Оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият сифатида эътироф этилади. Сабаби бошқа ҳокимиятлардан фарқли ўлароқ оммавий ахборот воситалари жамиятни бевосита халқни ижтимоий фикрини шакиллантириш орқали бошқаради. Унинг қуроли асосан ахборот ва фикрдир.
Журналист оддий фуқаролардан фарқли ўлароқ, ўз шахсий ҳуқуқ ва манфатларидан келиб чиқиб фойдаланмайди (фойдаланмаслиги керак), у ўз ўқувчиларининг фуқароларнинг халқаро, конститутциявий ва қонунчилик меъёрларида кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида журналистик фаолиятини амалга оширади. Шунинг учун, дейлик, у мансабдор шахслар ҳузурига ахборот сўраб боради ва бу ахборотни оммавий ахборот воситаларида тарқатар экан, бу ҳаракати билан муҳим ижтимоий вазифани бажаради – демократик тузимнинг моҳиятига кўра халқ иродасини ифодалиши лозим бўлган давлат ва жамоатчилик идораларининг ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади, “халқнинг кўзи қулоғи ва тили” сифатида ҳокимятни Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 2 моддасида таъкидланганидек ҳокимятнинг ягона манбаи бўлган халққа боғлаб туради. Шунинг учун журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари муҳим ижтимоий сиёсий аҳамият касб этади, шунинг учун дунёда журналистнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилиш жамият манфаатларига жиддий путур етказадиган жиноят сифатида қаралади, шунинг учун омавий ахборот воситалари “тўртинчи хокимият” сифатида эъзозланади. Бошқа ҳокимят турларидан фарқли ўлароқ оммавий ахборот воситалари жамиятни бевосита амал қиладиган қонунлар (парламент), буюруқ ва фармойишлар (ижро хокимяти), хукм, қарорлар (суд хокимятлари) орқали бошкармайди, зулм ўтказмайди. Оммавий ахборот воситалари халқни унинг ижтимоий фикрини шакиллантириш орқали бошқаради.
Бугун халқ оммавий ахборот воситалари ходимларидан жасорат билан тайёрланган, чуқур таҳлилга асосланган, мулоҳазали долзарб чиқишларни кутмоқда. Лекин, ҳамма вақт ҳам бунга эришиляпти, деб бўлмайди. Дадиллик ва журъат етишмайди уларда.
Цензура ҳамон журналистларнинг, мухарирларнинг вужудида яшамоқда. Агар шундай бўлмаганда эди, журналистлар қонуний хақ хуқуқларидан, эркинликларидан фойдаланиб рўй рост ёзишга одатланган бўлардилар.Таъсирчан чиқишлар сони кўпаярди.
Бу борада нодавлат ОАВлари журналистлари жуда эҳтиёткоргина бўлиб қолмай, бундай мавзуларга мурожаат этмай қўя қоладилар. Ўқувчи учун жуда зарур бўлган ҳуқуқий мавзудаги ахборотдан кўра қайсидир нашрдан топган “Инсоният тарихидаги буюк фирибгарлар” сарловҳали мақолаларни ҳам бемалол чоп этадилар. Қаранг, буюк мутаффакир, олим, инсон бўларди. Улар жамиятга фойда келтирган инсонлар. Энди буюк фирибгарларни ҳам тағиб қилишяпти. Бу билан ўқувчиларга фирибгарлик қилиб буюк деган ном қолдириш мумкинлигини тарғиб қилмоқчиларми, билмадим. Яна “Хотинимни эри эгаллаб олди” деган 60 ёшли газетхоннинг бошидан ўтган воқеа ҳам ёритилган. Бу ўзбекона удумларимизга кўра эркакларнинг оила бошлиғи сифатида ғурури йўқолиб бораётгани тарғибидан бошқа ҳеч нарса эмас. Шундай тутриқсиз мақолалар билан газетани тўлдириш ўрнига тингловчи, ўқувчилар оммаси кутаётган янгиликларни бериш зарур. Кенг халқ оммаси иқтисодий тикланишни моддий фаровонлик бошланиши, нарх-наво пасайиши ёки яна кўтарилмаслигини, солиқлар камайиб, нафақалар ва маошлар кўпайишини, ишсизлик камайиб, экалогик муаммолар бартараф этилаётгани, мактабларда болалар учун тушликлар тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни кутади. Аммо, бундай хабарлар йўқ. Унинг ўрнига “Саньат олами” рукини остида турли ўрта миёна саньаткорлар ҳақидаги суҳбатлар, 60 ёшдан ошган саьнаткорга “Бир кўрсатувда муҳаббат ҳақида гапираётиб кўзларингиз ёниб кетганини кўрганман” деган ёш мухбирчаларнинг тутуруқсиз саволлари хоҳлаганича топилади.
ОАВларини тижорат манбаига айлантириб, бу каби журналистлар томонидан махсус таклиф ёки эҳтиётсизлик биланми ёки саводсизлик туфайлими ёхуд атайин қилинган ҳар бир хато ва қонунбузарлик журналистларнинг ўзига қарши ишлайди, журналист касбининг обрўсини тўкади, оммавий ахборот воситаларининг қадрини туширади, уни маънавий, сиёсий ва молиявий таназзулга судрайди.
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот котиби



