
Бугун, 6 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 10.00 ларда “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Навоий вилоят бўлими етакчиси Дилдора Боймуродова ўзи фаолият юритаётган туман газетаси биносидан ички ишлар формасидаги ходим томонидан куч ишлатиш йўли билан Кармана туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
“Бирдамлик” етакчиси билан у ерда Кармана туман ички ишлар бўлими бошлиғи Завқиддин Қодиров суҳбатда бўлган. Суҳбат мавзуси, асосан “Бирдамлик”нинг Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган фаоллари шахсига аниқлик киритиш ва Навоий вилояти миқиёсидаги муаммоли мавзуларнинг “Бирдамлик” сайтида ёритилиш масалаларига қаратилган: Жумладан, Қодиров билан “Бирдамлик” етакчиси Дилдора Боймуродова ўртасида тахминан шундай савол-жавоб бўлиб ўтган:
– Ўтган йилнинг охирида уйингизга келган меҳмонлар М. Эшонқулова ва С. Қурбоновалар сизга ким бўлади? Нимага келишган эди? Навоийдаги камчиликларни интернетга олиб чиқиб, оламга овоза қилиш шунчалар шартми? – каби саволларни ёғдирган Кармана туман ИИБ бошлиғи.
Ушбу саволларга жавобан Дилдора Боймуродовадан:
– Улар ҳамкасбларим бўлади. Мендан хабар олишга келишган. Таъқиқланганми? Мақолаларга келсак, Ўзбекистонда эркин матбуот бўлмаганидан кейин, ўзимизни қийнаётган муаммоларни қаерда ёритишимиз керак? Марҳамат, Ўзбекистонда эркин матбуотни яратиб беришсин, мавжуд муаммоларни ёритиш учун маҳаллий матбуотимиз минбаридан фойдаланайлик, – деган мазмунда жавоб олган.
Ярим соатлик суҳбатдан сўнг “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчиси Дилдора Боймуродова ички ишлар ходимининг кузатувида ўз ишхонасига қайтарилди.
– Бироқ, ҳали бу хатар ортда қолди, дегани эмас, – дейди Дилдора Боймуродова телефон орқали биз билан бўлган суҳбатда, – Ишхонам эшиги тагида ички ишлар ходими ҳамон мени қоровуллаб турибди. Ходимнинг мақсади, ишимни тугатганимдан кейин, у мени яна туман ички ишлар бўлимига олиб кетиш экан. Узундан узоқ тергов бераман чоғи….
Ҳали иш куни ҳотима топган эмас. Дилдора Боймуродовани ишдан кейин Кармана туман ички ишлар бўлими бошлиғи З. Қодиров томонидан қилинадиган кучли руҳий босимлар, адоғсиз саволлар кутмоқда.
“Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати Матбуот хизмати



