ЎЗБЕКИСТОН: МИЛИЦИЯ ХОДИМЛАРИНИНГ ЗУЛМИГА ҚАРШИ ОНА-ЎҒИЛ ОЧЛИК ЭЪЛОН ҚИЛИШГАН

 

Тошкент шаҳар, Чилонзор, 6-даҳасида истиқомат қилувчи Лариса Григорьева Ўзбекистон “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг фаоли ҳисобланади.  Лариса Григорьеванинг ҳуқуқбон сифатидаги фаолияти унга жуда қимматга тушадиган бўлди. Гап шундаки, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида адолат истаган аёлнинг овозини ўчириш мақсадида ҳар доимгидек Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари унинг ўғли Григорий Григорьевдан фойдаланишга қарор қилишганди. Бу каби бедодликлардан безиб кетган она-ўғил ўзларига нисбатан қўлланилган босим ва адолатсизликларга қарши очлик аксияси ўтказишга қарор қилишган.

Бугун, 28 февраль куни Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ва “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқуловалар Лариса Григорьева ва ўғлининг ҳолидан хабар олиш мақсадида уларнинг хонадонида бўлишди.

Суҳбат жараёнида бошига тушган кўргуликлар хусусида ҳуқуқбоннинг ўзи шундай ҳикоя қилади:

– Мен қонун устиворлиги борасида кураша туриб, ўз даҳамизда фаолият юритаётган фоҳишахона ҳақида тегишли юқори ташкилотларга хабар бердим. Бу ҳаракатим Чилонзор туман Ички ишлар бўлими инспекторлари Абдурашид Ашрапов, Исроил Қурбонбоев каби ходимларга хуш келмади. Чунки инспекторларнинг ўзи ушбу фоҳишахонадан моддий манфаат кўришаркан. Барча бало ана шундан бошланди. Аввалига улар Ғофур Ғулом паркида Чилонзор туман ИИБ ходимлари И. Назаров ва Омоновлар 16 ёшли ёлғиз фарзандим Григорийни тутиб олиб, уласи қилиб калтаклашган. Бошидан жароҳат олган болам хушини йўқотган. Бунинг натижасида, 7 кун давомида шифохонада ётиб, даволанишига тўғри келди. Мен бу қонун идоралари ходимларининг устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақида арз қилганлигим сабабли, уларнинг ҳамтавоқлари, айнан, инспектор А. Ашрапов ва И. Қурбоновлар  менинг ишда эканлигимдан фойдаланиб, тунда уйимга бостириб кириб, ўғлимни уриб, оғир тан жароҳати етказишган. Қонун поспони бўла туриб қонунни топтаётган ИИБ ходамлари билан шу-шу ўртамизда катта кураш жараёни кечмоқда. Улар ҳатто Григорийни уйдан ўғирлаб, Сирғали туманидаги катталар вақтинча ушлаб туриладиган хибсхонада сақлашгача бориб етишди. Мана, энди, бугунги кунда улар ўғлимдан батамом қутилишни режа қилишган. Айни дамда улар ўғлимга мобиль телефонини ўғирлашдек айбловни ёпиштиришга уринишмоқда. Ўғлимнинг тақдиридан ташвишланиб, бош уриб бормаган идорам қолмади. Ҳамма жим. Натижада, ИИБдаги эгнига форма кийган ҳақиқий жиноятчилар бир ёқда қолиб, менинг фарзандим жазоланиш арафасида.

Мамлакатдаги бу каби адолатсизликлар мени очлик эълон қилишга мажбур этди. Мен буни умуман истамасдим, бироқ, ўғлим Григорий ҳам менга қўшилиб, оч ўтиришга қарор қилди. Биз 26 февраль куни кечки соат 21.00 да очликни бошладик.

–                Очлик эълон қилишликдан асосий муддао нимада? – деган саволимизга, Лариса Григорьева шундай дея жавоб қилди:

–                Биз жамиятдаги адолатсизликларга нисбатан ўз норозилигимизни очлик аксиясини ўтказиш орқали намойиш қилмоқчимиз. Мақсадимиз, паймол бўлаётган ҳуқуқларимизни тиклаш.Токи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари жазога тортилмас экан, ИИВ идораларида тартиб-интизом, адолат ўрнатилмас экан, биз очликни тўхтатмаймиз.

–                Ушбу ҳаракталарингиздан бирор бир наф чиқишига ишонасизларми? – навбатдаги саволни ташладик.

–                Албатта, умидимиз катта. Агар ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда инсон манфаатлари устун бўлса, менинг ва ҳали балоғатга етмаган ўғлимнинг очлик азоблари зое кетмайди деган фикрдаман.

–                Очлик азоби қийнаб қўймадими?

–                27 февраль куни кечаси юрагим лоҳас бўлиши натижасида, тунги соат 21.30 да тез ёрдам чақиришимизга тўғри келди. Роппа роса бир соат деганда тез ёрдам етиб келди. Қон босимим 160 га чиққан экан, укол қилиб кетишди. Ҳозир кунлар қисқалиги ва ҳавонинг намлиги бизга оз бўлса-да кўмак бермоқда, – дейди Лариса Григорьева.

–                Мени Сирғали туманидаги хибсхонада ноқонуний ушлаб туришганларида, уч кун овқат беришмаганлари сабабли, анча чиниқиб, ўрганиб қолгандим очликка, – дея онасининг сўзларини ҳорғин табассум билан давом эттирди Григорий, – Йигит кишиман, чидашга ҳаракат қиламан. Фақат фойдаси бўлса бўлгани…

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Лариса ва Григорий очлик аксиясини давом эттира туриб ҳам, ўз уйларида ҳаловат ниманилигини билишган эмас. Сабаби, Григорийга нисбатан очилган жиноят иши айни дамда Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўрилмоқда. Она-бола эса, ушбу ноҳақликлар юзасидан арзнома кўтариб, 27 февраль куни эрталабдан то қош қорайгунга қадар омбудсман Сайёра Рашидованинг қабулига кириш учун қабулхона эшиги тагида кун узоқ илҳақ туришга мажбур бўлишган.

– Шунингдек, мен Олий хўжалик судида бир ставка фаррош бўлиб ишлайман, – дейди Л. Григорьева, – Менинг бошқа бирорта даромад манбаим йўқ. Шу сабабли, ишлашга мажбурман. Мана, икки кундирки тонг саҳардан Олий хўжалик судида фаррошлик амалиётимни утаб, қайтмоқдаман.

Гап орасида Ларисанинг қанча маош эвазига ишлашига қизиқиб кўрдик. Буни қарангки, Л. Григорьева Олий хўжалик суди биносининг  ўзига ажратилган 800 кв.м майдонини ҳар куни тонгда  ювиб-тараб, бир ставка тўлиқ  фаррошлик қиларкану, мана шу бир ойлик пешона тери эвазига бор йўғи 150 000 (бир юз эллик минг) сўм маош оларкан.  Энг ачинарлиси, Лариса Григорьева ҳатто очлик аксияси давомида оч-наҳор бўлишига қарамасдан, ана шу арзимаган 150 000 сўм учун ширин жонини хатарга қўйишга, пол ювишга мажбур.

Демоқчи бўлганимиз, биргина мана шу маош масаласининг ўзидаёқ Ўзбекистонда инсон қадриятлари, қадр-қиммати  нақадар юксаклигини, олий чўққида эканлигини кўриш мумкин. Шундай бир шароитда айнан ҳукумат тизимларидан жабр кўраётган она-боланинг ўз соғликларига хавф солиб, оч ўтираётган кунлари бирор бир самара бераришинику, биз чин дилдан истардик, лекин… Бирор бир наф чиқармикин?  Нима дедингиз?

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати матбуот хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares