ТАНҚИД УЧУН ТАЬҚИБ

 

Ҳаётда   ҳеч ким «танқидий материалларни эълон қилгани учун» дея таъқиб қилнмайди.  Таъқиб бошқача тус олади. Журналистни муассисга, мухаррирга зуғум орқали ишдан бўшатишлари мумкин. Албатта, бундай маъмурий таъзйиққа қарши туриш учун муассис ёки мухаррир ёхуд тахририят нафақат ижтимоий-сиёсий жиҳатдан, балким иқтисодий томонлардан ҳам маъмурлардан мустақил бўлиши керак. Авторитар тузумларда бунинг имкони деярли бўлмайди. Дейлик, демократик мамлакатда истеъдотли журналист ишдан бўшатилса, бошқа бир тахририятга ишга киравериши мумкин. Аммо барча оммавий ахборот воситалари бир қўл остида жамланган, матбуотнинг рўйхатдан ўтиб иш бошлаши ёки исталган пайтда тўхтатиб қўйилиши бир давлат ташкилоти амалдорининг қўлида қолган жойда «оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади», тўғри сўзлиги  учун «ҳайдалган» журналистни бошқа ҳеч ким ишга олишга журъат қилолмайди.

Бундан ташқари журналистдан «жиноятчи» ясашлари хам мумкин. Уни «танқид қилгани учун» эмас, ундан ёки автомашинасида «қорадори сақлагани учун» ёки «қурол олиб юргани учун» қамаб қўйишлари мумкин. Албатта, бу наркотик моддаларни ёки ўқ дориларни ўзлари ташлаб қўйишади. Буни ҳуқуқ тартибот  ва  адлия-суд амалиётида учратиш мумкин.  Газета   мухбирининг енгил машинасидан «наркотик модда топилгани» учун хибсга олинган эди. Собиқ терговчи     туман прокурорининг «кирдикорлари» тўғрисидаги шикоят хатини  ва унга боғлиқ  жиноий ишни мухбир ўрганишга киришган эди. Орадан бироз вақт ўтмай   мухбирга дўқ-пўписа қилишади ва ишни ўрганишни бас қилишни талаб қилишади.   Шунга қарамай, мухбир мақола тайёрлайди ва тахририятга топширди.  Тахририят мақола ва унга асос бўлган хужжатларни ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига жўнадади. «Жавоб» кутилмаганда бошқа томондан келади. Постда  мухбирнинг машинасини тўхтатилади ва район ички ишлар бўлимии биносига олиб келинади. Нимадир  уюштирилаётганини сезган мухбир машинага  наркотик модда ёки қурол ташламасликни, машинани унинг олдида тинтув қилишларини ва қайднома билан қабул қилиб олишни сўрайди. Шундай қилинади –машинадан ҳеч нарса топилмайди, автомобил хужжатлаштирилиб, қабул қилиб олинади. Мухбирнинг хужжатлари олиб қўйилади ва ўзи бўлим бошлиғи хонасида ушлаб турилади. Икки – уч соат ўгандан сўнг машина қайта тинтувдан ўтказилади ва 18 грамм қорадори «топилади». Эрталаб тинтув ўтказилгани ва ҳеч нарса топилмагани ҳақидаги эътирозлар қабул қилинмайди.    Мухбирни Ўзбекистон Республикаси Жиноят  кодексининг 277- моддаси 2- қисми  ҳамда 276- моддаси 1- қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айблашади. Бундан ташқари, унга хокимият вакилларига бўйсунмаганлик ва ундан жиноятчи ясаганларни ҳақорат қилганлик, наркотик ташлаб қўйилганликда айбланганлик айби куйилади. Махбусхонада у ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлган шахс, текшириш учун Прокуратурага жўнатилган мақоласининг қаҳрамони билан учрашади.
Бир мунча вақт ўтгач  мухбир озод қилинади, аммо унга бошқа «хокимият билан ўйнашмаслик» маслахати берилади. Журналистга нисбитан очилган   жиноий иш  тасдиқланмагани учун тўхтатилади. Аммо муаммолар қолади. Биринчидан, у тугал оқланмайди, гуё унинг айби бору ҳуқуқ- тартибот идоралари томонидан «айби исботланмагани учун» озод қилинади. Холбуки, инсоннинг айби очиқ, ошкора, мустақил суд жараёнида ҳалол тортишувда исбот қилиниб, хукм чиқарилмагунча  айбсиз қисобланади. Бу қонуннинг талаби, инсоннинг табиий ҳуқуқидир.

Иккинчидан, унга  тухмат қилган, унинг «хокимият вакилига бўйсунмаганлиги»ни, «хақорат қилганлиги»ни тасдиқлаб келганлар жазоланмади.

Учинчидан, катор саволлар жавобсиз қолди: агар мухбирнинг машинасидан «топилган» наркотик модда  мухбирга тегишли бўлмаса, у кимга тегишли? Уни ким машинага ташлаб қўйган?
Энг даҳшатлиси, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг   «далилни ташлаб қўйиш», истаган кишисидан «жиноятчи ясаш»  усули очиб ташланмади ва қораланмади. Бундай ёпиғлик ҳолати, бундай харакатлар бошқа журналистлар, қолаверса, умуман ҳуқуқ – тартибот идораларига, иши тескари тушган бошқа фуқаролар тақдирида такрорланмаслигига кафолат йўқлигини билдиради.

 

ОЙША РАҲМОН қизи

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Матбуот хизмати котиби

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares