Кармана туманининг Янгиобод маҳалласида узоқ йиллар яшаб, 1972-73 йилларда уй қурган Сувон Исломов 20 йилдан зиёд вақт шу хўжаликда тракторчи вазифасида меҳнат қилган. Тўрт ўғил бир қизни тарбиялаган С. Исломовнинг 1997 йилда рафиқаси оламдан ўтгач, қаровсиз қолиб кетганлиги сабаб, бева бир аёлга уйланади. Шундан сўнг катта ўғли Баҳодир ва келини Қадрия томонидан ўз уйидан ҳайдалган. 15 йилдан буён уйидан ҳайдалиб, ётоқхонада яшаб келаётган Сувон Исломовнинг кўзи хаста, операцияга муҳтож. Қолаверса, келини Қадрия Исломова С. Исломовнинг фарзандлари орасида ўзаро уруш, турли низолар келтириб чиқариб, оилани пароканда қилиб юборган. Бу ҳолатларни кўзи очиқлигида бартараф этишни истаган С. Исломов Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка ишониб, туман кадастр бўлимидан барча ҳужжатларни тайёрлаб бўлиб, туман ҳокими Шарофиддин Исматовдан ҳоким қарорини чиқарилишида амалий ёрдам сўрайди. Аммо 2012 йилнинг декабрь ойи бошидан буён сарсон. Сабаби, унинг келини Қадрия Янгиобод маҳалласи котибаси, Қадриянинг қариндоши Маҳмуд Бобоқулов туман ҳокимлигида инспекция бошлиғи. Шу сабаб туман ҳокими Шарофиддин Исматов Сувон Исломовга ўзи қурган ҳовли жойига эгалик ҳуқуқи беришдан бош тортмоқда. Бу адолатсизликлардан чарчаган кекса, кўзи хаста отахон Халқаро ташкилотлардан бўлса-да, ҳуқуқий ёрдам сўрашга мажбур.
МАҲЗУНА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилояти бўлими фаоли