Ўзбекистонда қонунчилик асосида 4 партия рўйхатдан ўтган. Ўзбекистон халқ демократик партияси, ишбилармон ва тадбиркорлар либерал демократик партияси, «Адолат» социал демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси фаолият юритиб келмоқда.
2009 йилнинг 27 декабрь кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайловлар арафасида респондентларнинг 27,3 фоизи ХДП, 18,9 фоизи ЎзЛИДЕП, 12,6 фоизи “Адолат” СДП, 5,5 фоизи эса “Миллий тикланиш” партияси номзодларига овоз беришини башорат қилган сўров натижлари ҳақиқатан йироқ бўлиб чиқди. 2010 йилнинг 10 январь кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлари сайлови буўйича 39 та, маҳаллий кенгашларга эса 779 та сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилди ва унинг натижасига кўра парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари корпуси шакилланди.
Яъни, сайлов натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Либерал – Демократик партиясидан 53 нафар, Халқ демократик партиясидан 32 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 31, “Адолат” социал-демократик партиясидан эса 19 нафар депутат сайланган.
Сайловларда “Адолат” социал демократик партияси маҳаллий кенгашларига сайланган 6143 депутатдан бор-йўғи 442 ўринни эгаллаши ҳам мамлакатда фаолият юритаётган 4 та сиёсий партиялар ичида энг паст кўрсаткични эгаллаганини кўрсатади. Ушбу партиядан Наманган ва Навоий вилоятлари шаҳар кенгашларида, Жиззах вилояти туман кенгашида бирорта ҳам депутатнинг йўқлиги мазкур партиядан депутатлар грухини шакиллантиришга тўсиқлик қилди. Бу фикрни “Миллий тикланиш” партияси хусусида ҳам айтиш мумкин.
Тан олиш керак айни сайловлар пайтида сиёсий партиялар жонлангандек бўлди. Сайловчилар учун амалга ошмайдиган дастурлар, ёлғон ваъдаларга тўла варақалар тарқатилди. Депутатликка номзоди қўйилган айрим номзодлар мутлақо сиёсий жараёнларда бехабарлиги уларнинг омма орасига кирганда сезилиб қолди. Сайлов жараёни юқори босим билан ҳар доимгидек юқоридан бошқариб турилди. Партиялар ўзаро мухолифат сифатида юзага чиқмадилар. Кўп холларда депутатликка номзоди қўйилган шахсларнинг шахси масалани ҳал этди.
Партия ўртасидаги рақобатга келсак, бу хаққоний рақобат бўлмасдан, балки халқ кўзига номигагина баҳслар юритишда. Ушбу баҳслар партия нашрларида, ҳатто, МТРКнинг “Ўзбекистон” каналидан намойиш этилди. Лекин, бу баҳслар халқ ҳаётини, мавжуд муаммоларни, уларнинг сиёсий қарашини ўзгартиришга ёки ўнглашга хизмат қилди дейишдан йироқман. Партиялар гуёки ўз ҳаракат дастурларида бир-бирларини такрорлашаётганлигини даъво қилишлари ҳаётда нимани ўзгартиради. Бу баҳс, рақобат деб аташга арзийдиган масала эмас.
Сайлов жараёнида сиёсий партиялар сайловчиларнинг эьтиборини тортиш учунгина ана шудай йўл тутгани бугун айён бўлиб қолди. Чунки, бугун ўша баҳслар, рақобат на матбуотда ва на ТВда кўринади.
Шундай жараёнда уларнинг фаолиятини сайловчилар уйғотиши керак. Партиялар қай жиҳатдан бахслашса, рақобатлашса халқ манфаатига хизмат қиладиган жараёнларни топиб, уларни эьтиборини ана шу жиҳатларга қаратиш лойихаларини яратиши асосий масала. Сайловлар яқинлашяпти. Яна ўша манзаралар, ўша сенарийлар ишга тушиши аниқ. Бунда холга фақат зийрак, билимдон сайловчилар чек қўшиши керак. Яна билмадим.
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот котиби.



