“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг Самарқанд вилояти бўйича етакчиси ҳали тайинланмаганлиги сабабли, бу кўҳна шаҳарда “ОШ” марафонининг дастлабки босқичини ўтказишни ўз зиммамга олган эдим. Ана шу мақсадда, 4 декабрь куни тунда Самарқандга отландим. Саҳарда етиб келдим. Туғилиб ўсган жойим эмасми, дастлабки уринишлар ёмон бўлган эмас…. 5 декабр куни кекса онамнинг ёнларида тунаб қолишимга тўғри келди… Бироқ, 6 декабр куни кўчага, холасиникига чиқиб келган қизалоғим ёқимсиз хабар топиб келди:
– Ойижон, қишлоқдан чиқаверишдаги йўлакда иккита милисаларнинг машинаси турибди. Ўтган-қайтган машиналарни текширишмоқда. Ҳойнаҳой, сизни қидиришаётган бўлишса керак, – деб қолди у. Юрагим увишиб кетди… Шу куни айланма йўл орқали шаҳарга тушиб-чиқишга тўғри келди. Қош қорайгач, ўзини Оқдарё қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Илҳом бўламан деб бир киши келиб қолди уй эгасини йўқлаб… Билдимки, оқсоқолни уй эгаларидан кўра, мен, менинг шу ерда
эканлигим кўпроқ қизиқтирарди. Шунда Илҳом аканинг қўл телефонлари жиринглаб қолди: “Ҳа, ҳа, мен қиятдаман, Хўжам бобонинг уйидаман… А, а, ҳа, ҳа, шу ерда экан… Кейин гаплашамиз… Шу ерда дедимку!” деганидаёқ, менга айғоқчилик қилиш учун келганини кўнглим сезган эди…
– Сиз Тошкентда яшамасмидингиз? Қачон келдингиз? Яна қанча вақт шу ерда бўласиз?, – дея қизиқди Илҳом ака. Қисқа савол-жавобдан кейин у ортига қайтди… Эртаси куни эса 7 декабрь – Тошкентга қайтиш мавриди… Ёнимга ҳамроҳликка опамнинг Малика исмли қизини олиб, онамнинг қишлоғидан чиқдим… Қишлоқнинг тор кўчасидан Самарқанд-Бухоро йўналишидаги катта трасса йўлга чиқаётиб, кўзим қатор турган 4-5 та машиналарга тушди.
– Бу ерда намунча машина кўп бўлмаса? Улар мени пойлашаётган бўлмасин яна?, – дедим юрагим гупирлаб – Хола, жуда вахимачи бўлиб қолибсиз-да ўзиям. Сизни бу ерда ким ҳам танирди. Ҳеч кимнинг иши йўқ сиз билан. Бошқа қиладиган юмушлари йўқми?, – кулди Малика менинг сўзларимга. Юрагим бироз тинчлангандек бўлди… Катта трассага яқинлашаётганимда қорачадан келган, озғин, новча бир йигит бизни қўл телефонида ё суратга туширди, ё видеога олди, аниғини билмадиму, англаганим шуки, у аниқ бизни расмга олди… Буни сезиб, йигитга яқинлашганимдан кейин “Нега бизни суратга олаяпсиз? Тинчликми?” деб сўрадим ундан. “Нималар деяпсиз? Қанақа расм?” ўзини ҳайронликка солди йигит. “Талмовсираманг. Сизми бу ерда менинг йўлимни пойлаб турган соқчи? Бирор гапингиз бўлса, айтинг? Қани, олган расмингизни ўчириб ташлангчи?”, талаб қилдим йигитчадан. “Опа, мени тинч қўйинг, нималар деяпсиз? Адашаяпсиз?” деди йигит қўлларини кўксига босиб. Гапга малика аралашди… Хуллас, йигитни “тинч қўйиб” тезлик билан келаётган машиналардан бирига қўл кўтардим. Тўхтатинг. Улуғбекка дедим. Ўтиринглар, деди. Ўтирдик. Биз ўтирган машина эндигина жойидан жилган хам эдики, бир матис олдимизга тушиб, “илон изи” қилиб, ҳайдаб, йўлимизни тўсди. Ҳайдовчи чаққонлик қилиб, машинани айланиб ўтиб кетмоқчи эди, бўлмади. Матис ичидаги ДАН ходими ола таёғини кўтариб, биз ўтирган машина ҳайдовчисига “Тўхта!” ишорасини қилди. Машина тормоз бериши билан, икки йигит югуриб келди-да, мен ўтирган машина эшигини очди:
-Оқдарё туман ички ишлар бўлимининг Жиноят қидирув бўлими ходимларимиз. Биз билан бирга юринглар? Қани, кетдик, – деди-да, шундоққина тумшуғимизга келиб тўхтаган некция автомашинасининг орқа эшигини очди. Ноилож машинамизни “алмашдик”.
Бу пайтда соат 12.00 лар эди… Бизни Оқдарё туман ИИБ биносига олиб келган Жиноят қидирув бўлимининг Улуғбек исмли (Исмини ўзидан сўраб зўрға билиб олганман) ходими ва (шериклари, афсуски, улар ўзларини таништиришган эмас. ИИБ формасидагилари хам бор, фуқаро кийимидагилар ҳам талайгина). Ҳеч бир гап айтмасдан, ҳеч бир нарсани тушунтирмасдан жияним Малика ва менинг сумкачамиздаги нарсаларни истаганларича авра-астарини ағдаришди. Кейин бир аёл ходимини етаклаб келишди. ИИБнинг аёл ходими совуқ хонада ярим ялангоч ҳолатда тинтувдан ўтказди…. Ёз-чиз, тушунтир, тушунтириш хати ёз…. Шу билан кечки соат 17.00 бўлибди… “Ҳой, яхшилар, нима гап? Нега бизни бу ерда тутиб ўтирибсизлар? Тушунтирмайсизларми?” деб сўрасам, “Ёнингиздаги ҳамроҳингизнинг паспорти йўқ экан. Шахсини аниқлайлик, кейин қўйиб юборамиз” дейишади. Гапларини қаранг. “Ахир бу қиз бегона эмаc, қўшни қишлоқнинг қизи? Қай бир фуқаро қишлоғида юрса, фуқаролик паспортини ёнида опичлаб юради? Ишонадиган гапни важ килиб кўрсатсанглар бўлмайдими?” десам, “Ким билади, эҳтимол, сиз бу қизни ота-онасидан яшириб Дубайга сотиб юборишга алдаб олиб кетаётгандирсиз?” дейишади, масхара қилишади… “Эҳтимол, мана бу тасвирга олиш аппаратларингизда Хизбутнингми, Ал-Қоиданингми даъватлари бордир? Буларни экспертизага беришимиз керак” деб ўтакамни ёришади…. Ёнимдаги сумкачамдан Самсунг фото-ведиоаппарат, битта видео кузойнак, 6 дона 4 ГБ. Ҳажмга эга бўлган флешкалар ва битта қўл телефони бор эди….
Барчани “экспертиза Қиламиз” деб, олиб чиқиб кетишди…. ИИБ ходимлари бизни хуқуқимизни паймол қилиб, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ушлаб ўтиришганлари-ку, чидаса бўларди, аммо уларнинг кейинги ҳаракатлари ҳаммасидан хам ошиб тушибди… Мен Тошкентга отланганимда кичик қизимни “Кекса онангга қараб
тургин” деб, ўрнимга ўринбосар қилиб, ота уйимда қолдиргандим… Жиноят қидирув бўлимининг Улуғбек деган ходими ўз сафдошлари билан бизни зўрлик билан ИИБга келтиришгач, Бутанош қишлоқ ҳудудидаги участка нозирини ота уйимга сафарбар қилишибди. Энг ёмони, ИИБ формасидаги участка нозири 88 ёшли бетоб онамга қараб ўтирган 16 ёшли қизимни онамнинг дод-войига ҳам қарамасдан, судраб, матис машинасига ўтқазибди-да, ЭТуманда ўғирлик содир бўлган, сизнинг шахсингизни аниқлашимиз керак!” дея туман ички ишлар бўлимига мажбурлаб, тортқилаб, олиб келибди. В ақали балоғат ёшига етмаган қизимни ИИБдаги қўшни хонада сўроққа тутишган, юрагини ёришган, мен бехабар… Бу хонада тушунтириш хати ёзиб ўтирибман…. Қачонки соат 17.00 га яқинлашганда биз ўтирган жиноят қидирув бўлими бошлиғининг хонасига кириб келган қизимни кўриб, лол қолдим. “Нима қилиб юрибсан бу ерда?” десам, “Битта участкавой бормайман десам ҳам, мени судраб, машинага мажбурлаб солиб, олиб келганига 3 соатдан ошди. Мен билан савол-жавоб қилишди. Бир аёл киши, мени ечинтириб, обдон текшириб кўрди. Ойижон, нима бўлаяпти ўзи? Нима керак буларга?” дейди қўрққанидан ранги оқариб кетган қизим шўрлик… Жаҳлим чиқди. Ҳали балоғат ёшига етмаган болани мажбурлаб, бувисиникидан олиб келишга ва сўроққа тутишга ким журъат қилди? Ёш бола ота-онасининг, ёки педагогнинг иштирокида сўроқ қилиниши керак? Бу нимаси?” деб ИИБ ходимлари билан роса тортишдим. Қайда. Фойдаси бўлармиди? Самарқандда, яна қаерда, Самарқанднинг Оқдарё туманида ҚОНУН- ПОНУН деган нарса ишламайди. Қонун посбонлари қонунни оёқларига пойтава қилиб, ўраб олишган!
Хуллас, қош қорайди ҳамки, бироқ бизни қўйиб юборай дейишмасди…. “Бизни 3 соатдан ортиқ сабабсиз ушлаб туришга хаққингиз йўқ, келтирганларингизга эса 6 соат бўлиб кетдику? Модомики, шу ерда тунаб қолишга мажбур қиларкансизлар, у холда суднинг хукминими, қарор-парорини, санкциясини келтирмайсизларми?” деб туриб олдим…. Ҳали айтганимдек, соат 17.00 дан ўтганида ниҳоят бизни “озод” қиладиган бўлишди. Бироқ, афсуски, бизни тутқинликка олиш маҳалидаёқ қўлларимиздан олиб, ўчириб қўйилган мобил (менинг, жияним ва қизимнинг) телефонларимизни – 3 дона, битта самсунг фотоаппаратимни, 6 дона 4ГБ флешкаларимни, бир дона видео кўзойнагимни қайтаришмади. “Орг. Техникаларингизни текшириш учун экспертизага олиб кетишган. Қачонки, экспертизадан ўтказиб бўлинса, ўзимиз уйингизга олиб бориб, бериб, сиздан тилхат олиб келамиз” деди ИИБ ходими Улуғбек. “Қачон оборасизлар?” деган саволимга, “Сиз Қиётда, онангизникида бўлиб туринг, бугун кечаси, ёки эртага эрталаб олиб бориб, омонатларингизни ўзингизга топширамиз дея жавоб қилди у… Кейин яна некция автомашинасига ўтқазиб бизни, яъни қизимни, жияним. Маликани ва мени Киётга, онамнинг уйига келтириб ҳам қўйишди… Ҳозир қуршовда ўтирибман… Тўрт томоним ИИБ ва МХХчиларга тўла… Тонгда нима бўлади, Худо билади… Фаолларимиз, етакчиларимизга алоқага чиқай десам, бирортамизда қўл телефони ҳам йўқ… Нима бўлган тақдирда ҳам мен эртага 8 – декабр куни Тошкентда – Олой бозорида бўлишим керак!
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари