Муаззам ИБРОХИМОВА
Ҳар йили байрам арафасида 8-март дунёнинг турли бурчакларига саёҳатга отланар экан. Мақсади ҳар хил миллат аёлларининг турмуши билан танишиш ва уларга, ўз қўллари билан соағаларни топшириш ва шу баҳона саёҳат қилиб келиш экан. Бу йил ҳам тарки одат амри маҳол деб, кўзини чирт юмиб, харита устида соққачасини думалатибди… Соққача юмалаб-юмалаб Ўзбекистон устида тўхтабди. 8-март аёллар хуш кўрадиган совғаларни яхши биларди. Шунинг учун катта қопига Армани, Гуччи каби машҳур ифорли атирлардан, олмосу, ёқутлар билан безатилган тилла тақинчоқлардан, Парижнинг энг зўр мода ҳафталикларида намоиш этилган кийим-кечак ва бир олам гуларни жойлаб сафарга отланибди.
Унинг учар товоғи тонг саҳарда Ўзбекистон худудига келиб қўнибди. Қараса, ғаройиб жойлар эмиш. Кенг далалар, сарҳади осмонга туташиб кетган боғу-роғлар ва жилдираб оқаётган ариқдаги зилол сувларга мафтун бўлибди. Ие, аллақачон аёллар уйғонибдими? Ана, бири кўча супураётган бўлса, бири ариқ лабида аллақандай гиёҳларни териш билан овора. Яна бир нечтаси катта қозон атрофида тўпланиб олиб, иси ёқимли таомни пишираётган эканлар. Қизиқ, дебди 8-март Европалик танноз ойимчалар бу вақтда ҳали донг қотиб ухлашаётган бўлади. Бу юрт аёллари жуда ғалати эканми? Ёки бу байрамолди ўзгача бир тайёргарликмикин? Тозалик, орасталикни ҳам роса қойиллатишар экан. Баъзи давлатларда йиғиштирилмаган ўрин-кўрпасида, ювиқсиз гўзалларга ҳам совғалар топширишга мажбур булган 8-март роса хафа бўлганди. Нахотки, стол устидаги кечаги базму жамшиддан қолган идиш-товоқларини ҳам йиғиштириб қўйишмасая деб кайфияти тушиб кетарди. Байрамга таёргарлик мана шунақа бўлади. Ораста хонадон бекаларини қутлашга нима етсин. Ана, катта қозондаги таомга қараганда, улар мени аҳиллик билан, нозу-неъматларга тўла дастурхон атрофида ўзгача кутиб олишади. Лекин эркаклар қани? Ҳа, тушунарли, улар совға олгани кетишган. Жаннати юрт экан! Ишқилиб, олиб келган совғаларим аёлларга манзур бўлсин-да! Шарқ аёлларини ўта нозиктаъб бўлади»деган ҳавотиру хаёллар билан ариқ лабида гиёх териб ўтирган аёлга яқинлашибди.
– Ҳорманг, – дебди у нарироқда турган бир аёл қиёфасига кириб, – Нима теряпсиз?
Озғингина, қорачадан келган аёл унга «осмондан тушдингизми нима бало?»дегандай қараш қилибди:
– Нима теряпман? Ҳозиргина кўришганимда айтдимку, Робахон. Ялпиз, ургилай қўшни, ялпиз.
8-март янада хурсанд бўлибди. Демак, бу юрт аёллари ялпиз деган гиёҳдан ўз қўллари билан пардоз воситасини тайёрлашади. Қадимги Шарқ шуниси билан машхур бўлган-да! Европа аёллари турган битгани кимёвий унсур бўлган пардоз воситаларини юзларига чаплайверишади. Қойил!
– Илтимос, менга ҳам унинг таёрланиш усулини ургатинг?
– Нимани?
– Ялпизли кремми, суртмами? Ҳа, топдим. Сиз уни сувга солиб, тинчлантирувчи ванна қабул қиласиз.Таббий релаксация денг?
Озғин аёл қўшним мен билан ҳазллашяпти деб, шарақлаб кулиб юборибди:
– Ўлманг Робахон, ўлманг! Парфюм Гелерини бўлимини очаман қўшнижон. Телевизорда реклама қилавериб жонга тегишди. Нима бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайдими.
– Бизнесс қилмоқчимисиз?
– Албатта, – дебди аёл ишини давом эттириб, – нимага қилмас эканман? Ялпиздан атир, жағ-жағдан пудра, отқулоқ ва исмалоқдан ҳалиги нима дедиз, оти қурсин. Реклак….релак…э реласассия деган ванналар ясаб сотаман. Рекламасиям керак эмас, ўзингиз етти маҳаллага тарқатиб чиқасиз қўшни.
8-март қаршисида ўтирган қувноқ ишбилармон аёлга қойил қолибди. Унга нима совға қилса экан? Бундай аёллар ўта нозик бўлишади. Фақатгина синалган ва табиий пардоз воситаларидан фойдаланишади. Унга Дойче Габбанининг энг зўр либосини совға қиламан. Базмларга кияди.
«Робахон» ялпизини териб, қўлини ювиб олган қўшнисига қиймати 1000$лик зумрад тошлар қадалган куйлакни бериб, бу байрам совғаси эканини айтибди. Аёл куйлакнинг у ёқ, бу ёғини қараб, яна кулиб юборибди ва қўшнисининг қўлига қайтарибди:
– Бу зормандани қаттан олдиз дугон? Нима, мен сизга саҳнада ашилла айтадиган артисмидим? Орқаси, кўкраги очиқ кийимларни фақат анавинақалар кияди. Эрим сўйиб қўймасин буни кийсам. Ундан кўра тўнғичизи кофта, юбкаларини берсангиз, хурсанд бўлардим…
8-март ҳозиргина шарақлаб кулиб турган аёлнинг бирданига хафа бўлиб қолганига тушунмабди.
– Фарангизим бир ҳафтадан бери мактабга бормаяпти. Кийимлари ҳолалариники эди. Титилиб кетибди-да, шўрликни. Уяляпман деяпти. Бурхонжонимнинг дориларига кетиб қолди-да пулимиз Робахон. Тошкент дегани ямламай ютаркан ўзиям. Дориси фалонча, дўхтир ҳаққи писмадонча.
Майли, яхши бўлиб кетса мингдан-минг розиман.
Аёл анграйиб қолган 8-мартдан узоқлашар экан, мижжаларига қалққан ёшни беркитиб илжайибди:
– Ҳа-я, Робахон, кўк чучварага чиқинг. Болаларим нонуштада иссиқроқ нарса есин дегандим.
Ғалати аёл экан, хаёлидан ўтказибди меҳмон. Бир кулади, бир йиғлайди. Касал шекилли. Майли, анави хотинларнинг ёнига борай.
У бир думалаб ҳозир суҳбатлашган аёл қиёфасига кириб, қозон бошига яқинлашибди.
Хотинлар катта қозон ичидаги таомни негадир димлаб, энди тарқалишаётган экан. Уни кўриб сўрашиб, ҳозиргина бўшаган тахта сурига қайтишибди.
– Яхшимисиз Ўлмасхон, тузикмисиз? Бурхониддин яхшими? Майли, хафа бўлманг. Бу ҳам бир синов-да! Ҳали отдек бўлиб кетади.
8-март бу саволлар ўзига тегишли эмасдек жим эшитиб, сўнг бақалоққина хотинга гап ташлабди:
– Хўш, кимнинг эри қанақа совға олиб берди байрамга? Ёки эркаклар кўринмаётганига қараганда сюрпиз эртага бўладими?
Хотинлар хандон отиб кулиб юборишибди. Сумалак боши Тожихон:
– Ўлмасхон, нима, чап томониз билан турдизми? Қанақа байрам? Э, ҳа 8-марта! Ҳа, майли, айта қолай: мени эрим донга кетганди. Товуқ бечоралар ҳам байрам қилсин-да! Қўшни тўкиб қўйган гунгни титавериб, тагидаги аспалтини ҳам еб тугатишди. Жамилахон сизи эриз қатга кетганди?
– Маникими, Сочига!
– Вой дам олганими? Қандай яхши! – дебди 8-март, хурсанд бўлиб, эр-хотин бирга бормадингизми?
Шаддод аёллар «бу хотинга нима бўлди? Нахотки, девор-дармиён қўшнисининг эри нима мақсадда кетганини ҳалигача билмаса, ё атайин сўраяптими дея яна ҳазилга буришибди.
– Вой, ҳаммамамизнинг эримиз дам олишга кетган-ку? Жамилахоннинг эри Олимпиада учун қурилаётган беш юлдузли мехмонхонада кайфини суриб юрибди. Меники Оренбургда беш йилдан бери қурилишда дам олади.
– Бу ерда ҳам турфирмалар жўнатадими?
– Ҳа-да, – давом этибди жувон, – Мардикория деган зўр фирма бор. Ана, Сожиданики Уфада, Муқаддасники Тюменда, Роҳиланики Кореяда. Хуллас, мазза қилиб юришибди. Фақат сизнинг эрингиз гу…
Қувгина Озодани Тожихон опа деганлари чимчилаб олмаса «сизники гўрда» деб Ўлмасхонни ранжитиб қўйиши муқаррар эди.
Вой гап оҳанги Ўлмасхонга заррача таъсир қилмадия, тиржайиб турибдими?
8 март эрлари ёлғиз дам олиб юрган, берашк аёлларга ҳайрон қолибди.
– Айланай қўшнилар, майли, бир эрларсиз яйрайлик. Қирилиб кетсин уша Робинзонлар! Хўш, байрамни қайси ресторанда нишонлаймиз? – қозонга ишора қилибди байрамой.
– Овқатни кўплигига қараганда, эрлари Мардикория турфирмасидан кетган аёллар кўп шекилли. Майли, бир яйрайлик!
Хотинлар Ўлмасхоннинг алмойи-жалмойи гапларидан сесканиб кетишибди. Ҳозиргина ялпиз тераётиб шарақлаб кулаётганди, кейин йиғлади. Энди ресторанда ўтирамиз деяптими? Бояқишнинг эси оғиб қолибди. Осон эмас, аваал юриб кетган трактор тагида эри ўлди, сўнг онасига қарашаман деб, «эллик тўртчилик»лик билан шуғуллана бошлаган тўнғич ўғлини чегарада аскарлар отиб қўйди. Манна, энг кичкинаси ҳам ярим жон бўлиб қолди. Жигари цирроз экан. Сариқ қайталанганидан бўлган-да, бу қуриб кетгур дард. Шўрликнинг исми Ўлмас, ўзи аллақачон ўлиб бўлган.
Қўшнилардан бири уни хафа қилиб қўйишдан чўчиб, авайлаб елкасига қоқибди:
– Вой, Ўлмасхон Ресторан сиздан айлансин! Қайсинисида ўтирайлик? Мана, қозондаги сумалакни даст кўтариб кетаверамиз-да.
– Яшасин! – чаппак чалиб юборибди Ўлмасхон, – Унда, мен сизларга аввал совғаларингизни берай, кейин қаерга десангиз кетавераман.
Ғалати нусхадаги қопдан қимматбахо тошли тақинчоқларни улаша бошлага телба аёлни кузатиб, аввал, тиллари калимага келмабди. Сўнг қўлларидаги олмос кўзли сирға, узукларни тез-тез қопга тиқишибди.
Вой, кимникидан ёки қайси дўкондан ўғирладийкин буларни? Эси оғиб, нима қилаётганин ҳам билмаяпти шекилли, шўрлик! Эссиз, эссиз шундай аёл увол бўлибди.
– Ўлмасхон, қўйинг, хафа бўлманг. Буларни биз кўрмадик, деб ҳисобланг. Йўқ, тўхтанг, ҳозир сиз билан бирга бориб, уларни олган жойингизга билдирмай ташлаб келамиз. Дўхтирлар пул дейишган бўлса, ҳавотир олманг, мана, маҳалла-куй туриб берамиз яна.
8-март шундай ноёб, ҳар бири ягона нусхада ясалган тақинчоқларни олмай, қопга қайтариб солаётган хотинларни эшитмасди. Қанақа юрт бу ўзи? Америками, Лондондами бу зеб-зийнатларни кўришганида борми? Бошига бир уриб, қопи билан бирга олиб қўйишарди.
Садқайи совға кетсин буларга! Эрлари зўр топса керак деб ўйласа, эгнидаги кийимларидан унақага ўхшамаса. Назаррлари шунчалик тўқмикин? Э боре, бошқа аёлларни табриклайман, дея қопини судраб улардан узоқлашибди.
Бир ҳовлига аста муралабди. Жаҳли чиққанидан асл қиёфасига кирибди ва «Ким бор?» деб остона ҳатлабди.
Бир-икки чақиргач, ичкаридан «келаверинг»деган сас келибди… Хонадон ичкарисига кириб қараса, ҳали қирққа ҳам кирмаган бир аёл каравотда ётган экан. Унинг кўзлари ожиз эди.
Саккизинчи март, ўзини тантанавор таништирмоқчи эди. Аммо ўсал ётган бу жувонга раҳми келибди.
– Мен меҳмонман синглим. Савобли ишлар билан шуғулланувчи ташкилот раҳбариман. Эртага байрам, шунга ҳолингиздан хабар олгани келгандим. Кейин совға дегандай…
Ожизанинг кўзлари чарақлаб кетгандай бўлибди:
– Ҳеч нима керак эмас, меҳмон. Фақат ўтган йили бизга давлат томонидан ажратилган соғин сигирнинг дарагини топиб беринг. Ҳамма маҳаллаларда бизга ўхшаган кам таъминланган оилалар олиб, соғиб ичиб юришган экан. Беш-олти ой олдин қишлoқ фуқоролари кенгашининг раиси уйимизга келиб «сизга сигир беряпти хукуматимиз» деса роса хурсанд бўлибман денг. Икктта қоғозга қўл қўйдириб кетганди. Томи очиқ оғилимизни хўжайинимга шошилинч ёптириб ҳар куни сигир пойлабман Қўшниники мўраса ҳам, дик этиб ўрнимдан туриб, туртиниб-суртиниб ҳовли этагига бориб келаман. Раисамиз Азизахон менга «сигирни олдим»деб қўл қўйдирвогани етти ухлаб тушимга кирмабди. Кўзларим кўрмайдида ургилай. У беш-олтита Тошкондан келган меҳмонни уйимга бошлаб келгани-да, қўшнимнинг сигирини пракатка олиб, оғилимизга боғлаб телевизорга олибди. Буни бутун қишлоқ билади. Лекин ҳеч ким, ҳеч нарса демайди. Тепада опахони бор-да уни, кейин шаҳар прокурори ҳам танир экан уни. Болаларимнинг оғзи оқарсин дегандим насиб қилмади. Олдин ўзимизда бор эди говмишимиз, ҳаммаси мени даволашга кетди. Икки марта апараца бўлдим-да бошимдан. Вақтида тўғри ташхис қўйишмай нотўғри даволашгани учун кўриш нервларим бутунлай емирилиб, кўр бўлиб ўтирибман.
Қишлағда ҳар куни свет йўқ… Кўр кўзга чирағ нимага керак деманг, меҳмон. Болаларим қийналиб кетишди. Яначи, агар қўлингиз узунроқ бўлса, шу қизимни ишга жойлаб қўйинг. Коллежни битиргандан бери ишсиз. Аввал менга қарарди. Ҳозир ўзимни анча эплаб олганман. Ҳовлида еталашмаса ҳам юравераман. У ишламаса бўлмайди. Мени пенсиям оз, дадамиз ҳам ҳаминқадар ойлик олади.
Меҳмон аёлга аста яқинлашибди:
– Опажон, қўйинг шу ҳасратларни. Бу қишлоққа келганимдан бери фақат дарду достон эшитяпман. Мени ўзи биров нишонлайдими бу ерда?! Энди қийналмайсиз, опа. Манави қопдаги ҳамма бойлик сизники.
Аёл қўлига тутқазилган қопни ҳаттоки очиб ҳам кўрмай, эгасига қайтарибди.
– Бизга бировники керак эмас. Сигирни олиб берсангиз хам етади.
8-март бу хаста аёлнинг ҳасратига ортиқ бардош бера олмай, кўчага отилдибди. Одамлардан суриштириб. Азиза деганнинг уйини топиб, шаҳд билан ичкарига кирибди. Унга айтадиганлари кўп эди. Аммо бир ногиронни алдаган шайтонони башарасини кўргиси келмай қопини ҳашаматли ҳовли сатҳига отиб. «Жазоингни ол, илоҳим» деб қарғабди-да, товоғига ўтириб учиб кетибди…
Эртасига юз-кўзи кўкарган, «ҳеч қанақа прокурор ўйнашим йўқ, бу нарсаларни ҳовлимизда ётган қопдан топгандим» деб додлаб қочаётган Азиза, унинг орқасидан кетмон кўтариб чопган эри кўрсатган томошадан бўлак, ҳеч нима ўзгармабди. Қишлоққа 8-март келиб кетганини хеч ким сезмабди.



