ЎЗБЕКИСТОН: СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ –“КЕП ҚОЛИНГ, СОҚҚА БОРМИ, “ОРДЕР”ЛАРДАН ОП ҚОЛИИИНГ, ОПТОМ БЎЛИБ КЕТДИ-ИИИ!”

 

(ҳажвия эмас, ҳақиқат)

 

Маълумингизким, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида оғир хастларани ордер  (маъноли таржимаси – йўлланма десак, тўғри бўлармикин, умуман олганда, ордер деган сўзнинг ўзи эл орасида кўпроқ тарқалган ва  тушунарлироқ-ов…)  билан даволаш урфга криганига кўўўп бўлган.

Дейлик, Республика Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан ҳар ойда барча вилоятларга урология, онкология, юрак, бўқоқ…., хуллас, касалликнинг барча турлари бўйича “қулоғига ўлчаб” ордер берилади. Мазкур ордерларни касалликдан азият чекаётган беморларга етказиш вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси  зиммасига юклатилган. Аслида, ана шу ордер ўлгур мутлақо бепул бўлиши керак, аммо амалда эса… Эййй, бу соғлиқни сақлаш тизимидагиларам устаси фаранг бўлиб кетишган. Сувдан холва ясашнинг хўўўп машқини олишган-да.   Нега дейсизми? Айни кунда ана шу ордер деганларининг нархи осмонга чиқиб кетган. Ҳа, нима, дейлик, вилоят ва туман шифохонасининг шифокори, жарроҳи бемор танасини тешиб, бичиб-тиккани учун қўл ҳақи олиб, чўнтагини бир амаллаб қаппатирар-а, бироқ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси-ю Соғлиқни сақлаш Вазирлигида ўтирган “уламолар”нинг оғзи йўқми, ейдиган?  Йўлини топиб, оладиганини олади, бир амаллаб ундиради-да. Мана, масалан, ул “уламо”ларга киримнинг бир томонини айнан мана шу ордер деганлари кўтариб беради, агар билсангиз. Ишонмайсизми?

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида истиқомат қилувчи юрт КОТТАСИ билан тенгдош Мақсум ота ҳам аввалига сизга ўхшаб ишонқирамаганди. Бироқ, бу савдолар бошига тушди-ю, ҳайратдан ҳангу манг бўлиб, ёқа ушлаб қолди. Гап  шундаки, отани анчадан буён урологияга оид хасталик қийнаб келарди. Дард астойдил хуруж қилганида ордер-пордерига ҳам қараб ўтирмасдан, Республика Урология Марказида нақд бир миллон тўрт юз минг сўмни қўртдек санаб бериб,  оғриқдан қутилиб қолармиканман деган илинжда ўзини тиғга ўриб берганди. Ширин жон азобда қолганида кўзга пул кўринармиди, жон кўринади-да, албатта. Бироқ, манлай терига топган пулига сотиб олган жарроҳлик амалиёти ҳам жонига аро кирмади отанинг. Операциядан 60 кун ўтмай, яна касали қўзғаб қолди. Аммо касаллик қанчалик қийнамасин, навбатдаги даволаниш учун нақд пул қайда дейсиз? Ўзи бор йўғи нафақахўр бўлса. Ўрис ёки корейс ўлкасига бориб тўрт танга топиб келолмаса… Республика Урология Марказининг “қассоби”га берган кечаги “чой-чақасини” ҳам олма-анорини, картошка-ю турфини, боғидаги борини сотиб, томоғини тийиб, зўрға белидаги қийиғига туйганди… У ҳам увол кетди. Энди нима қилса экан? Шунда оқ-қарани таниган дўсту ёрлари “Мақсум ота, “облздравга боринг, ордер беришади” деб қолувди, товуғи тилло тухум берадиган бекдек бехуд бўлиб, Соғлиқни сақлаш бошқармасига югургилаб юрибди ота шўрлик овора-ю сарсон бўлиб. У ердан тайинли бир садо чиқмади. “Очеред”га ёзиб қўямиз. Навбатингиз келса, оласиз, ўзимиз хабар берамиз”, дейишди совуққина қилиб “облздрав”нинг котталари. “Навбатим тез кунда кеп қолармикан?” умидвор жовдиради Мақсум ота. “Кутиш керак, отахон, кутиш керак, бу ерда олти йиллаб ордер кутганлар бор!”   деди ходимлардан бири беписанд.

Ота ўйга  толди.: “Ўзи олти ойлик умри қолганми, йўқми, ордер олиш учун олти йил кутишга ажал сабр қилармикин?”.  Қош қорайганда шалвирабгина уйига номуд қайтган отахоннинг кўнглига  яна “кўча кўрган” қўшнилари  ўт ёқишди: “Эйй, соддасиз-да, отам, ордер йўқ, кутинг, дейишса, ғинг демасдан қайтавердингизми, а? Озгина қуруғидан қистирмабсиз-да. Ахир, ордер пул турадику, билмасмидингиз?   Ўзингиз Тошканга бориб кўрдингиз, операцияси заҳардан қиммат.  Ҳарҳолда ордер арзонку? Бор йўғи 300-400 минг сўм чиқим қилсангиз, бўлди, марра сизники!”.

Маслаҳатлар қўл келди, отахон  қараз-қавола қилиб бўлса-да Қамаши туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига яна 350 минг сўмни қуртдек санаб берди. “Райздрав”даги ул “даллол” Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимидан бу сўммага ордер ундираман дегунча яна ўттиз кун ўтиб кетди… Бироқ соққа камлик қилдими, ордер олишнинг имкони бўлмади. Ноилож  ордерга аталган омонат ҳам ниҳоят  эгасига қайтарилди… Бу пайтда  оёқдан қолган  Мақсум отани жону жигарлари Тошканга кўтариб келишганди.  Лекинчи, тан олиш керак, Қашқадарёга қараганда Тошканда одамгарчилик кучли экан. Йўқ, бир-икки кун деганда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасидан  ордер қургур ҳам топилиб қолди денг. Текинга эмас, албатта. Тўғри, сўмга эмас, бор йўғи 200 долларга, холос. Ҳа, ана 350 минг сўмга эмас, боринг, 520 минг сўмга. Мана,  бўларканку? Топилганини айтмайсизми? Ҳа, нима, пул деганлари одамнинг жонимидики, ачиниб ўтирсанг. Бош омон бўлса, дўппи топилади-да… Шу пул савилни одам топадими ахир? Қани сўм дегани лоақал битта одамни бунёд қилиб кўрсинчи? Шу хаёлларда ҳозир Мақсум отанинг оғзи қулоғида. Зора шу гал шифо топсам деган илинжда энтикиб ўтирибди отахонимиз…

Қани, айтинг, яна кимга ордер керак! Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимидагиларга эса доллур керак! Бундан буёғига ордерга эҳтиёж тўғилса Самарқанду Бухоро, Фарғона-ю Андижон қилиб “облздрав”ларнинг остонасида сўм кўтариб, сарғайиб юрманг деймиз-да. Тўппа тўғри Тошканга, “Минздрав”га, ёинки Тошкан вилоят ва ё шаҳар соғлиқни тақлаш тизимига кўкидан кўтариб келаверинг. Кеп қолииинг, соққадан борми, ордерлардан об қолииинг, бу ёғи оптом бўлиб кетдииии!!!

Комила МУРОДХОНОВА

мустақил журналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares