Эътибор берган бўлсангиз, мен юқоридаги сарловҳали матнни мақола деб ҳам номламадим, хабар ҳам эмас. Ўз ёзганларидан уялиб кетганидан қизариб- бўзариб, нима қилишини билмасдан сур бетини Анвар Шукуров номи остига яширган амал илинжидаги иккиюзламачининг ёзганларини мақола ё хабар дейиш мумкинми? Агар бирор ном бериш жоиз бўлса, “Анвар Шукуров”нинг қораланмаси маддоҳликдан бошқа нарса эмас.
Башарасига “Анвар” номидан ниқоб кийган кимсага айтмоқчи бўлганим шуки: муҳтарам МАДДОҲ! Сиз кимни лақиллатмоқчисиз? Ўзбекними? Бу ёлғонларингиз билан киндик қонингиз тўкилган замин одамларининг, дарёсидан чанқоғингиз қониб, қадоқ қўллари оч қорнингизни тўйдирган халқнинг юзига оёқ қўймоқчимисиз? Тушингизни сувга айтинг!
Ўзбек сабрли бўлиши мумкин, қаъноатли, матонатли, оғир-вазмин бўлиши мумкнидир, аммо сиз ўйлаганчалик лақма эмас!
Гулнора Исломовна “Ундоқ ишларни қилиб қўйди! Бундоқ ишларни қойил мақом этди!” дея лоф урасиз, ўзингизча тўқсон тўққизта тадбирнинг номини бирма-бир эринмасдан санаб ўтасиз, уялмайсизми? Виждонини жиғилдонига урган “Анвар”бек нафсининг баҳоси қанча экан? Шундан гапиринг! Биз ҳам билиб қўяйлик! Ушбу ёлғонларга лиммо-лим маддоҳликдан иборат иддаоларингиз учун Гугуша қанча тўлаб қўйган сизга? Ёки ўзбекнинг шўри қуриб, тахтга ворис бўлиб қолгудек бўсла, бош вазирлик мартабасини ваъда қилганмиди? Эҳтимол, ҳозирданоқ ўзингизни молия вазири деб ҳис этаётгандирсиз?!
Ёлғонни ямламай ютасиз, эртакларингизга элни ишонтиришга интиласиз! Гугушахон “ўтказган” никоҳ тантаналари-ю, суннат тўйларининг сонини санайсиз!
Жаноб МАДДОҲ!
Ўша, сиз санаб ўтган тўйларнинг чиқими Гулнора Исломовнанинг эмас, аслида, маҳаллий ҳокимиятнинг зуғуми билан ишбилармонлар, тадбиркорларнинг гарданига тушганини билмайсизми? Биласиз! Ҳаммасини биласиз! Гулнарахоннинг имосига маҳтал ҳокимтўралар Қарақалпоғистонда, Самарқнаду Навоийда юзлаб ёшларнинг никоҳ маросимлари-ю, суннат тўйларини тантанали ўтказиш илинжида кўҳна Мароқанднинг автомобиль заводи-ю Зарафшоннинг тилло конларини талаган-ку, билмайди деб ўйлайсизми? Вилоятлардаги барча ташкилот, корхона, муассаса, ўзини тутиб олган тадбиркорларга “тўйона” божи сифатида ҳисобсиз солиқ солинганлари сирлигича қолган десангиз, ҳомтама бўласиз. Халқ Гугушахонимнинг ҳамма кирдикорларидан бохабар, билсангиз. Ўзбекистонда қанчайин тўй, тантана бўлган бўлса, барчаси ўзбекнинг пешона тери эвазига бўлган, Гулнора Каримовнанинг ҳориж банкларида музлатиб қўйилган ўғирланган сармоялари ҳисобига эмас! Билмасангиз, билиб қўйинг, Ҳукуматнинг нонкўр амалдарлари шарофати билан 23 йилдирки Ўзбекистонда ҳамиша сув келтирган хору, кўза синдирган азиз бўлиб келмоқда. Сиз кўкларга кўтаришга интилаётган Гулнорахонимингиз эса ўроқда йўқ, машоқда йўқ, ҳирмонда ҳозирлардан! Исломовна хоним ҳамиша тайёрга айёр бўлган, холос. Бас шундай экан, “Ит ҳурар, карвон ўтар” деган иборани қўлашингиз ножоиз. Яхшиси, сиз, ўзингиз нафс илинжида олапардек кўпам ипингизни узаверманг, беҳуда вовулламаганингиз маъқул. Зеро лайчанинг ғиншишларини барибир инсон зоти, хусусан, ўзбек эли барибир тушунмайди, эътибор қилмайди. Оқибатда, овора бўлганингиз қолади, демоқчи эдим, маддоҳ жаноблари!
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоли