Ҳаммаси “Ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси” дастурлари бош муҳарририятининг муҳаррири Сурайё Раҳимованинг “аъло” деб топилган нақд 30 дақиқалик кўрсатувига 18 минг сўмгина қалам ҳақи қўйишларидан бошланди…
Табиийки, бир неча йиллик тажрибали муҳаррир меҳнатига қўйилган бунингдек номуносиб баҳодан норози бўлиб, «Yoshlar» телерадиоканали Хайрулла Нуриддиновнинг қабулига бош суқди. “Баддий кенгаш томонидан таъриф берилган ярим соатлик кўрсатувимнинг, меҳнатимнинг баҳоси 18 минг сўм турадими?” деди Сурайё Раҳимова норози чимрилиб.
Аслида, бундай бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Яъни, бир соатлик кўрсатувига бир сўм қалам ҳақи қўйилган тақдирда ҳам, «Yoshlar» телерадиоканали директори Хайрулла Боқижоновичга рўпару бўлишга бирор бир журналиcтнинг журъати етмайди. Чунки амал эсанкиратиб қўйган Хайрулла отлиғ бу боланинг дамига йўлиқишнинг ўзи бўлмайди-да. Уйидан авзойи бузилиб, жуфтидан кўнгли тўлмай келган кунлари зарб билан улоқтирилган гулдон қабулига кирган журналистни ё бошини ёради, ёки ота-онаси, етти пуштининг гўрига ғишт қаланади. Буни бу даргоҳда ишлаётган барча бирдек яхши билади. Сурайёнинг журъати масаласига келсак, у бундай ноҳақликдан кейин «Yoshlar» телерадиоканалига этак силтаб, “Тошкент” каналидан бошпана топишга муваффақ бўлганди. Бугундан бошлаб Хайрулла Нуриддиновнинг қўлига қарам эмаслиги ҳақидаги ўй унга куч берганми, ҳартугул, юрак ютиб Нуриддиновнинг қабулига кирган-да.
Бугун Хайруллабой ўнг ёни билан турганми, ёки яна битта ходимдан осонгина қутилиб, янги муҳаррир олиш олиш баҳона-ю сабаб соққа ишлаб олиш имконияти туғилиб қолганидан мамнун бўлганми, негадир унинг кайфи чоғ. Умрида илк бор муҳаррирни очиқ чеҳра билан қарши олди у:
– Сиздек журналистнинг иқтидоридан унумли фойдалана олмадик, кечирим сўрайман. Бу фақат менгагина боғлиқ эмас, – деди юзига сохта табассум ёйилган Хайрулла виқор билан, – Молиявий аҳволимиз оғир. Кўнгилдагидек эмас. Шунинг учун, ўзингизнинг ҳам хабарингиз бор, 4-5 ойдирки, “повтор” бериб ётибмиз. Оригинал кўрсатувларга ҳақ тўлашга қурбимиз етмайди. Бизни тўғри тушунасиз деган умиддаман. Янги иш жойингиз муборак бўлсин. Табриклайман, – қаршисида турган аёлга кутилмаганда қўл чўзди у.
Сурайё шўрлик ҳайрон, Сурайё бечора лол. Айтар гапи бўғзида қолган аёл ноилож директор хонасини тарк этди…
Бу Хайрулла деганини ўзи онаси раҳбарлик учун туққанга ўхшайди гуё. Бунчалик виқор, бунчалик маҳорат, бунингдек савлат айтинг, яна кимда, қайда бор?! Яна хонасига шаҳд билан кирган ходимни илондек эшилиб, икки оғиз ширин сўз билан эритиб, ёлғонларни дўндирганини айтмайсизми? Қойилмисиз? Аслида ҳам шундайми? «Yoshlar» телерадиоканали ҳақиқатдан ҳам иқтисодий инқироз ёқасидами? Ахир молия вазирлиги давлат бюжетидан йил бошида энг кўп ЎзМТРКга, хусусан, «Yoshlar» телерадиоканалига отнинг калласидек маблағ ажратганлиги ҳаммага ойдек равшанку?
Хўп, яхши, Хайрулла Боқижонович ҳақ ҳам дейлик, унда ходимларга қўйилаётган қалам ҳақларини қиёслаб, бииир тарозига солиб кўрайликчи?
Мана, масалан, “Ўзбекистон” телеканалида тер тўкаётган муҳаррирнинг ярим соатлик кўрсатувига 80 минг сўм қалам ҳақи берилаётган бир пайтда, Боқижонович тишининг ковагидан суғургандек қилиб, худди ана шундай ҳажмдаги маҳсулоти учун ходимига 18, нари борса 20 минг сўм гонарар улашмоқда. Лекин, бу ҳамма учун баробар жорий қилинган деб бўлмайди.
Айтмоқчи бўлганимиз, «Yoshlar» телерадиоканалида ҳамон ижтимоий тенгсизлик илдиз отмоқда. Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, Хайрулла Нуриддиновнинг ўз “одами”, аниқроғи, “қулоғи” бўлган 20 дақиқалик “Йўл-йўлакай” кўрсатуви маъмури (администратор) Регина Муҳаммадиевага кўрсатувнинг битта сони учун 18 000 сўм қалам ҳақи белгиланган бир пайтда, олий маълумотли тележурналист Сурайё Раҳимованинг ярим соатлик ижод маҳсули ҳам 18 минг сўм дея баҳоланганига нима дейсиз? Ваҳоланки, ТВда маъмурнинг иши нимадан иборат эканлигини бу даргоҳ ходамлари жуда яхши билишади. Маъмурнинг вазифаси сиз ўйлагандек, тасвирга олиш майдонига бориш, тасвир ишларини ташкиллашдириш эмас, бу юмушлар муҳаррирнинг гарданида, маъмурнинг энг асосий иши тайёр кўрсатув матнини олиб, “папка”га солиш ва ведомость тўлдириб, директор ва бош муҳаррирга имзо қўйдириш холос. Кўрсатув тайёрлаш учун ижодкорлик қилиш қаерда-ю, “папка” тўлдириш қаерда? Бунинг тафоввутини ТВда бир неча йлидирки ўрмалаб юрган илон, йўғ-э, инсон сифатида Хайрулла Боқижонович билмайдими? Билади-ю, бироқ маъмурга биргина хизмати учун эмас, “қулоқ”лиги учун ҳам ҳақ тўлайди-да. Бор иллат мана шунда. Сурайё каби муҳаррирларга ҳам мўмайгина қалам ҳақи керакми, марҳамат қилиб “қулоқлик” маҳоратини ошириб қўйсину соққасини олсин.
Ёки, мана бир қанча вақтдан буён «Yoshlar» телеканалида “Эртакчи болалар” деган 5 дақиқалик, эътибор қилинг, атиги 5 дақиқалик кўрсатув пайдо бўлган. У кўрсатув савил Худонинг берган куни – ҳафтада 7 кун давомида қош қорайди дегунча эфирга узатилади. Орангизда кўзи тушганлар бордир. Жажжи болакайлар ўзлари билганларича эртак айтишади. Ушбу кўрсатув муаллифи Мафтуна Ашурова ҳисобланади. Айнан Мафтунахонга ана шу “Эртакчи болажон”лар кўрсатувининг ҳар 5 дақиқали сони учун 20 минг сўмдан қалам ҳақи инъом этилади. Бу дегани 7 кунда 140 минг сўмми? Негалигини биласизми? Билмайсиз. Негаки, Мафтуна директор Хайрулла Боқижоновичнинг ўнг қўли бўлган режиссёр Қахрамон Ашуров ва актириса Зуҳра Ашурованинг қизалоғи, ва яна бир пайтлар директоримиз ошиғу беқарор бўлиб қолган, ақлидан оздирган “Давр”да сухандонлик қилган қизимиз Ирода… (келинг, отини отоқламай қўя қолайлик)нинг жияни бўлади-да. Энг қизиғи, Мафтунахонни «Yoshlar» телерадиоканалидаги аксарият ходамлар билишмайди, танишмайдиям. Чунки, Мафтуна Ашурованинг номи бору, ўзи йўқ. У ишда қорасини кўрсатиб ўтирмайди. Қизалоғининг ўрнига режиссёримиз Қахрамон Ашуровнинг ўзи тер тўкиб қўя қолади. Ҳа, нима, Хайрулланинг “одамлари”га ҳамма нарса мумкин-да! Эътирозингиз борми? Дарвоқе, яна бир гап: аслида, “Эртакчи болажонлар” кўрсатувининг қалам ҳақи муаллифга эмас, ТВ қоидасига кўра, эртак айтгиб кўрсатувди иштирок этаётган болакайга тўланиши шарт. Аммо бундай бўлмайди. Хайрулла билан Қахрамон ака деган шаввозлар бунинг ҳам йўлини топишган. Яъниким, улар кўрсатувда иштирок этиб, эртак сўйлаётган ҳар бир болакайнинг ота-онасидан “Кўрсатувда иштирок этганлиги учун бизнинг фарзандимизга гонарар керак эмас” деган мазмунда тилхат ёздириб, паспорт нусхалари билан бирга “тикиб-чатиб” – “ҳужжатлаштириб” қўйишни ҳам унутишмаган.
Гапнинг индаллосини айтганда, кўрсатувга чиқишнинг ўзи ҳам пул туради-ю бизда. Ўша ота-оналар фарзандларининг кичик бир кўрсатувдаги иштироки учун директор ва муаллифга сарф-харажат қилишмаганларига шукур қилишсин! Эҳтимол, чиқим қилаётганлар ҳам топилиб қолар, янаям ким билади дейсиз?…
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди, деганларидек, ўз “қулоқ”лари-ю “одам”лари, бир ҳовуч тўдаси билан майда-майда қилиб ямламай ютганидан кейин Хайрулла Боқижоновичга молия дош берармиди? Аҳвол шу зайилда давом этадиган бўлса, «Yoshlar» телерадиоканалининг иқтисоди инқироз ёқасига бормай нима қиларди, боради-да!
Шербек РАСУЛБЕКОВ
тележурналист



