Ушбу мақолани, анча олдин, 2004 йилда ёзгандим. У пайтларда ҳам ҳозиргидаги каби Ҳукумат газеталарида бу руҳдаги мақолаларни чоп эттириш амри маҳол эди… Фақат “Даракачи” мустақил газетасигина менинг айрим мулоҳазаларимни ёритишга журъат этарди, холос… Бироқ, хусусий ҳисобланмиш ушбу газетада эълон қилинаётган мақоалалар ҳам Ҳукуматнинг махсус хизматлари томонидан кучли назоратга олинганди. Яъни, берилажак матиреаллар макет ҳолатига келтирилгач, аввал тепадаги махсус “тешриувчилар”га жўнатиларди. Қачонки, улардан “добро” келгачгина, босмадан чиқаришга рухсат этиларди… Ўша пайтларда Олий Мажлис депутатлигига сайлов жараёнининг кузатувчиси, бир номзоднинг ишончли вакили сифатида кўрган-билганларим ҳақида бор гапни, ҳақиқатни ёзгандим. Мақоламнинг илк варианти макетга туширилганида “хайрият-эй” деб севиниб кетгандим.
(сурат: мақоланинг охирига “Х” тортилган илк варианти акс этган расмлар)
Кўп афсуски, мақоламнинг асл матни тепада ўтирган текширувчиларнинг чиғириғидан ўтмай қолди. Натижада, газетанинг ушбу сонида мақола охирги қисми кўкламдаги ток каби “каллаклаб” ташланганди. Хуллас, “Даракчи”нинг навбатдаги сонида мақола якунидаги фикрларнинг мутлақо ўзгартирилган мазмундаги варианти эълон қилинди…
(Сурат: Мақоланинг ўзгартирилган варианти берилган газета макети расми)
Ўша пайтларда шунга ҳам ўлгудек хурсанд бўлгандим, шод эдим… Мана, бугун интернет оламида, “Бирдамлик” сайтида мақоламнинг асл вариантини эълон қилиш имконияти мавжуд экан, нега энди бундай қулай имкониятдан фойдаланиб қолмаслигим керак, деган фикрга келдим…
МУЛЛИФ
КИМГА ОВОЗ БЕРГАНСИЗ: КАЛИШ ТАРҚАТГАНГАМИ, ЁКИ КАБОБ ТОРТИҚ ҚИЛГАНГА?
Мамлакатимиздаги барча сиёсий партияларнинг мақсади, деҳқонча қилиб айтадиган бўлсак, тирикчилик учун тиним билмайдиган жамики тирик жонни бекаму кўст кўриш. У ҳолда гап нимада? Гап шундаки, ҳар бир сиёсий партиянинг ана шу эзгу мақсадга эришиш борасидаги ёндашишу интилишлари, танлаган йўллари турфа. Бир сўз билан айтганда, қадам етмайдиган кўкўпар чўққига ҳар ким беталофат, беозор чиқиб олиш учун ўзига маъқул йўлни, мақбул усулни танлаши, табиий.
Менга қолса, сайловда қай бир партиянинг қўли баланд келиши у қадар муҳим эмас. Тўғри, шубҳасиз, ҳар бир партия ледирларию ҳайриҳоҳлари учун бу ҳаёт-мамотдек гап. Аммо қай бир партия аъзоси бўлишидан қатъий назар, мени кўрсатилган номзоднинг кимлиги, кўнгил дунёси, қарашлари қизиқтиради.
Эл орасида “одам бўлиш қийин” деган ибора бор. Бу гапда ҳикмат кўп. Шу нуқтаи назардан олганда, ишонч билдириб овоз берилаётган одам нафақат ўз ишининг устаси, энг муҳими, одам бўлсин, тамом-вассалом!
Кўрмасам, эшитмасам-да, ҳис қилаяпман: “Э, бу синчалак нималар деяпти? Демак, бутун бир партия одам қавмидан бўлмаган мавжудоднинг ҳам номзодини кўрсатиши мумкин экан-да, деган мазмуннинг ҳиди келмаяптими бундай маҳмадоноликдан?!” дея лаб бурганлар, эътироз билдирганлар бўлди-ёв?! Оғзимга уришга ошиқмай, аввало, биз – кичик бир одамнинг ҳам гапини эшитинг. Фалакнинг гардиши билан яқин ўтган замонда ( воқеанинг вақти ва санаси эмас, реаллиги, бўлиб ўтганлиги муҳим!) номзоди кўрсатилган зиёли бир кишининг тарғибот ва ташвиқотчилар гуруҳига қўшилиб қолдим. Шунда, кўриб, кузатиб, ҳайратдан ёқа ушлаганим рост. Қарангки, 4-5 та қўйилган номзодлардан бири ҳам амалдор, ҳам анча-мунча мулкдорлардан чиқиб қолди! “Бой бува” ҳамқишлоқларига гапи ўтадиган кишиларга 1-2 жуфт калиш тарқатишдан бошлади ўз ташвиқотини. Албатта, ошкора эмас, зимдан ва зим-зиё тундан фойдаланиб. “Э-э,э, бой қаерда бўлса, вой шу ерда” экан-да, кучи шу икки жуфт калишга етибди-да, дейсизми? Йў-ўқ, энсангиз қотмасин. “Бой бува” хайр-эҳсон бобида сахий, ҳотамтой. Тез кунда сайлов округидаги бева-бечоралар, ўзидан қолганлар, ногиронларнинг “спискаси” тузилиб, баъзиларига 2-3 килодан шакар тортиқ қилинган бўлса, айримларига 4-5 минг сўм хайру эҳсон тариқасида тарқатилди.
Нозоди кўрсатилган “бой бува” энасининг сутини ангишвонада пишириб ичган пухта кишиларнинг хилидан экан, асосий эътиборини мактабларга қаратди. Аксарият қишлоқ мактабларининг аянчли аҳволи ўзингизга маълум. Бу ҳол “бой бува”га қўл келди: сайлов округидаги томчихона бўлган айрим мактабларнинг томига шефир қоқилди. Лой кўчаси асфальт билан “ёпилди”. Ҳимматни қарангки, ҳатто қишлоқдаги битта мактаб болалари компьютерларни кўзлари билан кўриш, ушлаш бахтидан ҳам баҳраманд бўлди. Саховатпешаликда ҳотамтойни уялтиришга қодир бир одам бўлса, шунчалик бўлади, топган тутганини мактабга беради-да! Сайлов участкаси шу мактабда жоойлашган бўлса, устига-устак, унинг раиси ушбу мамктаб директори, аъзоларининг аксарияти ўқитувчилар бўлганидан кейин бойлигидан бир мисқол бахшида қилади-да (албатта, ўзи тўғридан-тўғри қилгани йўқ, “одамлари” орқали амалга оширди, омон бўлгар)!
Ана шу зайилдаги ҳотамтойлик, ҳожатбарорликлардан кейин жойларда номзодлар билан бўлган учрашувлардаги театр томошасини бир кўрсангиз эди. Ўттиз икки тишига сариқ темир қоплаган хўжалик раҳбаридан тортиб, қопдай қорнини қашилаган қишлоқ фуқаролар йиғинининг раисию олмос кўзли узугининг кўплигидан Аллоҳ берган бармоқлари ўн иккита эмаслигига эси кетиб ўтирган ҳокимнинг хотин-қизлар масалалалари бўйича ўринбосаригача – ҳамма-ҳамманинг “бой бува”га кўрсатаётган алоҳида иззат-икрому, эҳтиромини айтмайсизми! Унинг қаршисида янги тушган келиндек икки букилавериб белгинаси синиб кетмаганини уларнинг.
Одамлар-чи? Оломон лол, оломон ҳайрон. Қаранг, бу дунёда билимли кишининг эмас, бойликнинг қудрати кучли эканлигини илк бор ҳис қилганман ўшанда! Сайлов куни эса бунга яна бир бор амин бўлдим.
Ўша куни қалин қор ёғди. Сайлов участкаларининг бирида назоратчи сифатида турибмиз. Совуқ, айниқса, қоққан қозиқдек бир жойда турсанг, жон-жонингдан ўтиб кетади. Аммо қимирлай олмайсан, иложи йўқ. Сайловчиларни, сайлов қутисини кўздан қочирмаслик, кузатиш керак. Шунда ёши етмишга бориб қолган бир отахон сайлов қутисига оз эмас, кўп эмас. нақд саккиз бор сайлов қоғози ташлади, десам, ишонасизми? Балки инкор қиларсиз? Ўзингиз биласиз. Отахон учинчи бор қутига яқинлашганида эътироз билдирдим:
– Бобо, сайлов қонунини бузаяпсиз? Бир ташладингиз, бўлди-да?
– Кампирим, келиним учун ҳам келдим, – деб қутилди ота.
Санаб кўрсам, саккизинчи бор сайлов қутисига яқинлашаяпти. Астойдил қаршилик кўрсатдим:
– Отахон, ўғри бўл, инсофи билан бўл, дейдилар. Ёшингизга яраша иш қилинг, яхши эмас. Сизга қайта-қайта бу бюллетенларни ким беряпти-а? Йўқ, ташламанг, мумкин эмас! – дея отанинг олдини тўсдим.
Қаттиқ қаршиликни кутмаган бобо бир зум менга термулиб қолди. Афтидан хаёлларини тўплаб олди, шекилли, кутилмаганда дўриллаган овозда дўқ ура кетди:
– Сен кимсан ўзи, хўжайинлик қиласан менга? Қаердан келдинг, сочи кесик?! Ўнта болам, йигирмата неварам, қирқта чеварам бор. Хоҳласам, ёшимга яраша етмишта сайлов қоғозини соламан шу қутингга?! Сенга қоптими қозилик?! Бу йилги чумчуқ бултурги чумчуққа чиқ-чиқ ўргатишини кўрсатиб қўйаман сенга, – отахон икки қадам ортига тисарилди-да, суяниб келган эгри таёқ – хассасини бошим узра кўтарди. – Бир уриб бошингни бўлиб қўяйми?!- у астойдил ҳамла қилар, азбаройи ғазабланганидан бурама мўйлаби титрарди.
Рости, одамлар орага тушмаганида, қоқ миямга таёқ тушиши тайин эди. Бу ҳолатни кузатган кимдир кулди, бошқа биров отанинг аламига янада олов ёқди. Яна кимдир мени ёқлади. Шу ерда ўралашиб юрган “катта”лардан кимдир можаро ўт олиб кетмаслиги учун қўлтиғимдан тутиб мени ташқарига – тоза ҳавога олиб чиқди. Ҳақорат ва алам оташи нима эканлигини ҳаётимда биринчи марта ич-ичимдан ҳис қилдим ўшанда. Ҳамроҳим мени “дунёнинг ишлари сизсиз ҳам давом этаверади”, деди-да, сайлов биносининг қаршисидаги чойхонага етаклади.
Хилватроқ жойдан қўним топдик. Афтидан, қон босимим ошиб кетди чоғи, бошим ғувиллаб, ёрилгудек бўларди. Шу тобда кун бўйи оч-наҳор кузатиб ўтирганимиз – сайлов қутисини ўйлашга ҳам мадорим йўқ эди. Таммади қилиб, бостириб-бостириб икки пиёла ичгач, кўзим жойига тушди. Атрофни кўра бошладим. Қарангки, чойхонада ҳаваскор хонандалар хониш қилаётган экан-у, ҳали кирганимда пайқамабман ҳам. Сайловга келган ҳам, кетган ҳам шу ерга кирар, ўтирган одамнинг олдига икки сих кабоб билан, кичик чойнакда “оқ чой” тортиларди. Энг қизиғи, буларнинг барчаси текин, ҳақини тўлаш учун ҳеч ким киссасини кавлай демайди, чўнтагига қўл солмайди. Камина ҳам гарчи “оқ чой”нинг таъмини тотмасам-да, қийма кабобдан тановвул қилган эдим.
– Кимдир тўй беряптими? – сўрадим ҳамроҳимдан.
– Шундай десаям бўлади. Сайловчилар совуқда қийналмасин, деб сахий одамлар саховат қилишяпти. Яхши одамлар кўп-да! Шу пайт таниш овоздан титраб кетдим: уч-тўрт стол нарида мен билан тортишиб қолган отахон шерикларига кўкрак керарди:
– Қалай бопладимми? – унинг қувончи шундоққина юзидан кўриниб турарди. – Бу овулга келиб баковуллик қиламан деганини, мана, бизга қўйиб бераверинг. Сичқоннинг инини минг танга қилиб қўямиз ундайларга. “Бой бува”га бизлардай тўртта тиргак бўлса, бўлди, қарабсизки, депутат-да! – чол шундай дея “оқ чой”ни бир кўтаришда сипқорди-да, чопонининг этагини “ҳидлаб” газак қилди. “Балли!” “Бор экансиз-ку!” “Кам бўлманг!” деган олқишлар эшитилди атрофдан.
Дейдиларки, одамни ғам
йиғлатар,
Қайғу йиғлатар, алам
йиғлатар,
Қайғу ва аламни қилманг
гуноҳкор,
Аслида одамни одам
йиғлатар,
деганида, шоир қанчалик ҳақ экан-а! Руҳимни ўлдириб, кафансиз кўмиб бўлишганди бу одамлар. Аслида мен нима учун куяётган эдим?! Ҳалол, зиёли, бисоти бўлмасаям, имони бутун киши сайлансин, деб ёнмаётганмидим? Шундагина менга, сизга, элга яхши бўлмасмиди?…
… Ярим тун. Ниҳоят, минг бир азоб билан саноқ комиссияни кузатиш шарафига ҳам муяссар бўлдик. Ҳамма чарчаган. Асаблар таранг. Шундай бўлса-да, вужудлар кўзга айланган эди. Саноқда гувоҳи бўлдимки, аҳолининг айрим қатламида сайлов борасидаги савия паст. Чунки баъзилар келиб қутига бюллетенларни ташлаган, аммо, дейлик, Олий Мажлисга тўрт кишининг номзоди кўрсатилган бўлса, ҳеч бирини ўчирмаган, қалам теккизмаган, сайлов бюллетени қандай бўлса, шундайлигича – асл ҳолича ташлаб кетаверган. Бундай сайлов бюллетенларининг сони кўп эди. Бу ҳол эса саноқ комиссиясига адашиб кириб қолган қаллоб кишиларга жуда қўл келаркан. Чунки саноқ ниҳоясига етай деб қолганида саноқ комиссияси аъзоларидан бири, биз – тўрт кузатувчининг кўзини жавдиратиб тўққизта бюллетенни олди-да, уч номзоднинг номини ўчирди. “Бой бува”нинг номигина қолган бюллетенларни эса иккиланмай унинг ҳисобига қўшиб қўйди. Биринчи бўлиб бу қаллоб кишининг ёқасидан олган мен бўлдим. Кузатувчилар қўллашди. Шу ернинг ўзида далолатнома тузиб, имзоладик. Ҳатто, бу ҳақда унинг ўзидан ҳам тушунтириш хати олдик. Саноқ комиссиясининг раиси айбдор аъзосини саноқдан четлаштирди. Аммо “сайл” ўтиб бўлган эди. Уни четлаштиришди-ю, негадир “бой бува” фойдасига у қўшиб қўйган тўққиз дона сохта бюллетенларни ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги талабимиз қаноатлантирилмади. Натижада “бой бува”нинг қўли баланд келди.

Эртасигаёқ бундай қонунбузарликлар ҳақида марказий сайлов комиссиясига бир қулоч шикоят ариза ёзиб факс орқали узатдим. “На ҳа, на йўқ”, деган садо бўлмади.
“Сайловга озмунча маблағ сарфландими? Уни ноқонуний ўтди, деб топиш осон бўптими? Эсингни еганмисан?” дея эшитганларнинг энсаси қотди…
Кунлардан бир кунни ҳув ўша депутат “бой бува”ни телевизорда кўриб қолдим. Имон, инсоф, тўғрилик, ҳалоллик ҳақида ваъз ўқиб, бирам куйиб ёнди-ей, ҳовурига бир тўйнинг оши пишгудек. “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма”, деб ана шунга айтсалар керак-да, деган фикр ўтди кўнглимдан.
Шу-шу, сайлов ҳақида сўз кетса, ўтган воқеалар эсимга тушади. Бўғзимга аламли ҳайқириқ келади: “Қачон қорнингиз учун эмас, қадрингиз учун йиғлашни ўрганасиз, одамлар?!”… Кўп гапиришим мумкин, аммо ҳассос шоир Абдулла акадан ортиқ ўхшатиб айтолмайман:
“Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?…
Хўш, 26 декабр куни бўлиб ўтадиган икки палатали парламент сайловларида ким учун овоз бермоқчисиз, ватандош?!
Малоҳат Эшонқулова
журналист







