
Маълумки, ушбу шиддатли замон ахборот асрига қиёсланмоқда. Дарҳақиқат, Оммавий ахборот воситаларининг қудратига қиёс йўқ.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер…
деганида шоир минг карра ҳақ эди.
Зеро газета, журнал, интернет сайтлари, телевединия, радио каби оммавий ахборот воситалари нафақат одамни, балки бутун бир оламни ўзгартириб юбориш қудратига эга.
Ўзбекистонда чорак асрдан буён ҳукм сураётган Каримов диктатурасига қарши тинч, нозўравон усул билан курашишга чоғланган “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг мақсад-муддаосини омма ўртасида тарғибот-ташвиқот қилиш, ватандошларимизнинг мудраб ётган қалбини уйғотиш, одамлардаги лоқайдлик, бефарқлик каби иллатларни бартараф этиш, фуқаролардаги қўрқув ҳиссини йўқотиш, юртдошларимиз онги-шуурида журъат туйғусини шакллантириш, адолатсизликка асосланган Каримов ҳукуматининг кирдикорларини аҳолига овоза қилиш, у раҳнамолик қилаётган тузумнинг ноинсоний қиёфасини очиб ташлаш каби эзгу ишларни амалга оширишда Ҳаракатимиз Оммавий ахборот воситаларининг кўмагига суянишга, бу соҳанинг кенг имкониятларидан оқилона фойдаланишга мажбур.
Айни мақсад йўлида “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати қошида “Турон ТВ” ва радио ташкил этилганига кўп бўлган эмас. Бироқ, шуни тан олишимиз керак, то шу кунга қадар ОАВнинг ушбу соҳалари ўз соҳибини топган эмасди.
Бугун шуни қувонч билан маълум қилишимиз мумкинки, мана, ниҳоят, “Турон ТВ” ва радиомизнинг “тили”ни тушунадиган иқдидорли журналистни топгандекмиз.
Бугун “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Бошқарув Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши қарорига мувофиқ салоҳиятли ёш журналист Улуғбек Бакиров “Турон ТВ” ва радиога бош муҳаррир этиб тайинланди.
Умид қиламизки, телевединия ва радио соҳасида маълум малакага эга бўлган Улуғбек Бакиров ОАВлар орасида радио ва ТВнинг имкониятлари янада кенгроқ ва самаралироқ эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда Ҳаракат фаоллари томонидан билдирилган ишончга муносиб бўлишга, соҳа фаолиятини ривожлантиришга ўзидаги бор ғайратни, билим ва салоҳиятни сафарбар этади.
Демак, айни дамда Улуғбек Бакировда телевединия журналистикасининг қироли даражасига кўтарилиш учун имкониятлар эшиги очилди.
Омад сизга Улуғбек, Телевединия олами сари олға!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот маркази