“БИРДАМЛИК” ЕТАКЧИСИНИНГ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИНГАН БЎЛИШИ МУМКИН…

 

Навоий шаҳридаги “Фазо” телевединиясининг собиқ журналисти, адолатпарвар қизимиз Дилдора Боймуродовани, ўйлайманки, танийсиз.

Ҳақиқат талаб Дилдора адолат излагани,  тўғри сўзлиги учун нафақат  “Фазо” ТВсидан ишдан ҳайдалган,  балки, маҳаллий ҳокимият  ҳали ҳануз уни одамлардан, жамиятдан изолятция қилишга уриниб келмоқда эди.

Кейинги пайтларда  Дилдора Боймуродова “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг Навоий вилоят бўлими етакчиси сифатида қизғин иш бошлаганди.  Хусусан, у Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган куннинг 20 йиллиги муносабати билан “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати томонидан ўтказилган   “Оммавий Шодлик” – “ОШ”, “Оқ Шарф”  марафонида муваффақиятли иштирок этиб, марафон расмлар танловида фахрли 2 ўринга муносиб деб топилган эди. 7 декабр куни Ҳаракатнинг пойтахтда ўтказиладиган асосий  “ОШ”  тадбирида иштирок этиш мақсадида йўлга чиққан Дилдора Боймуродовани   Навоий вилоят ички ишлар ходимлари ҳамроҳлари билан  йўлларидан қолдириб,  ИИБ биносида  то тонга қадар ҳақорат ва таҳқирлар исканжасида  ноқонуний равишда ушлаб туришганлари ҳали ҳолва экан!

Минг афсуски, Навоий вилоят куч ишлатар тизимлари ходамлари икки болали ёлғиз аёл, 2-гуруҳ ногирони бўлган мухолифат вакиласининг ҳаётига хавф солишга уринган кўринади.

Гап шундаки, бугун, 25 декабр куни  Тошкентда “ОШ” марафони расмлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилганлиги хусусида  илгари хабар берилган эди.  Ҳаракатнинг матбуот хизматига телефон орқали  берилган шошилинч хабарларга кўра, бугун эрталаб Тошкентга, “ОШ” тадбирининг тақдирлаш маросимига етиб келиш учун йўлга отланган Дилдора Боймуродова кўчада ногоҳон бахтсиз ҳодисага учраган. Йўл четидан кетаётган фаолимизни кутилмаганда Матиз  русмли автомашина уриб юборган. Дилдора Боймуродова шошилинч равишда касалхонага етказилган. Айни дамда унга тиббий кўмак берилаётган бўлиши мумкин. .. Ҳозирча, Дилдораниннг умумий аҳволидан бехабармиз. Автомобил ҳалокати Боймуродовага  қай даражада шикаст етказганлиги ҳозирча номаълум… “Бирдамлик” етакчиси травма  ҳам олган бўлиши мумкин.

“ОШ” марафони муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчи ва фаолларига нисбатан амалдаги ҳукумат томонидан қўлланилаётган турли кўринишдаги босимллардан хабарингиз бор. Гумонларга қараганда. Дилдора Боймуродованинг автоҳалокатга учраши шунчаки тасодиф, бахтсиз ҳодиса эмас, бу фожианинг орқасида ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари ходимларининг қўли ҳам бўлиши мумкин…

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Матбуот хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares