ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ЛАРИСА ГРИГОРЬЕВАНИНГ ЎСПИРИН ЎҒЛИ ГРИГОРИЙ ГРИГОРЬЕВГА НИСБАТАН ҚЎЗҒАТИЛГАН СОХТА ЖИНОЯТ ИШИНИНГ ЯКУНИ ҲАҚИДА

 

А Х Б О Р О Т

 

6-7 йил мобайнида Лариса Григорьеванинг Чилонзор тумани, 6- квартал, 45- уйда жойлашган 47-сонли уйининг деразаси остида бир нечта суюқ оёқ аёлларнинг ҳар куни  ярим кечагача, гоҳида туни билан қаҳқаха уриб,  унинг деразаларига тош отиб, унга ва бошқа қўни-қўшниларга уйқу бермай келишлари юзасидан Л. Григорьева бир неча бор участка нозири А. Ашраповга шикоят қилиб келаётган эди. Лекин А. Ашрапов унинг шикоятларига эътибор бермай, ҳеч қандай чора кўрмай келганлиги туфайли у туман ИИБ бошлиғига арз килганидан кейин ИИБ бошлиғи, чамаси, участка нозирини  тузлаган шекилли, А. Ашраповнинг ғазаби қўзғаб, Григорьевани таъзирини бермоқчи бўлиб, 8.08.12 куни эрталаб ҳамкасби И. Қурбонбоев билан биргаликда Л. Григорьеванинг уйига келиб, унинг темир эшигини лом билан бузиб кириб, унинг қўлларига кишан солиб, квартал бўйлаб кетига тепиб нозирхонага олиб келиб, бўйнига ва оғзига скочь ёпиштириб, соат 16.00 га қадар егулик ва сув бермай, ҳатто ҳожатга ҳам чиқармай, жисмоний куч ишлатиб, бўғиб, муштлаб уриб, тепкилаб, бошига сув тўлдирилган баклашка билан уриб, азоб берганлар. Натижада, унинг бир неча тишлари синдирилиб, миясини чайқатишган. Бу ҳам етмагандек, шу куни Л. Григорьевани милиция ходимига қаршилик кўрсатганликда айблаб, сохта ҳужжатлар ёрдамида маъмурий иш қўзғатиб, уни судга олиб бориб, суд қилиб, 3 сутка қамоқ жазоси тайинланиб, Қўйлиқ даҳасидаги қайта тарбиялаш марказига топширилган. Сохта ҳужжатлар айнан уйқу бермаган суюқ оёқ аёлларнинг аризаларига асосан тайёрланган.

Марказдан озод бўлиб чиққач Л. Григорьева 21.08.12 куни туман прокурорига А. Ашрапов, И. Қурбанбаев ва судья М. Каннинг ғайриқонуний ҳаракатлари юзасидан жиноий иш қўзғатиш ҳақида шикоят топширган эди. Лекин туман прокурори унинг шикояти юзасидан шу кунгача «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси талабига биноан тегишли қарор қабул қилишдан бўйн товлаган.  А. Ашрапов янада ғазабланиб, прокурорнинг ҳаракатсизлигидан фойдаланиб, навбатдаги режани – Л. Григорьеванинг ўспирин ўғли Ггригорий Григорьевга нисбатан таъзийқ уюштирган.  Гришанинг кундалик юриш-туришини кузатиб, унинг Ғ. Ғулом номли истироҳат боғига қайиқлар станциясига тез-тез келиб туришини аниқлаб, унга нисбатан жиноий иш қўзгатиш мақсадида станция бошлиғи И. Ҳасановдан фойдаланиб, ИИБ ходимлари  9.09.12 куни пляж атрофида тайин бир жойга телефон аппаратини тузоқ сифатида ташлаб қўйиб, И. Хасановдан Гришани ўша телефон ташланган жой атрофларини тозалашга юборишини талаб қилган. Тузоқ – телефонни топиб олган ўспирин Гриша ўзида йўқ хурсанд бўлиб, атрофдаги музқаймоқ сотувчисига ҳам мақтаниб, уни бозорда сотиб юборган.       ИИБ ходимлари Гришани тузоққа тушириш арафасида икки нафар ўспиринни сохта жабрланувчи сифатида тайёрлаб қўйиб, улар 9.09.12 куни телефонини ўғирлашгани тўғрисида И. Хасановга шикоят ҳам қилишган.

Шундан сўнг ИИБ нинг  ходимлари Гришани пляжга келишини кутишган.   11.09.12 куни Гриша пляжга келганида ИИБ ходимлари сохта жабрланувчилар ва И. Хасанов ёрдамида уни қўлга туширишган. Уни  кишанлаб  боғдаги нозирхонага олиб келиб, 2 соат мобайнида уриб, дўппослаб, тепкилаб, уни телефонни ўғирлаганлигини тан олишга мажбур килишга уринишган. Шундан сўнг уни ИИБга олиб келиб тергов бўлимига топширишган. Тергов бўлимида бир куннинг ўзида зудлик билан жабрланувчининг номидан ариза, сохта жабрланувчиларнинг тушунтириш хатлари, ППХ ходимларининг билдиргиси ва баённомалар расмийлаштирилиб, шу куннинг ўзида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилган. Шу куни Г. Григорьев онасининг иштирокисиз сўроқ қилиниб, ушбу жиноятда уни гумон қилинувчи сифатида жалб қилиш ҳақида қарор чиқарилган.

Ушбу сохта жиноят иши Гришанинг онаси Л. Григорьевани таслим қилиб, шикоят ёзишдан тўхтатиш мақсадида қўзгатилган эди.  Аммо Л. Григорьева шикоят ёзишда давом этиб, Президент Аппаратигача етиб борган.  Унинг шиддатли шикоятларидан хабар топган терговчи И. Израильбекова тергов ҳаракатларини сусайтиришга ва ҳатто уларни тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилишга мажбур бўлган. Ушбу қарорда Гришани терговдан қочиб юрганлигини асос қилиб кўрсатган, ваҳолангки, Гриша ҳар доим ўз уйида тунаб, кундуз кунлари онаси билан бирга юрган. Бу ҳақда А. Ашрапов ўзининг ёлланма айғоқчилари ёрдамида Гришани ортидан мунтазам кузатиб юриб, уни қай вақтда қаерда бўлишини соатма-соат билиб турган. Лекин шунга қарамай уни терговдан қочиб юрганликда айблаб, тергов ҳаракатлари тўхтатиб турилган, чунки жиноят иши ҳарқалай сохта эди

Бу орада Л. Григорьева бир неча бор ИИБга ва туман прокурорига мурожаат қилиб, ўғлига нисбатан жиноят иши қўзгатиш ҳақидаги қарор нусхасини олишга эриша олмаган, чунки бу қарор ҳам сохта бўлган. Ҳеч бир идора, ҳатто Президент Аппарати ҳам унинг аризаларига ижобий жавоб бермаган.

Президент Аппарати амалдорларининг ҳаракатсизлигидан фойдаланиб, А. Ашрапов ғазаб отига миниб, янада оғирроқ жиноятни, яъни Гришани ўғирлаш режасини тузади. Ушбу жирканч режани амалга ошириш унга 9.01.13 куни насиб этди.   Шу куни эрталаб соат 8.45 да Учтепа туман Жиноят Қидирув бўлими ходимлари  квартира эшигини ясама калит билан очиб кириб, Гришани ўз уйида қўлга олишган, чунки Чилонзор туман Жиноят Қидирув бўлими ходимлари бу ишнинг таги зиллигини тушуниб етиб, уни терговдан қочмаётганлигини билишгани учун уни ушлашдан бош тортишган эди, чунки қидирув эълон қилиш ҳақидаги қарорнинг сохталигидан улар хабардор бўлишган.

9.01.13 куни Гришани чой ичиб ўтирган жойида қўлга олиб, кишанлаб, уни Учтепа туман ИИБ га олиб келиб, кейин Қўйликдаги катталар сақланадиган марказга топширишган. У ерга Гришани алоҳида камерага жойлаштириб, 9-10 январ кунлари овқатсиз, сувсиз, унга жисмоний куч ишлатиб, буйракларига мушт билан уриб, азоб бериб, уни ўз онасига қарши, недурки уни муомалага лаёқатсиз деган мазмунда ариза ёзишга мажбур қилишган. Ушбу жараёнда А. Ашрапов марказ ҳовлисида бўлиб, унинг қўлида Л. Григорьевага қарши қўни-қўшниларини мажбурлаб, уни муомалага лаёқатсиз деб ёздирилган аризалар ва бошқа ҳужжатлар жамланган пакет тайёр ҳолда бўлиб, Л. Григорьевани жиннихонага жойлаштириш режаси тузилган эди ва бу режани амалга ошириш учун фақат Гришанинг аризаси етишмаётган эди.   Гриша ушбу қийноқларга чидаб, ўз онасига қарши ариза ёзишдан бош тортган.

10.01.13 куни Гришани девор билан ажратилган, вояга етмаган ўспиринлар сақланадиган яширин боксга жойлаштиришган. Ушбу бокс иситилмайдиган, поли бетон, елвизак хона бўлиб, у ерда 50 дан ортиқ ўспиринлар ўрин-кўрпасиз  сақланаётганлигини  беихтиёр гувоҳи бўлиб қолган. Улар бир суткада 1 буханка нон, бир баклашка сув билан боқилган.  Учинчи куни, яъни 12.01.13 куни Гриша девордан ошиб у ердан қочиб кетган. Шундай қилиб Гриша катталар сақланадиган марказда яширин ҳолда ўспиринлар ҳам сақланаётганлигини беихтиёр гувоҳига айланиб қолган. Бу воқеадан кейин Гришага нисбатан таъзийқ янада кучайтирилган, уни кузатиш учун бутун сутка давомида назорат ўрнатилган. А. Ашраповнинг навбатдаги режаси якка гувоҳни йўққа чиқариш эди. Бу таъзийқдан Гришани ҳимоя қилиш учун деярли бир ой мобайнида, то жиноят иши қўзҳатиш ҳақидаги қарорни олгунча ўз уйимда сақлашга мажбур бўлдим.

Бу орада сохта жиноят иши аллақачон Чилонзор туман судига юборилганлигини аниқладик. Ушбу сохта жиноят иши Чилонзор туман судида 25.12.12 кунидан бери  ҳеч қандай рўйхатдан ўтказилмаган ҳолда тайёр турган. Иш ҳужжатлари билан танишиб чиқишга рухсат олиш ҳам осон кечмади.   6.02.13 куни иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилмаганлигини, барча ҳужжатлар сохталаштирилганлигини, Гришанинг имзолари қалбакилигини, ҳужжатлар муҳрланмаганлигини ва ушбу жиноят иши Гришани, недурки суддан қочиб юрганликда айблаб, уни қўлга олиб, тўғри судга олиб келинишини суд амалдорлари кутиб туришган эди, ваҳолангки, А. Ашраповнинг айгоқчилари Гриша менинг уйимда сақланаётганини жуда яхши билишар эди.

12.02.13 куни ушбу сохта жиноят иши Чилонзор туман судида судья Д. Сулеймановнинг раислигида кўрила бошлади. Суд мажлисида мен иш ҳужжатлари сохталаштирилгани, ундаги Гришанинг имзолари унга тегишли эмаслиги, ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилмаганлиги, муҳрланмаганлиги ва бу ҳаракатлар юзасидан терговчига нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақиди суд раисига ариза топширдим. Лекин судья Д. Сулейманов менинг аризам юзасидан тегишли ажрим чиқаришдан бош тортиб, ишни ана шу сохта ҳужжатларга асосан кўришни давом эттирди. Шунинг учун 19.02.13 куни суд мажлисида Сенат Раисига, Адлия Вазирига ва Бош Прокурорга йўллаган,  судья Д.Сулеймановга нисбатан ЖК нинг 141-, 144-, 205-, 208-, 241-, 242- моддалари бўйича жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги шикоятимнинг нусхасини суд раиси Д. Сулеймановнинг ўзига топширдим. Шикоятга илова қилиб Л. Григорьеванинг 22 та мурожаатларининг нусхаларини ҳам топшириб, улар юзасидан ваколатли идоралар томонидан қабул қилиниши лозим бўлган қарорларни талаб қилиб олиб, судга тақдим этилишини талаб қилдим.

Шу куни Гриша ҳам унга нисбатан  11.09.12, ва  9.01.13 кунлари ўтказилган қийноқлар ҳақида судга 2 та ариза топширди.

Навбатдаги 26.02.13 кунги суд мажлиси терговчи И. Израилбекова ва гувоҳ И. Хасановлар судга келмаганлиги сабабли 5.03.13 кунига қолдирилди.

5.03.13 куни суд мажлиси бошланиши биланоқ суд раиси «Эзгулик» жамиятининг мени жамоат ҳимоячиси этиб тайинлаш ҳақидаги 4.02.13 кунги қарорини бекор қилиш ҳақидаги 4.03.13 кунги қарорини эълон қилиб, мени жамоат ҳимоячиси ваколатимдан маҳрум қилди ва ҳатто мени суд залида қолишимга ҳам рухсат бермади.  Судьянинг ушбу ҳаракатлари уни мен туфайли ночор аҳволга тушиб қолганлигининг исботидир. У ушбу ночор аҳволдан чиқиш мақсадида ана шу жирканч усулдан фойдаланиб, мени процесс иштирокчилари қаторидан чиқариб, суд залидан асоссиз равишда чиқариб, ўзининг жирканч мақсадига эришди, яъни мени суд залидан чиқарилганимдан сўнг қонунбузар терговчи И. Израилбекова ва И. Хасановлар суроқ қилинган. Улар бундай қулайликдан, янги адвокат С. Рауповнинг ва прокурорнинг ҳаракатсизлигидан фойдаланиб, ёлғон кўрсатмалар ёрдамида ўзларининг ғайриқонуний қилмишларини оқлашга эришишган.

Ҳимоячи С. Раупов судланувчини ҳимоя қилиш ўрнига айбловчи позициясини эгаллаб, ўғрилик содир этилганлигини тасдиқлаб, суддан айблов ҳукмини чиқариб, Амнистия Актига биноан уни жазодан озод қилишни сўраган, Амнистия Акти на судланувчининг ва на унинг онасининг розилигисиз, ҳатто Амнистия Актини қўллаш ҳақида судланувчининг аризасисиз қўлланилган.

Айни бир вақтда менинг терговчига нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги аризам, судланувчининг қийноқлар ҳақидаги аризалари ва ваколатли идораларнинг Л. Григорьеванинг шикоятлари юзасидан қабул қилиниши лозим бўлган қарорларини талаб қилиб олиш ҳақидаги аризам ва Л. Григорьеванинг А. Ашрапов ва И. Қурбанбаевларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги шикоятлари судда муҳокама қилинмай, умуман четда қолиб кетган.

Ўзбекистон судьяларига “шон-шарафлар бўлсин !!!”

Мен 5.03.13 кунги суд мажлисига тергоавчи ва И. Хасановга бериладиган саволлар ва суд раисига топшириладиган аризаларни тайёрлаб келган эдим.

Уларни сўроқ қилиш натижаларига кўра ва ҳатто сохта ҳужжатларга асосан ҳам судланувчига таъзийқ ўтказилганлигини осонгина исботлаш мумкин эди.

Шундай қилиб, милиция ходимлари томонидан атайлаб тузоқ сифатида ташлаб қўйилган ҳаво ранг телефонни топиб олган ўспирин Г. Григорьев қора рангли телефонни ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан айблов  ҳукмини чиқариш билан якунланди.

На чора, ушбу иш юзасидан адолатли ва қонуний ҳукм чиқарилмагунча курашни давом эттиришга мажбурмиз.

 

ШУҲРАТ РУСТАМОВ

«Эзгулик» ва  «Альянс» Инсон ҳуқуқлари жамиятларининг ҳуқуқ ҳимоячиси

9.03.2013 йил.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares