи директорни излаш, топиш борасида бирор бир амалий тадбир қўллаган эмас. Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати ўғригина банкерни топа олишмаслигини билишса керак. Узун-қулоқ гапларга қараганда, мижозларнинг мўмайгина маблағини ўмарган Дилшод Йўлдошев авввалига Россияга, ундан кейин ушбу мамлакат орқали Туркия ўлкасига ўтиб кетган деган тахминлар бор. Бироқ, ҳанузгача, жиноятчи банк ходимининг айнан қай бир ҳорижий мамлакатдан қўним топганлиги маълум эмас.
Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимининг чириб битганидан қийиндан қийин банкга ишониб сармоя қўйган мижозларга қийин бўлди. Негаки, 2012 йилдан буён қўли билан берган пулларини оёғи билан югуриб ҳам ололмаётган омонатчилар азият чекишмоқда. Гарчи мамлакатдаги прокуратура, суд идораларига ишонч ўлиб битган бўлса-да, мижозлар умидларини узишган эмас. Мулкларини қайтариш илинжидаги мижозлар мазкур жиноят ишининг тўхтатиб қўйилган тергов ҳаракатларини давом эттириш истагида “Адолат” адвокатлар фермасидан Исматилла Бобоқуловни ишга адвокат сифатида ишга жалб этишга жазм қилишди. Бироқ, таассуфки, шу ўтган 7-8 ой мобайнида жиноят иши тергов ҳаракатларини давом эттириш юзасидан деярли тайинли бирор бир ҳаракат олиб боришга адвокат И. Бобоқуловнинг ё қурби ётмаган, ёинки журъати.
Бугун, 15 март куни Ўзбекистон банкига ишонич билдирганлиги туфайли чапагини чалиб қолган омонатчиларнинг вакиллари билан адвокат И. Бобоқулов ўртасида жиддий мулоқот бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқот адвокат билан тузилган шартномани бекор қилиш билан якун топди. Банк ижрочи директорининг “каромати” билан салмоқлигина сармоясидан айрилиб қолган мижозлар адвокат тўловининг тенг ярмини, 50 фоизини қайтирб олишга муваффақ бўлдилар.
Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, Марказий банк қарамоғида ташкил этилган “Шарқ юлдузи” кредит уюшмаси 2006 йилда ўз фаолиятини бошлаган. “Шарқ юлдузи” кредит уюшмасининг омонатчиларни 10 ярим миллард миқдордаги маблағи ўмарилган Тошкент шаҳар бўлими 350 дан ортиқ мижозга эга бўлган.
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати



