Мана, бир неча кундирки “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси Саида Қурбонова қамоқда сақланмоқда.
Саида Қурбонованинг ўғли Сардор билан суҳбатлашганимизда, у, жумладан, шундай деди:
– Онамни суд қилиб, 15 суткага қамаб қўйишган. Кўргани борсак, олдиларига қўйишмайди. Қўлимизда суд қарори ҳам йўқ. Шу сабабли, онам нима сабабдан қамалганини ҳам аниқ билмаймиз. Узун-қулоқ гапларга қараганда, гуёки онам ичиб олиб, жамоат тартибини бузганмиш… Бунинг барчаси буҳтон. Негаки, аслида бир неча кундирки “ОШ” тадбирини ўтказишга халақит бериш мақсадида тегишли идора ходимлари уйимиз олдида изғиб юришганди. Ҳатто уйимизга бостириб кириб, бизга таҳдид ҳам қилишганди. 8- декабрь куни онам Тошкентга – “Оммавий Шодлик” тадбирига боришга шайланиб турганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари онамга халақит бериш мақсадида атай уларни айбсиз айбдор қилиб, тутқинликда ушлаб туришибди. 21 декабрь куни 15 кун бўлади. Онам озодликка чиқадилар. Ана шунда маҳаллий ҳокимият идоралари ходимларининг кирдикорлари фош бўлади, улар ноқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришади деган умиддаман….
Қишнинг шундай қахратон, қорли кунларида онамнинг ҳоли нима кечдийкин, дея хавотирга тушади Сардор.
Кўриб турганингиздек, Ҳаракат етакчиси Саида Қурбонованинг 15 сутка қамоқ жазосига тортилиши унинг айбдорлигидан эмас, аслида, етакчимизга халал бериш мақсадида талвасага тушиб қолган маҳаллий ҳокимият тўралари томонидан уюштирилган навбатдаги ўйиндан далолатдир. Йўқса, мамлакат устуни ҳисобланмиш Конститутция кунини байрам қиламан, халқни Бош Қомусни урганишга чақираман, тарғисбот ва ташвиқот қиламан деган инсон зиндонбанд этилармиди? Бу нимадан далолат? Демакки, Каримов ҳукумати халқнинг кўзи очилишидан, ҳақ-ҳуқуқларини таниб қолишидан, мамлакат Конститутциясини сув қилиб “ичиб” қўйишидан ниҳоятда ҳадикда. Халқ ҲАҚни таниди дегани бу – Каримовнинг куни битди дегани-да, ахир!
Айни дамда нафақат “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари, балки Саида Қурбоновани билган, таниган, ундан баҳоли қудрат маслаҳат ва маънавий қуллов олиб келаётган ҳамшаҳарлари етакчимизнинг тақдиридан хавотирда.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Саида Қурбонованинг ноҳақ кишандбанд этилиши амалдаги ҳукуматнинг қурқоқ ва манфур қиёфасини кенг жамоатчиликка яна бир бор намоён этди.
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати фаоллари барча ҳуқуқ ҳимоячиларини, элпарвар инсонларни элининг эртаси учун ҳаётини хатарга қўяётган Саида Қурбонованинг оёқ ости қилинган ҳуқуқларини тиклаш йўлида ҳимояга отланишга чақиради.
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази