
“Инсон қумга тушган томчи эмаски,сингиб кетса? Нина эмаски, кўз илғамаса? Бир инсон, мухолифатнинг жонкуяр бир фаоли 27 кундирки бедарак!”…
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати томонидан Хоразм вилояти етакчиси Валерий Назаров ҳақида ёзилган ушбу сатрларни ўқиб, куни кеча Россия канали орқали Америка Қўшма шататларида жонзодларни ҳимоя қилувчи кўнгилли уюшма фаолияти ҳақидаги кўрсатув кўз ўнгимга келди. Бу груҳ кўча-куйда, уйда, ертўлаларда инсонлар томонидан қаровсиз қолдирилган ёки қийноққа солинаётган жонзотларни қидириб топиб, уларни азоб-уқубатдан қутқариб, меҳр кўрсатиб, сара овқатлар бериб, парвариш қилиш ишлари билан машғул бўлишаркан.
Дунёнинг қайсидир бир бурчагида тилсиз-забонсиз жонзотларга шунчалар меҳр кўрсатилиб, уларнинг ҳам ҳаётда озор топмасдан, қийноқларга солинмасдан яшаши учун имконият туғдириб берилаётган бир вақтда салкам бир ойдан буён бир инсоннинг ном-нишонсиз кетиши ўртасидаги тафовут ҳар қандай инсонни ташвишга солиши, бефарқ қолдирмаслиги керак. Инсонлар ўртасидаги бир-бирига бефарқлик, лоқайдлик, бир-бирларини қўллаб-қувватламаслик эркин фикрловчи инсонларнинг шу зайлда азобланишига бош сабаб бўлади. Ўзбекистонда инсон ҳаётининг, наҳотки, ўша жонзотларчалик қадри бўлмаса?
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ демократи ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот котиби