Бугун Ўзбекистонда чоп этилаётган матбуот нашрларини варақлар экансиз ижтимоий-ҳуқуқий мавзудаги мақолаларни камдан-кам топасиз. Бундай мақола ёзиш учун эса, аввало журналистнинг ўз рухи, шуури уйғоқ, фикри тейран бўлмоқи керак. Бундай журналистлар бор. Лекин, бу мавзуларни кўтариб чиқишга уларда ирода етишмайди. Йўқса, “Райҳон: Эрим 12 ёш кичик бўлса, айб эмас” (ўша саьнаткорни ҳали тўйи бўлмасдан қилинган суҳбатда)деган йирик-йирик ҳарфлардаги сарловҳа билан ўзбекона шарм-ҳаёга зид келадиган саҳифа- саҳифа мақолалар пайдо бўлмасди. Бизнинг ўзбекда қачон, қайси қиз ҳали турмушга чиқмасдан туриб, бўлажак турмуш ўртоғи ҳақида бундай очиқ-ойдин маьлумот берадиган бўлиб қолди? Ҳатто бувиларимиз умрининг охиригача бош эгаларини биринчи фарзандлари номи билан чақиришган, кейинчалик дадаси, онаси, аясига ўтишган. Эрим деб оғзи шалоқ, бехаё аёллар гапирган. Журналистлар ана ўша ўзбекона шарм ҳаёга путур етказиб, тўқликка шўхлик қилаётган айрим дабдабали тантаналар ёки қўшиқчилар ҳаёти ҳақидаги енгил-елпи мавзуларни танлашяптики, жамиятдаги иллатларни ёритиш маъсулиятини зиммаларидан тушириб қўймоқдалар.
Шароитнинг кескинлиги шундаки, коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик иллатлари кучайиб, ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, инсон қадр-қиммати очиқдан-очиқ оёқ ости қилинаётган холатларга ҳар қадамда дуч келиш мумкин. Аммо, журналистларни ҳам тушуниш керак. Озгина маош ва арзимас қалам хақига қаноат қилиб, холис қола билиш, курашчанликдан чекинмаслик жуда камчилик журналистга хос. Айрим судья, прокурор, хоким учун мухбирлик гувохномаси бугун ҳеч нарсани англатмайди.
Зеро «Бизнинг эркимиз матбуот эркинлигига боғлиқ…» деганида айни ҳаётий тушунчани берганди Томос Жеферсон. Матбуот эса деярли эркин эмаслиги исбот қилинмайдиган ҳақиқат! Кейинги пайтда матбуот нашрларига нисбатан беписандлик, айниқса маьмурий органлар, хокимликлар тизмидаги маъсуллар муносабатида яққол аён. Айниқса, мансабдорлар газета мухбирини ҳурматлашни унутганлар. Оқибатда эса, шундоқ ҳам ҳадиксираб ўтирадиган муассисни баттар ваҳимага тушуриб қўйилган, бу ҳолат.
Шу босидан аксария нашрларимиз, умуман, ОАВ ҳуқуқий идоралар фаолиятига оид материалларни ўйлашиб, аниқ чекловларга суяниб, маош оладиган юрист назоратидан ўтказиб, сўнг эълон қилади. Ҳамиша матуботга чиқиш ОАВлари вакиллари томонидан эмас, уларнинг ўзларидан ташаббус билан чиқилсагина, кейин ёритилади. Уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати, мансабларини суистеьмол қилишлари, фуқаролар мурожжатларига беписандликлари ҳақида ёзган мухбир эртага албатта кўчага улоқтирилади.
Матбуот нашри муассасанинг «тиззаси қалтираб туриши»ни яхши хис этган мансабдор ва ваколатли ҳуқуқшунослар беписандлик қиладилар, турли талаблар қўядилар. Яна бир жиҳати штатларга жойлашиб олган ҳалим мухбирларнинг аксарият моддий манфатдорликни кетидан қувиш билан овора бўладилар. Уларнинг фаолияти ё реклама топиш ё далага гўнг солингани-ю, қишлоққа газ келганини мақола қилиш, ёки бирор «бир нечта» бундайроқ қўшиқчини тарғиб қилиш билан чекланади. Яна бир қисми эса турли манбаларни титкилаб, ажина-ю, алвастилар ҳақида вахимали материал ёзадилар.
Учинчи муҳим жиҳати бу – моддий масала! Айнан маблағсиз аксарият тахририятлар ходимлари хизмат сафарига чиқа олмайдилар. Эртадан-кечгача хонада ўтириб, газета чиқаришмоқда. Хонадан чиқмаган, вилоятларга бормаган, одамлар орасида юрмаган мухбир ҳалқнинг ҳаёти, муаммоси-ю, ташвиши нимада эканлигини қандай тассаввур қилади?!
Матбуоти айни кунда асосан юзаки, олди қочди мақолалар, саънаткорлар ва сериаллар тарғиботчисига айланиб қолди. Жиддий, таҳлилий чиқишлар жуда кам. Борлари ҳам кўпинча самарасиз қолмоқда. Юқорида айтганидек, матбуот умуман ОАВ нинг ҳозирги имкониятидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси мавзусини холис, ошкора, тахлилий ёритиш жуда қийин масала. Айниқса, бу мавзуда ёзилган мақолалар аксарият тахририятларда турли баҳона билан ўтказиламаслиги ёки ойлаб ушланиб қолиши, норасмий цензуранинг тўла қувват билан ишлаб турганлиги масалани янада чигаллаштириб қўйган. Бир сўз билан айтганда бир шахс манфаати учун, бир амалдорнинг шахсий фойдаси учун жиловлаб, тушовлаб қўйилган матбуот билан эркин сўз борасида баҳслашиш мутлақо натижа бермайди.
Айнан шу жиҳат журналистларнинг иродасизлигига далил бўла олади. Иродасизлик эса, мутеъликка олиб боради.
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот котиби



