ЎЗБЕКИСТОН: “ЎЗБЕК ТЕЛЕФИЛЬМ”НИ ЕБ БИТИРИШДИ…

Алишер Хаджаевнинг ЎзМТРКга қадами хуш келди, ул жанобнинг пойқадами билан “Дунё бўйлаб”, Маънавият” телеканаллари очилди дерсиз? Ҳечам-да. ЎзМТРКда бир-бирини такрорлайдиган ва очилгандан буён “повтор” кўрсатувлар кўмагида кундалик дастурлар режасини тўлдиришни зўрға уддалаётган “Дунё бўйлаб” ва “Маънавият” телеканалларининг очилиши ўз-ўзидан бўлган эмас. Гапнинг индаллосини айтганда, бу каналлар ЎзМТРК қошида бир неча йилдирки муваффақиятли фаолият олиб бораётган “Ўзбек телефильм” ДУКни қурбонлик қилиш эвазига бунёд бўлди десак, адашмаймиз.

Негаки, янги телеканаллар пайдо бўлиши билан “Ўзбек телефильм”нинг умрига ҳотима ясалди. Мана, энди бу шу даргоҳда ишлаб, оиласи, бола чақасини боқиб келаётган юзлаб ходимлар хору-зор. Бошларини қаерга уришини билмай, надомат чекиб юришибди.

Айни дамда “Ўзбек телефильм”да бор йўғи 31 та штат сақланиб қолган холос. У ҳам бўлса, монтаж усталаридан иборат ходимлар ҳисобланади. ЎзМТРК раҳбарияти ишсиз қолган ўзга ишчиларга эса “Дунё бўйлаб”, “Маънавият” телеканалларига танлов асосида жойлашишингиз мумкин” деган ёлғон ваъда бериш билан қутилишганини ҳам таъкидлаб қўймоқчи эдик. Негаки, ЎзМТРКнинг муассислигида чоп этилаётган “Садо” газетаси гарчи бир неча ойдирки “Янги очилган телеканалларга танлов асосида журналистлар, етук мутахассислар қабул қилинади” деган баландпарвоз эълонни кўз-кўз қилишдан чарчамаётган бўлса-да, аслида эса, амалда мутлақо ўзгача.

– Айни дамда “Дунё бўйлаб” телеканали директори Зоир Қурбонов ва “Маънавият” телеканалининг каттаси Воҳид Луқмонлар учун бу даргоҳларнинг очилиши пора ортидан соққа ундириш, сармоя тўплаш имкониятини яратиб берган десам, лоф қилмаган бўламан, – ўзини “Yoshlar” телеканали муҳаррири Дилбар деб таништирган суҳбатдошимиз габ бошлаб қолди, – Негаки, шу пайтгача ҳали ушбу телеканалларга танлов асосида бирортаям ходим қабул қилинганини билмайман. Ушбу янги телеканаллар “Ўзбек телефильм”нинг тугатилиши оқибатида ишсиз қолган ходимлар ҳисобига эмас, балки  бераётган порасининг салмоғига қараб кўчадан териб олинаётган ишчилар ҳисобига бойимоқда.  Бу борада “Дунё бўйлаб” телеканали директори Зоир Қурбоновда оз бўлсаям инсоф бўлиши мумкин. Аниқоғи, Зоир таъма эвазига эмас, асосан, тепадан бўлган қўнғироқлар, яъни, президент аппарати, турли вазирликлар, Алишер Журлақулович, асосан, раиснинг хавфсизлик масалалари бўйича муовини Баҳром Ўтановнинг илтимос ва кўрсатмалари асосида ходим олишга мажбур этилмоқда. “Маънавият” телеканалининг директори Воҳид Луқмон ҳақида эса бундай деб бўлмайди. У айни дамда ўзининг ошна-оғайнилари, дўсту-биродарларини ишга солган. Воҳид ишончли одамлари томонидан келтирилган таъма ва салмоқли сармоя эвазига ҳам ҳамёнини, ҳам штат жадвалини тўлдириш билан андармон. Ўртада воситачилар бўлганлиги сабабли, “Маънавият” телеканалига ишга жойлашиш, ўрнашиб олишнинг “ставкаси” бугунги кунда қимматлаб кетган. Балки, Воҳид Луқмоннинг бу ҳатти-ҳаракатларидан ЎзМТРК раҳбарияти бехабар дерсиз? Назаримда, Алишер Жўрақулович ҳам, Баҳром Ўтанов ҳам барчасидан хабардор. Бироқ бирортаси Воҳиднинг мушугини пиштламайди. Негаки. Воҳид Луқмон айнан ЎзМТРК раҳбарияти учун даромад манбаси ҳисобланади-да.  Хуллас, Зоир Қурбонов тепадан берилаётган “заказ”лар асосида, Воҳид Луқмон эса соққа эвазига фаолият олиб боришни йўлга қўйиб олишган. Мана, масалан, ўзим йил бошида “Маънавият” телеканали учун 3-4 та муаллифлик кўрсатуви тайёрлаб, тақдим этганман. Кўрсатувларим намойиш этилди, аммо ўзим шу телеканалга ўтай десам, олишмаяпти. Сабабини суриштирсам, анчагина чиқим қилишимга тўғри келар экан. Ноилож яна “Yoshlar” телеканалида, ўз жойимда қолишга мажбур бўлдим. Аслида бу жой ҳам ёмон эмасу, аммо, Хайрулла Нуриддиновнинг манманлиги, кибру ҳаволи қилиқлари кун сайин қуйишқондан чиқиб кетмоқда. Аслида, мен мана шу Хайрулланинг ноҳақ зуғумларидан қутилиш учун “Маънавият”гами, “Дунё бўйлаб”гами ўтиб кетмоқчи эдим, ўйлаб қарасам, ҳамма жойда хўроз бир хил қичқираётган экан…, – дея сўзига якун ясади ҳафсаласи пир бўлган тележурналист.

Очиғи, Зоир Қурбонов ёки Воҳид Луқмоннинг таъмагирлиги бизни у қадар ҳайратга солган эмас. Чунки Воҳид ҳам Зоир ҳам ўз раҳбарлари каби “ҳар ошиққа беш кун давр” эканлигини жуда яхши билишади. Уларнинг амалдаги ҳукумат келажагига, Ўзбекистоннинг эртанги порлоқ кунларига бўлган ишончи йўқ, тепадаги толотўпларни кўравериб, аллақачонлар ўлиб бўлган.

Порахўрлик эса Ўзбекистондаги амалдорларга “ота касбдек” бир гап. Гуёки “бобомерос”. Ўзбекистонда каттами, кичикми амал эгаси, раҳбар борки, пора олмаса, юқорига пора узатмаса, куни ўтмайди, аниқроғи, ўтирган ўрни мустаҳкам бўлмайди, омонат қолади.

Ҳа, энди Ўзбекистон амалдорларига хос тарки одатни Алишер Хаджаев, Хайрулла Нуриддинов ёхуд Зоиру Воҳид Лўқмонлар давом эттирса эттирибди-да. Уларам дунёга бир мартагина келади, бир мартагина курсига ўтиради-да. Майли, уларнинг таъмагирлигига пора бериб ишга жойлашаётган ходимлар бир амаллаб чидашар, аммо “Ўзбек телефильм” ДУКдек катта бир пирхонанинг, бутун бир бошли идорани еб битиришганларига ким чидаркин?  Ишсиз қолган юзлаб  ходимларнинг тақдирини ким ўйларкин?

 

Шербек РАСУЛБЕКОВ

тележурналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares