ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ СУКУТИНИНГ САБАБЛАРИ…

Хоразм сафари чоғида поездда Хивалик бир йигит бизга ҳамроҳлик қилди. Суҳбат орасида у бизнинг сафардан кўзланган мақсад Валерий Назаровнинг ҳолидан хабар олиш эканлигини англагач,   “Борадиган манзилларингизни аниқ биласизларми?” деб сўраб қолди. Табиийки, биздан “Йўқ” деган жавоб олди. Қишлоқ кишиларига хос содда, самимий йигит  бизга беминнат  кўмак бериш тараддудига тушиб кетди: Хива туманининг Оқ ёп қишлоғида истиқомат қилувчи қариндошларидан бирига қўнғироқ қилиб, Валерий оғанинг яшаш манзилига аниқлик киритишга интилди.

– Валерий Назаров? Бу Рейим духтирми? Бу одам Оқ ёпни Шихла махалласинда яшайди… Ҳов, ничук герак  бўлди бу одам сана? Духтирни СНБ тутиб гетган. Вундин одамлар билан қизиқиб новви иш атасан? Қизиқма? Ву одам хўпли” – деди ҳамроҳимизнинг телефон ортидаги қариндоши.

Бу каломдан кейин кўнглимизга ҳадик ин қурди. Минг бир ўй билан Оқ ёп қишлоғига йўл олдик. Оқ ёп деганлари Хивадаги Ичан қалъанинг шундоққини ортида жойлашган экан. Энг муҳими, Рейим дўхтирни – Валерий оғамизни деярли барча яхши танишаркан.  Кимдан сўраймайлик,  оғанинг уйларини бажонудил кўрсатиб беришарди.

Оқ ёпликларнинг кўмаги билан Валерий Назаровнинг уйларини топиш, деярли қийин кечмади.

Хонадонда бизни Валерий оғанинг кенжа келинлари – Мақсуднинг рафиқаси Зубайда кутиб олди:

Меҳрибон Қадамова (чапда) В. Назаровнинг кенжа келинлари Зубайда (ўртада), набиралари Зилола жияни Дилафирузни кўтариб турибди (ўнгда)

Келинчак бизнинг кимлигимиз билан қизиқди. Муроди ҳосил бўлгач:

– Отам уйда йўқ, 5 декабр куни уйимиз атрофини СНБ ва милиция ходимлари қуршаб олишганларида боғ томондан чиқиб қочиб кетгандилар. Шундан буён дараклари йўқ. Қаерда эканлигини билмаймиз, – деди бамайли хотир. Устига устак негадир тиржайиб қўйди.

Зубайда келиннинг худа-бехуда жилмайиб қўйиши, айниқса, ўта бепарволиги    бизни таажубга солди.

– Қайнотангиз бир ярим ойдан бери изсиз йўқолган  бўлса, сиз намунча бепарвосиз? ИИБга хабар берганмисизлар?, – гап қотдим уй бекасига.

– Йўқ…

– Қайнотангизнинг тақдирига шунчалар бефарқмисизлар? Қайнота эмас, ўз отангиз бўлганида ҳам шу тақлид кулиб турган бўлармидингиз?, – илмоқли савол ташладим.

– Отам ( қайнотам демоқчи) ўз билганларидан қолмайдилар, гапга кирмайдилар. Қилма деган ишни қиладилар. Ўжар…

– Шу сабабли ҳам муносабатларимиз дарз кетган демоқчимисиз?

– Ҳа, муносабатимиз яхши эмасди?

– Фақат сизнингми, ёки турмуш ўртоғингизни – ўз ўғилларининг ҳам отаси билан муносабати илиқ эмасми?

–  Ўғиллари “Қўйинг” десалар ҳам, қулоқ тутмаганларига, ўғиллари ҳам хафа бўлганлар…

–  Ўғирлик қилмаса, қотилликка қўл урмаса, бор йўқ гуноҳи элни ўйлаб ҳаракат қилганими? Шунинг учун қайнотангизнинг ҳаётига беэътибормисизлар? У ҳолда, хоналарига кириб кўрсак бўладими?   Эҳтимол, бирорта “записка” қолдиргандирлар?, – илтимос қилдим Зубайда келиндан.

У бироз иккиланиб турди-да:

– Уйда эрим йўқ эди. Улар бўлмаган пайтларда уйга бегона кишиларни киритаолмайман, – илтимосимни рад этди у.

– Биз эркак кишилар эмасмизку?

– Барибир кирита олмайман…

– Хўш, унда айтингчи,  ҳозир қаерда бўлишлари мумкин? Қизлари, ука, опа ё акалари борми? Манзилларини беринг? Қидиришни туғушганларининг уйдан бошлай     қолайлик унда?

– Қариндошларникида ҳам йўқ…

Зубайда келин ҳали сўзини тугатиб улгурмасидан орқа томонимдаги хонадан биров чиққандек бўлди. Кейин, адашмасам, шарпа мувозанатини йўқотди, чамаси, йиқилди… Нимадир тарақлаб кетди…

– Валерий оға эмасми бу?, – дедим-да, хонадон соҳибасининг “ҳай-ҳай”ига ҳам қарамасдан, шошилганча “тақир-туқур” эшитилган хона ичкарисига кириб бордим. Не кўз билан кўрайки, “Бирдамлик” Халқ Демократик харакати Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаров хона ўртасида карахт ҳолатда турарди.  Уларга кўзим тушди-ю, сездим: Валерий оға овозимни эшитиб, таниб, ўзининг уйда, ичкарида имконсиз эканлигидан ишора бермоқ истаган! Бу аниқ!

– Валерий оға! Бормисиз? Шу ерда экансиз-ку, овоз бермайсиз-а? Саҳал бўлмаса, сизни кўра олмасдан овора бўлиб, ортимизга қайтардик, – дедим ҳайрат билан. Бордим-да Назаровга қўл чўздим. У жавоб қилишга шошилмади. Ҳамон хаёлчан ҳолатда ҳайрон тикилиб турарди. Ўзим қўлидан тутиб, кўришиб қўйдим.

Валерий оға “Ўтиринг” дея менга жой кўрсатмоқчи бўлган эди, яна мувозанатини йўқотди. Чайқалиб, йиқилишига бир баҳия қолди. Оғанинг қўлтиғидан тутдим. Ўтиришига кўмаклашдим.

– Валерий оға, омонмисиз? Нега шу пайтгача ўзингиз ҳақингизда бизга хабар бермадингиз? Қаттиқ хавотир олдик. Телефонингиз ўчирилган? Нима бўлди? Ўғилларингиз сизни куч ишлатиб, уйга қамашганмиди?, – саволларга кўмиб ташладим.

– С головой у меня что-то не так, – деди Назаров бармоқлари билан бошига уриб, – Бошимда ҳамма нарса қоришиб кетган… Танам соғу… Хушим… Каллам жойида эмас…, –  у ниҳоятда хомуш гапирди.

Бу орада биз ўтирган хонага ҳамроҳим “Бирдамлик” фаоли Меҳрибон Қадамова кириб келди.

Валерий оға “Ўтиринг” дея менга жой кўрсатмоқчи бўлган эди, яна мувозанатини йўқотди. Чайқалиб, йиқилишига бир баҳия қолди.

Суҳбат давомида Валерий Назаровдан гап олиш жуда қийин кечди.

 

– Сизни қамаб қўйишганмиди, оға? Нега жимиб кетдингиз? Биз турли шубҳа-гумонлар остида қолгандик. Ҳол сўраш учун келган дўстларимиз ҳам сизни топа олишмасдан, ортларига ноумид қайтишганди. Айтинг, нима бўлди ўзи?, – саволга тутдим етакчимизни.

Валерий Назаров саволларимга жавоб қилишга қийналарди…

Шу  саволимнинг устига   Ҳамроҳларимдан яна бири  Шуҳрат Рустамов ва Хоразмлик Ҳуқуқ фаоли Ҳайтибой акаларга эш бўлиб, икки йигит ва икки нафар хотин кириб келишди. Кейинчалик маълум бўлишича, хонага ташриф буюрганлар оғанинг ўғиллари Мақсуд ва Ҳамро, келинлари  Фазилат, қизлари Феруза  экан.

– Миям жойида эмас… ғувиллаб ётибди, бошимда бир нарса бордек… Мен чўпонларнинг олдида эдим… Қочиб кетгандим ўша куни… Кейин Урганчда бўлдим… Тобим йўқ эди, даволашди мени….,- Назаровнинг сўзлари узуқ-юлуқ, бири тоғдан, бири боғдан эди…

Фарзандлари хонага киргач, Валерий оға билан суҳбатлашишнинг қайта умуман имкони бўлмади. Чунки болалари оталарига гапиришни тақиқлаб қўйишганди.

– Сизлар кимсизлар?, – хитоб қилди Мақсуд.

Ўзимизни таништирдик.

– “Бирдамлик” ҳаракатларинг Ўзбекистондан рўйхатдан ўтмаган экан. Демак, ноқонуний фаолият олиб бораяпсизлар. Бунақанги бошоғриқ ишларингизга отамни аралаштирманглар? Нега келдингиз? Отамни тинч қўйинглар! Ўн кун уйим атрофини СНБ билан милиция ходамлари ўраб олишганларида қаерда эдинглар? Ёрдам бериш қўлларингдан келдими? Уйимни қуршаб олган СНБ ва милиция ходамларини бартараф қилиш қўлларингиздан келдими? Отамнинг хавфсизлиги учун кафолатларингиз борми? Мен СНБга тилхат ёзиб берганман. Отам бу ишларини қайтиб қилмайди, ташлайди. Менга тинчлик керак!  Кетинглар, чиқинглар уйдан!, – бизга қарата ўшқирди Мақсуд.

– Гап Валерий оғанинг қайта “Бирдамлик”да фаолият олиб бориш ё бормаслиги ҳақида кетаётгани йўқ. Бу мутлақо бошқа масала? Биз оғанинг то шу кунга қадар қаерда эканлигига аниқлик киритиш, саломатлигини билиш  мақсадида келганмиз. Чунки 6 декабрь куни “Уйимни ўраб олишди” дея хавотирли хабар берганларидан кейин  Назаров билан  мутлақо алоқа узилиб қолганлиги сабабли, биз интернет орқали ўз тахминларимизни, фараз ва фикрларимизни баён қилишга мажбур бўлгандик.  Бугун мана шу мавҳумликка аниқлик киритиш фурсати етди. Отангизнинг ҳаракатини таъқиқлашга ҳаққингиз борми? Сиз ўзингиз учун жавоб беришингиз керак эмасми? – жавоб қилдим Мақсудга.

Суҳбатга Валерий оғанинг қизлари Феруза ралашди:

– Декабрнинг бошида СНБ билан милисалар 10 кунлаб уйимиз атрофидан кетишмади. Ҳар куни пойлаб ўтиришади. Қўшниларнинг олдида уятдан ўлсак, ўлиб бўлдик. Ҳамма биздан “Отангиз нима иш қилган, ўғирлик қилганми, жинояти нима?” деб сўрайди, устимиздан кулишади. Шарманда бўлдик. Ҳали у ерга сўроққа чақиришади, ҳали бу ёққа суроққа чақиришади. Тилхат, тушунтириш хатлари ёздиришади. Чарчадик, бадимизга уриб кетди. Кекса отамиздан нима истайсизлар ўзи? Отам бир касалманд одам бўлса? Бошқа сизларда ишлай олмайди! Орган ходамлари қуршаб олган куни қочаман деб, орқа эшикдан боққа чиқиб, хушларини йўқотдилар. Биз зўрға даволатдик. Укол-дори қилдик.  Отамизнинг тинчлиги бизнинг тинчлигимиз. Отамнинг нотинчлиги биз, болаларигаям таъсир қилганидан кейин, ишларига аралашишга мажбурмиз. Отамизга фаолият олиб боришларини маън этишга ҳам ҳаққимиз бор, – деди Феруза кўзлари ёшланиб.

– Шу ерда сизнинг  гапларингиз отангизнинг сўзларига тўғри келмаяпти. Назаров ўша куни боғ орқали қочиб кетдим, дегандилар. Сиз бўлса, “Қочаман деб боғда хушидан кетди” деяпсиз? Ниманинг таъсирида хушларидан кетишлари мумкин? Хушини йўқотган одам қандай қилиб қочиб қутилиши мумкин? Қай бирларингизга ишонишимиз керак?, – Ферузани саволга тутди Шуҳрат Рустамов.

– Бўлди, кетинглар энди. Бизниям тичлигимизни ўйланглар. Бизга жабр қилманглар. Отамиз бошқа “Бирдамлик”да ишламайди. Менам СНБга хат ёзиб берганман, – деди Назаровнинг ўғилларидан яна бири -ўзини Тоҳир деб таништирган йигит.

– Валерий оға гўдак эмас. Майлими, уларнинг ўзларидан ҳам икки оғиз эшитсак, –  таклиф киритдим.

– Йўқ, отамиз гапирмайди! Барибир қайтмайди!, – шовқин кўтаришди  оғанинг фарзандлари.

Мен руҳан, қалбан ҳамиша сизлар билан биргаман, – деди Валерий Назаров дардчил овозда

– Мен руҳан, қалбан ҳамиша сизлар билан биргаман, – деди Валерий Назаров дардчил овозда, – Лекин, мана, аҳволимни кўриб турибсизлар. Ҳеч бир ишга ярамайдиган бўлиб қолдим…. Каллам жойида эмас. Бошга бир гап бўлган, – етакчимиз яна бошига бир-икки уриб қўйди, – Хушим жойига келсин, менга дам беринглар. Вақт беринглар менга… Ўзи кеча тунда келиб кирдим уйимга…

 

Отасининг “Мен қалбан сизлар биланман” деганини эшитган фарзандлари отага бақир-чақир қила кетишди.

– Кеча кечаси уйингизга қайтган бўлсангиз, қаерларда эдингиз? – савол берди  Шуҳрат Рустамов бу бақир-чақирларга эътибор бермай.

– Кўўўп жойларда бўлдим, кўўўп жойларда…, – Назаров шундай деганча яна бошига уч-тўрт бор бармоқлари билан ўрди…

Бу пайтда мен оға билан бўлаётган суҳбатни видеотасвирга олиб ўтиргандим. Ҳаракатимдан хабар топган Мақсуд бир сакраб ёнимга келди-да:

– Нимага берухсат видеога олиб ўтирибсиз? Кўрдим, ҳаммамизни тасвирга олиб ўтирибсиз? Буларни эртага интернетга чиқариб юборадиган бўлсангиз, СНБ бизни яна чақириб, сиқувга олади. Бизларни ўлдирмоқчимисиз? Қани, тезда ўчириб ташланг!, – бақирди менга.

Тоҳир ҳам Мақсудга кўмакка келди. Икки ака ука қараб турсангиз, қайириб уриб юборгудек чўтлари бор. Мақсуд қўлимдан фотоаппаратни олди-да, у ёқ-бу ёғини титкилади.

– Ўчирмадингиз, алдаяпсиз. Ўчиринг дедим сизга?, –  деди важоҳат билан.

Шу тақлид олинган видеотасвирлар йўқ этилди. Менда фақат суратлар қолди, холос.

Ҳамроҳларим ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ва Меҳрибон Қадамовани ҳам, мени ҳам Валерий Назаровнинг карахт ҳолати ташвишга солиб қўйганди.

– Мен таниган Валерий Назаров бунақанги одам эмас эди+ку? Нега бунчалар паришонҳол? Хушлари ўзида эмас. Юролмаяптилар ҳатто, мувозанатларини йўқотиб, йиқилаяптилар? Яна етакчимизни психотроп дори кўмагида ушлаб турган бўлмасинлар? – деб юбордим беихтиёр.

– Бу нарса аниққа ўхшаб кўринаяпти. Уйни СНБ ходамлари ўраб олганига бир ойдан ошиб қолган. Ўшанинг таъсири ва қўрқувида одам карахт ҳолатига тушган тақдирда ҳам, бир ой давомида ўзига келган бўлиши керак эди. Қолаверса, Назаров ёш бола эмас, узоқ йиллик мухолифат вакили. Кекса авлод вакилларини қўрқитиш мушкул. Валерий оғанинг ҳозирги ҳолати кўпроқ   психотроп модда истеъмол қилган одамларни эслатмоқда. Бир пайтлар “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаевада бўлгани каби… Назаровга укол қилиш йўли билан ёки озиқ-овқатига қўшиб бериш усули орқали руҳиятига салбий таъсир  кўрсатадиган дори берилганга ўхшайди, – дедилар.

Бу гапни эшитган Мақсуд ёниб кетди:

– Оғзингизга қараб гапиринг. Бу одам менинг отам бўлади. Бу билан нима демоқчисиз?  Мен ўз отамга заҳарли дори беришим мумкинми?, – дея дағдаға қилди.

– Бу ҳаёт! Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тарихда мана-ман деган шоҳларни ўз фарзандлари оғулашга уринганлари ҳақидаям кўп эшитганмиз. Кўпам ажабланишнинг кераги йўқ, – дедилар Шуҳрат Рустамов ўта хотиржамлик билан.

Бу гаплардан кейин Валерий оғанинг ўғиллари ҳуқуқ ҳимоячисига ёпишиб кетишди.

– Нимага бунча жизғанак бўласизлар? Мен ҳаётий тажрибамга суяниб айтаяпман.  СНБ ходамлари бу ишни ўзлари амалга оширишмайди. Руҳиятга салбий таъсир қилувчи дорини беришда айнан оила аъзоларининг, туғишганларининг кўмагидан фойдаланишади. Эҳтимол, келинларнинг хизматидан фойдаланган бўлишлари ҳам мумкин…, – ўз тахминларини илгари сурди ҳуқуқ фаоли Рустамов.

– Йўқ, қуруқ ваҳимани қўйинглар, – бир оғиз луқма ташлади  ҳалидан бери тортишувларни сўзсиз кузатиб, жимгина ўтирган Хивалик ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой ака, – Ҳаммаси жойида. Валерий оға бинойидек… Азалдан шунақа эдилар ўзи. Ҳамиша бошим ғовлаб кетаяпти, деб нолирдилар.

Эҳтимол, Ҳайитбой ака меҳмонлар билан хонадон соҳиблари ўртасидаги тортишувларга, баҳсларга чек қўймоқчи бўлгандирлар…

Қарасакки, тортишувлардан наф йўқ. Нима бўлгандаям, Назаровнинг ўз уйида, гарчи карахт ҳолатда бўлса-да, омон эканлигидан кўнглимиз оз бўлса-да таскин топиб, хайирлашишга чоғландик.

Кетар чоғида Валерий Назаров “Кетиб қолманг. Ҳали гаплашамиз” дедилар секингина қулоғимга шивирлаб…

Кетар чоғида Валерий Назаров “Кетиб қолманг. Ҳали гаплашамиз” дедилар секингина қулоғимга шивирлаб… Оғага қарадим. Менга умидвор тикилиб турарди…

 

Оқ ёпдан қайта туриб, йўл-йўлакай ҳамроҳларим ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташладилар:

– Ҳойнаҳой, Назаровни шунча кун руҳий касалликлар шифохонасида тутиб туришганга ўхшайди. Ўзлари ҳам Урганчда бўлдим дедиларку? Хоразмнинг биргина Урганч шаҳрида руҳий касалликлар шифохонаси бор, холос. Оғанинг ҳолидан хабар олиш мақсадида йўлга чиққанимиздан хабар топган СНБ ходамлари кеча уларни уйларига келтириб қўйишган кўринади, – деди Меҳрибон Қадамова, – Ўзлариям кеча кечқурун уйга кириб келдим, деб тасдиқлаб турибдилар-ку? Болалари эса орган ходамларидан қўрқиб, бу гапни айтишаолмаяпти…

– Бўлиши мумкин, – Қадамованинг гапларини тасдиқлади Шуҳрат ака, – Биз келсагу, Назаровни топа олмасак, тўпалон кўтариб юборишимиздан ҳайиқиб СНБ ходамлари уни кечанинг ўзидаёқ жиннихонадан ўз уйига олиб келиб қўйишган бўлишлари ҳам мумкин…

Шу каби турли шубҳалар қуршовида кўнглимиз хижил бўлиб ортга қайтдик. Шу куни Хоразмда тунаб қолишимизга тўғри келди. Эрталаб “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Хоразм вилоят бўлими матбуот котиби Бахтиёр Маҳмудовга қўнғироқ қилдим:

– Сиз Назаровнинг фарзандларини яхшироқ танийсиз, биласиз. Ҳарҳолда улар сизга қўполлик қилишга журъат этишмаса керак. Валерий оғанинг руҳий ҳолатлари қониқарли эмас. Ҳавотирдамиз. Бугун вақт топиб келсангиз яхши бўларди. Бориб, етакчимиздан биргалашиб хабар олардик, – дедим умид билан, – Уларга психатроп дори беришган. Тахминимизча, шунча кундан буён Валерий Назаровни руҳий касалликлар шифохонасида ушлаб туришганга ўхшаяпти…

– Эшонқулова, мени тўғри тушининг, мен Назаровнинг хонадонига бора олмайман. Боргудек бўлсам, мени ҳам Валерий оғанинг ҳолатига солишади, – деди Бахтиёр Маҳмудов хавотир билан, – Назаровни руҳий касалликлар шифохонасида давлолашган бўлса, бордир.  Адашмаётган бўлсам, илгариям бир марта Валерий Назаров ўша шифохонада даволаниб чиққан. Ўзлари бир марта менга “справкам бор” дегандай бўлувдилар, – матбуот котибининг овозида иккиланиш бор эди. Менга МХХ ходамлари Бахтиёр Маҳмудовни ҳам қўрқитиб қўйишгандек туюлди…

Шу нарса аниқки: Валерий Назаров 2012 йилнинг 6 декабрь куни, яъни “ОШ” тадбирида иштирок этиш истагида пойтахтга бориш учун поездга чипта харид қилиб келганидан кейин етакчининг уйи  Хоразм вилоят куч ишлатар тизимлари ходамлари томонидан қуршовга олингани ҳақиқат!  Худди ана шу қуршовдан кейин Назаровнинг бедарак кетганлиги ҳам ёлғон эмас.

Ноилож пайтахтга қайтишга мажбур бўлдик. Аммо кўнглимиздаги шубҳали саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда:  Бир ойдан ошиқ вақт давомида Валерий Назаров қаерда бўлган? Нега “Бирдамлик” етакчисининг руҳий ҳолати қониқарли аҳволда эмас?  Назаровнинг фарзандлари “СНБга тилхат ёзиб бердик” дея нега бунчалар қўрқув ва саросима исканжасида қолишган? Ҳаракатнинг Хоразм вилоят матбуот котиби Бахтиёр Маҳмудов “Назаровнинг хонадонига бора олмайман. Боргудек бўлсам, мени ҳам Валерий оғанинг ҳолатига солишади” деганида нимани назарда тутганди?  Бахтиёр Маҳмудов бошданоқ МХХ ходамлари Валерий Назаровни   жиннихонага ташлаганларидан хабардор бўлгандир, балки?  “СНБнинг куч ишлатиши оқибатида  Назаров то шу кунга қадар Урганчдаги руҳий касалликлар шифохонасида ушлаб турилган” дея биз томонимиздан ишонч билан илгари сурилаётган тахминимиз ҳақиқат бўлиши мумкинми? Ҳали поездда кела туриб, Хоразмга етмасимизданоқ Хивалик ҳамроҳимиз Давронга телефон орқали  қариндоши “Рейим дўхтир билан нима ишинг бор? У хавфли одам. Уни СНБ ушлаб кетган!” деганидачи?  Назаровнинг ҳамқишлоғи нимадан бунчалар қўрқдийкин?

Шу каби ҳадсиз саволларга аниқ жавоб топишнинг бирдан бир ягона йўли бу – “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаровни зудлик билан Халқаро суд тиббиёт экспертизасидан ўтказишдир. Токи бу амалиёт бажарилмас экан, ҳақиқат ойдинлашмайди. Саволлар эса жавобини кутиб қолаверади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares