8-март – хотин-қизлар байрами.
Бугун аёлларимизга байрам татияптими деган саволга жавоб қидириб кўрамиз.
Аёллик. Унинг китобларда ёзилмаган, аммо темирдек мустаҳкам қонуниятлари, эьтиқодлари ва ўтиши мумкин бўлмаган чегара-чизиқлари бор биз ўзбекларда. Назаримда жами гўзаллик ҳам, жами жоҳиллик ҳам аёллардан бошланади десак муболаға бўлмас. Аёллик дунёси шундай бир қалтис оламки, бу зотнинг нуқтадай гуноҳи эрларнинг юз гуноҳидан оғирроқ, оғриқлироқдир. Аммо гуноҳлар содир бўлмоқда. Бу гуноҳларнинг сони ортиб бормоқда, унинг залвори, зилзиласи дунёга ёйилмоқда.
Тан олиш керак, мамлакатимизда аёлнинг ҳурматини-иззатини жойига қўйиш, унинг бахти-саодати учун етарли даражада қонуний ҳужжатлар чиқарилиб қўйилган. Уларни ҳаётга тадбиқ қилишда эса оқсоқликка йўл қўйилмоқда. Жуда кўп ишлар қоғозда қолиши натижасида, амалда аёл етарли даражада ҳимояга эга бўлмаяпти. Шунинг учун улардан “мардикорлар груҳи” ташкил топди. Ҳозирги кунда қайси шаҳарга ёки қишлоққа борманг, мардикор эркакларга нисбатан, мардикор аёлларнинг сони ортиқ. Улар пул топиш, тирикчилик қилиш учун иш танлаб ўтирмайдилар. Далада кетмон чопишдан тортиб, бетон қуйиш ишларигача бажармоқдалар. Тонгдан, кўз қорайгунча қиладиган бу иши учун арзимас мардикор пули оляпти. Уларни қулдек ишлатаётганлар билан на маҳалланинг, на хотин-қизлар қўмитасининг ва на ҳукуматнинг иши бор. Улар Давлат ҳимоясидан йироқдалар. Илгари бирорта аёл оила аьзоларисиз ҳорижга боришни ҳаёлига келтирмас эди. Бугун-чи, бугун хатто, ўзбек қизлари Россия, Корея, Дубай, Туркия, Араб Амирлиги каби қатор мамлакатлар узра сочилиб кетганлар. Чет элларда аёлллар кўпрок фахш ишлари билан шуғулланмоқдалар. Буни яширишнинг иложи, имконияти ҳам йўқ. Чунки, дунё матбуоти буни ёзиб ётибди.
Жиноят оламида ҳам бугун аёллар етакчи ўринларга чиқиб оляптилар.Улар жиноятдан жирканмаяпти, гиёхвандликка ружу қўйиб, гиёҳванд моддалар савдосининг воситачисига айланяптилар.
Ҳитой, Қирғизистон, Туркия, Хиндистон, Дубайдан ноқонуний мол ташиётганлар ҳам аёллар. Қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилганлар ҳам улар. Эркакларчи, эркаклар деган савол туғилади. Улар учун шаҳарда, қишлоқни гапирмаса ҳам бўлади, оиласини тебратишга етадиган маош олиб ишлайдиган иш жуда кам. Борлари банд, бўш ўрин йўқ. Яхши маош тўлайдиган жойга ишга кириш учун 1-2 миллон сўм пора беришга тўғри келади. Ишламаган одамда бу пулнинг ўзи йўқ. Натижада, рўзғорни тебратиш, бола-чақага қўшиб эрни боқиш аёлнинг зиммасида қолиб кетяпти.
Миллатнинг бошланиши аёлдан, миллатнинг яхшиланиши аёлдан дейишади буюк алломалар. Аёлнинг аҳволи тирикчилик чангалида бўлса, у кимни тарбиялаб беради жамиятга? Ана шуниси жумбоқ.
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати котиби



