НАВОИЙ САФАРИ ТААССУРОТЛАРИ….

 

 

Малоҳат Эшонқулова

Ўзимизга қолсаку, Бухоронинг ҳар бир эшиги-ю тешигига бирма-бир эринмасдан бош суқиб чиқардигу, бироқ Навоий вилоятида бизни жасоратли бир ҳамкасбимиз, тақдирдошимиз кутаётган эди-да: Дилдора Боймуродова. Мақсадимиз, Дилдорага “Сиз ёлғиз эмассиз!” демоқлик, ўксик кўнглига малҳам бўлмоқлик эди….

 

Дилдора ҳам ҳақиқатга ҳайриҳоҳлиги сабаб вилоятнинг “Фазо” телевидениясидан ноҳақ ишдан ҳайдалган қисматдошларимиздан бири. Дилдорани журналист сифатида билардиму, аммо унинг бетакрор шоира ҳам эканлигидан бехабар эканман.

Дийдорлашгач, талабалик йилларимиздаги ҳамхонамиз  Нодирани олиб Тожимаҳал кафесига йўл олдик. Узоқ муддатли айрилиқдан сўнг юз кўришган биз ҳамкасбларнинг суҳбати қизигандан қизиди. Талабаликдаги шўхликларимиз, қувончу ташвишларимиз, айни дамда ўзимизга жуда майда бўлиб кўринган ғам-андуҳларимизу, муҳаббат армонларимиз ҳақида анчагача ҳасратлашиб ўтирдик. Айниқса, Дилдоранинг маҳзун сатрли шеърлари кўнглилларни сел қиларди… Кейин ким ўзарга шеър ўқишга тушдик, баҳру байт айтишга киришдик… Очиғи, кўпдан бери дунёсини унитиб, бу қадар беғам, беташвиш, мароқ билан ўтирмагандим. Афтидан, ҳамроҳларим ҳам.  Тун алламаҳал бўлганида тарқалишдик…

Эртасига эса Дилдоранинг хонадонида “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг ихчамгина йиғилишини ўтказишга ҳам улгурдик…. Йиғилишдан сўнг, бизга Навоий шаҳар ҳокимининг КОШОНАсини кўрсатишди. Йўқ, шунчаки кошона эмас, мисоли ОҚ САРОЙ! Каримов ҳам ўтирган эканларда мамлакатда  Ҳукуматнинг ОҚ САРОЙИ билан бўйлашадиган кошона йўқ, деб! Ана сизга иморату, мана сизга иморат! Ана сизга ОҚ САРОЙу, мана сизга ОҚ САРОЙ! Йўқ, мен бу бино кимларнинг ва нималарнинг қурбонлиги эвазига қад кўтарган демоқчи эмасман. Шаҳар ҳокимининг ойлик соққасига шундоқ ҳашаматли иморат солиб бўларканми деган саволни ҳам кўндаланг қўйиш фикридан йироқман. Негаки, фойдаси йўқлигини яхши  биламан. Чунки, ҳозир ҳокимнинг оёғи узунгида, уни отдан тушириб бўларканми, бунга бизнинг қурбимиз етарканми? Бунга фақат Каримовгина қодир эканлигини ҳам биламан. Мен фақат бир нарсага, Навоий шаҳар ҳокимининг тўрт қаватли томи қаршисида бад бўй таратиб турган ахлат чиқиндиларига эътибор қаратдим, холос. Ҳоким тўранинг дидлари йўқ, ёки ҳид сезмас дардга дучор бўлган  чамаси, бундан фойдаланган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, афтидан бутун чиқиндиларни ҳокимнинг тумшуғини тагига келтириб тўкишаркан, чиқиндилардан тоғ барпо қилишаркан… Эсиз,  шундоқ ҳашамат.. Ҳайф-э, деб тасвирга ола-ола, йўлимизда давом этдик….

Юра-юра, паттага эмас, соққага асосланган мол бозорининг қаршисидан чиқиб қолибмиз. Бозорда савдо авжида. Молига харидор кутиб илҳақ тургани қайси-ю, арзон бузоқ қидириб бозор кезгани қайси…. Сотгани қайси-ю, мол эгасининг қўлини қаттиқ сиқиб-силтаб, борига-барака, дея харид қилгани қайси… Қизиқиш-да, сотувчи ва харидорлардан бирини суҳбатга тортдик. Буни қарангки, бозорга сотиш учун жонивор олиб кирган ҳар бир шахсдан 7 минг сўмдан тўлов пули олишаркану, бозор маъмурияти чек беришни унитиб қўйишаракан….

Йўл-йўлакай Навоий шаҳридаги қўшма корхоналарнинг биридан ноҳақ ишдан бўшатилган бир жабрдийда билан ҳам ҳамсуҳбат  бўлдик. Судлардан ҳақиқат топмаган аёлнинг юрт отасига айтадиган анчайин ҳасратлари бор экан. (Келинг, шу ерда жабр кўрган қизнинг исм-шарифини очиқламай қўя қолайлик. Негаки, унинг овозли омонатини айтилган манзилга – интернетга жойлай олмадик. Шундай экан, унга фойдамиздан кўра, кўпроқ зиёнимиз тегиб қолмасин, янада кўпроқ жафо чекиб юрмасин дейман-да) Унинг ўкинчу ўтинчларини ҳам тасвирга олдик. Лоақал интернет орқали мамлакат президентига бир фуқоронинг арзи – овозли мурожаатини етказишга уринсак-да, шу билан зора бир синглимизга нафимиз тегса деган ўйдан этикиб, эндигина ортимизга қайтаётувдик…. Ҳа, беш минути кам, қарйиб уйимизга етаёзувдиг-а…. Лекин…  Афсус….

Рақибга ҳам тан бера билиш керак. Бу ҳам мардлик. Рости, биз шоҳида юрсак, Каримовнинг куч ишлатар тизими баргида юрар экан-эй! Нега дейсизми?  Негаки, шундоққина Навоий шаҳар авто шоҳ бекатига келиб, Навоий-Самарқанд йўналиши бўйича қатнайдиган таксилардан бирига ўтиришимиз билан атрофимизда “олабужилар” урмалашиб қолди…  Йўқ жойдан пайдо бўлган ички ишлар формасидаги ходим фуқаро формасидаги ўрта ёшлардаги тепа кал кишига келиб “честь” берганидаёқ, кўнглимиз аллақандай нохушликни сезганди ўзи!  Одамда еттинчи сезги ҳам бор деганлари рост! Кўнглимиз бекорга бир қалқиб тушмаган экан. Э йўқ, бе йўқ, бир маҳал, қарасак, ички ишлар формасидаги ходим биз ўтирган машина ҳайдовчисини қўлларини қайириб, бошини қуйи босиб, қурбонликка келтирилаётган қўйдек судраб келаяпти биз томонга! Ана холос! Бу пайт, маҳаллий вақт билан тахминан 19.00 лар чамаси….  Мен  ИИБнинг бу зўравонларига нима кераклигини яхши биламан. Нима бўларди, биз тасвирга олган видео лавҳалар керак-да. Шундай бўлишини билганлигим учун ҳам йўл-йўлакай интернет кафелардан бирига кириб, қўлимдаги видеолавҳалардан нусха кўчириб,  учта 4 ГБ лик, битта 2 ГБ ҳажмга эга бўлган  флешкага жойлаб, алоҳида олиб қўйгандим. Кўзойнагимнинг дастрўмолчасига ўраб, худди энам туггандек қилиб, тугиб қўйгандим…. Қарасам, вазият қалтис. Шунда сумкамдаги флешкалар солинган дастрўмолчамни олдиму, ўтирган машинамизнинг “бардачоги”га ташлаб қўйдим… Кўнглим анча таскин топди. Қўлимиздаги видео-фотоаппаратлардаги флешкаларнинг хотирасини йўқ қилишлари мумкин, машинадаги нусхалари қолади-ку, деган хаёл кўнглимни хотиржам қиларди… Йўқ, адашмаган эканмиз. ИИБ ходими ҳайдовчини куч билан рулга ўтказгач, ўзини шитоб билан орқа ўриндиққа урди. Мен-ку, ҳайдовчининг ёнидан жой олгандим, бироқ орқа ўриндиқда ўтирган Саида Қурбоновага қийин бўлди. ИИБ ходими опани бир ҳамла билан туртиб-суртиб ўриндиқнинг тўрига жойлаб  қўйди… Шу пайт дарҳол қўл телефоним хотирасига сақлаб қўйилган турмуш ўртоғимнинг рақамини босдим. Аммо у ёқдан гўшакни кўтаришга улгуришмади. ИИБ ходими орқа ўриндиқдан чўзилиб, қўлимга чанг солди. “Опа, телефондан фойдаланиш мумкин эмас, ўчиринг!” дея хитоб қилди-да, қўлга киритган ўлжасини – телефонимни ўчириб, чўнтагига солди. Навбат Саида Қурбонова ва ҳайдовчига етди. Улар ҳам бир сонияда қўл телефонларидан мосуво бўлишди…

Қарасам, Самарқанд томонга эмас, орқага, шаҳарга қайтаяпмиз.

–       Қаерга бораяпмиз ўзи, – сўрадим зўравон ИИБ ходимидан.

–       Кармана туман ИИБ начальниги сизлар билан суҳбатлашмоқчи. Бошқасини билмайман! – дея қўрслик билан жавоб қилди ходим.

Гап сўзсиз Кармана туман Ички ишлар бўлими биносига етиб келдик. Эшик олдида навбатчиликда турган милиция ходими ёшгина йигит экан.

–       Қани, опалар, сумкаларингиздаги нарсаларни столга чиқарингларчи?, – буйруқ оҳангида талаб қилди у.

Саида опа ҳам, мен ҳам аёллар сумкачасидаги бор-будимизни стол устига ташладик. ИИБ ходими нарсаларимизни яна қайтариб сумкамизга солишни буюрди. Солдик.

–       Сизларни сумка билан ичкарига киритиш мумкин эмас. То чиққинунгизга қадар сумкаларингиз шу ерда туради, ана энди ўзларингизни кўрикдан ўтказамиз! Қани, опа, пальтонгизни ечинг-да, қўлларингизни кўтарингчи?, – амир қилди навбатчи йигит менга совуққина қараб.

–       Важоҳатингизга қараганда шу бугун бу ердан чиқмайдиганга ўхшаймиз, нима, “подвал”га олиб боришга тайёргарлик кўраяпсизларми дейман? – сўрадим ярим ҳазил, ярим чин қилиб.

Қошларининг ўртасини тугиб олган йигитча саволимга жавоб қилишни лозим топмади. Аксинча, ҳафсала билан ишга киришди. Қўлида қанақадир асбоби бор – қора таёғи. Кошки бу аппаратининг отини билсам. Билганим шуки, ўша узун қора рангли матоҳи билан бутун вужудимни сийпалаб чиқди.  Асбоби айни кўксимга келганида, аксига олиб “дуд, дуд” дебми-ей, “Жиринг-жиринг” дебми-ей, хуллас, қанақадир овоз чиқаради денг.

–       Опа, – деди навбатчи йигит қора таёғи билан оҳиста  кўксимга уриб, – Бу ерда нима бор?

–       Бу нима деганингиз? Ҳеч нарса йўқ, – дедим ажабланиб.

–       Бирор нарса бўлмаса, аппарат овоз бермайди. Бир нарса бордирки, жиринглаяпти, айтинг, бу ерда нима бор? –  қора таёғини қайта кўксимга нуқтади у.

–       Сийнабанднинг ичида нима бўлиши мумкин? Нима, мактабда анатомиядан яхши ўқимаганмисиз дейман? Аёл кишининг қай бир аъзоси қаерда жойлашганини билмагандай сўрайсиз-а, ука?, – терс-терс жавоб қилдим мен ҳам.

–       Нима, Ҳожибоймисиз? Нега масхарабозлик қиласиз? Қаерда эканлигингизни унутманг!, – жеркиди у.

–       Қаерда эканман? Ҳукуматнинг ишонган идораси бағрида, ИИБнинг қучоғидаману, унутиб бўларканми? Ишончли қўллардамиз, шунинг учун ҳаддимиз сиғиб, эркалик қиламиз-да, – дедим сохта жилмайиб.

–       Опа, гапни кўп айлантириб, олиб қочманг, яхшиси, нима бўлса чиқаринг. Ё ўзим олайми? Мени шунга мажбур қилманг, – деди  ИИБнинг “эшик оға”си ўта жиддийлик билан.

–       Ростанам билмасангиз, айтай, сийнабанднинг тагида темирчаси бўлади. Афтидан ҳали уйланишга ҳам улгурмагансиз шекилли-да, билмайсиз… Ўша темирчага овоз бераяпти у матоҳингиз. Индамасак, жаа-аа-а, онангиз қатори аёлларни ечинтириб, луччак қилиб, кўчага ҳайдашдан ҳам тоймайсиз-а?  Нима, сизларда титкилашга аёл ходим йўқми? Ана, боринг, аёл кишини чақиртиринг, кутамиз, бизнинг шошаётган жойимиз йўқ, келсин, бизни ечинтириб кўра қолсин унда! Жуда сил қилдингиз-ку одамни, сўрайвериб!, – аччиқ қилдим “тафтишчи”га.

–       Бўпти, ишондик сизга, опа, четга ўтинг, сиз бери келинг, – деди йигитча Саида опани имлаб.

Гуё ашаддий жиноятчини қўлга олган кишидек, Саида Қурбоновани ҳам авра-астарини ағдариб, роса титкилашди. Ҳатто этигини, оёғидаги пайпоғини ҳам ечиб кўришди….

Текшир-текшир, тинтув тугагач, фуқаро формасидаги ёшгина йигитча бизни бино ичкарисига бошлади. Эшиги тепасига “Жиноят қидирув…”  ва яна мен  ўқиб улгурмаганим аллақандай битиклар битилган хонага олиб киришди.

–       Ўтириб туринглар, опалар, ҳозир начальник кечки овқатланишга кетган, қайтгач, сизлар билан суҳбатлашади, – деди-да йўлбошчи йигитча бизни тарк этди. Хонада қозоқ келбат фуқаро формасидаги бир киши ўтирарди. У ўзини Эрик деб таништирди.

–       Нега исмингиз Эрик? Ўзингиз ўзбекка ўхшайсиз-ку?, – саволга тутдим уни.

–       Мен қозоқман. Бу ерда қозоқлар анчагина.. Шунга исмим Эрик, – деди у мийиғида кулимсираб.

–       Демак, Эрикбай экансиз-да, – дедилар Саида Қурбонова.

–       Ҳа, шундай, Эрикбай…, –  деди у синчков тикилиб.

–       Айтингчи, Эрикбой  ака, бизни нима учун бу ерга келтиришди? Биз тушунмай қолдик? Нима, тунги капалаклар деган гумонда келтирилганмизми бу ерга?, – сўрадим ундан.

–       Йўғ-э, нега ундай дейсиз опа… Ёшларингиз бундай гумонга тўғри келмайди, ташвишланманг…, – тишининг оқини кўрсатди Эрикбай, – Нега олиб келишганларини биз ҳам билмаймиз. Тепадан қўнғироқ бўлган. Ҳали начальник келса, ўзидан сўраб биласизлар…

–       Сиз ҳам жиноят қидирув бўлимида ишлайсизми?

–       Ҳа…

–       Унда сиз билмасангиз, ким билади? Яхши, ёшимиз капалакларга тўғри келмасакан, бошқа  қай бир жиноятда гумондормиз, ахир? Айтмайсизми?

–       Билмадим…

Очиғи, Кармана туман ИИБсида неча соат ўтирганимиздан ҳам бехабармиз. Сабаби, қўл телефонларимиз олиб қўйилган, хонада соат ҳам йўқ эди… Қанча вақт ўтди, билмадик, билганимиз шу, ўтган вақтимизни Эрикбай билан суҳбатлашишга сарфладик… Суҳбатнинг ҳам тайини йўқ.. “Оилангиз борми?”, “Фарзандлардан нечта?”, “Турмуш ўртоғингиз нима иш қилади?”, “Қаерда турасиз?”, “Навоийга нега келгандингиз?”, “Ким билан учрашдингиз?”, “Қачон келгандингиз?”, “Нима мақсадда келгандингиз?” ва ҳакозо…  Ҳар замонда бизни хонага кузатиб қўйган йигитча ҳам ташриф буюриб қолади… Кейинчалик билсак, унинг исми Феруз экан…

–       Опалар,  хафа бўлмангизлар, биз Карманага қандай нотаниш кишилар келса, барчаси билан шу зайилда суҳбат ўтказамиз, ишимиз шу – деди Феруз гап орасида.

–       Барака топгур, биз Карманага келганимиз йўғу, кун бўйи Навоий шаҳрида юрдик.  Сочимиз сариқ ва ё қора танли бўлмасак, шунча одамнинг орасидан бизнинг бегона эканлигимизни қандай фарқлай қолдинглар, қизиқ?, – дедилар Саида Қурбонова қизишиб…

–       Карманага келган меҳмонларни шу тариқа қўполлик билан идорага судраб келасизларми? Бизни келтирган ИИБ ходими ким эди? Нега унда касб маданияти йўқ? Олдин ўзини таништирмайдими? Кейин “Мен билан ИИБга боришларингиз керак?” демайдими, биз ўз ихтиёримиз билан унга эргашмаймизми? Бу нима аҳвол? Ҳар куни фуқароларнинг ҳуқуқларини шу зайилда топтайсизларми?, – савол устига савол бердим Ферузга.

Суҳбатдошларимиз жим. Қўполлик билан бизни ИИБга судургилаб келган ҳамкасбларининг исмини ошкор қилишни исташмайди…

Лекин барибир билиб олдик… ИИБчиларнинг қутқусидан  эсон-омон қутилиб, нарсаларимизни қайтариб олгач, билдикки, флешкаларимиздаги тасвирлар ўчирилган. Бу ҳам камлик қилганидек, “Samsung”  видео-фотоаппаратимизни қандай қилиб ёқишни билишмаган чоғи, ИИБ ходимлари бузиб, тахлаб қўйишибди. Яна устига-устак, ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч нарса билмагандек, ойдеккина бўлиб ў-ўўўтиришибди, мусичаи беозор бўлиши-ииииб.  Флешкаларимиздаги тасвирларнинг йўқ қилиниши-ю, орг.техникамизнинг вайрон этилиши борасида куч ишлатар тизими ходимлари билан озмунча тортишдик дейсизми? Қани бирор нафи бўлса?  Тортиша-тортиша соатни тунги  24.00 қилдик. Фойдаси йўқ. Оқибат, ноилож ортга қайтишга мажбур бўлдик. Ярим тунда яна Навоий шоҳбекатига келдик. Самарқандга қайтайлик десак, бирорта ҳайдовчи яқинимизга йўламайди.”Нима гап?” деб сўрасак, “Наркотика ташувчиларни ҳам тўрт соат ушлаб туриб, қўйиб юборишарканми?” дейишади, ажабланиб. Кейин билсак, бизни куч ишлатиб, олиб кетган ИИБ ходими такси ҳайдовчиларига “Ноқонуний мол ташувчи аёллар” деб таништириб кетган экан…. Биз наркотика ташувчи аёллар эмас, аҳолининг турмуш тарзини урганиб, тасвирга олиб юрган мухолифат вакиллари, журналистлар эканлигимизни уларга тушунтиргунимизча, эсимиз кетди. Йўқ, ҳартугул, ҳайдовчиларнинг кексароғи бизга инонди. “Совқатиб қолибсизлар-ку, қани, машинага ўтиринглар, печкасини қиздириб бераман” деди илтифот кўрсатиб… Ҳайдовчи билан узоқ суҳбатлашиб, билдикки, ҳали бизни зўравонлик билан олиб кетган ИИБ формасидаги ходим автошоҳбекатнинг участка нозири – Илҳом экан. Айнан ўша муштумзўр Илҳомжон “честь” берган фуқаро формасидаги ўрта ёшлардаги тепа кал шахс эса Кармана туман Ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб чиқди. Ўзини Шароф деб таништирган такси ҳайдовчисининг гапларига кўра, Кармана туман ИИБ бошлиғи биз ўтирган такси ҳайдовчисига “Бориб, машинага ўтирасан-да, клиентларингни ИИБга олиб борасан!” деб буюрган. Фуқаро формасидаги ИИБ бошлиғини танимаган ҳайдовчи йигит эса, “Ҳечам-да! Мен Самарқандга кетишим керак. Кеч бўлиб қолди, тошингни тер?!” деб қўрслик қилган. “Начальник”га қўполлик қилганлиги учун ҳам Илҳом отлиғ участга нозири ғазаб отига миниб, шўрлик ҳайдовчининг қўлларини қайириб, силтаб-ниқтаб, машинага ўтқазган, унга дўқ-пўписа қилган экан…

Ҳа, дарвоқе, ИИБ биносининг кириш эшигида қолган сумкаларимизни титкилаб видео ва фотоаппаратларимизнинг хотирасини ўчиришганларини яхши билсам-да, бироқ, кўнглим тўқ эди. Шунинг учун хотиржам эдики, чунки биз ўтирган машина “бардачоги”да флешкаларимнинг нусхаси бор эди-да…. Шароф аканинг машинасида ўтириб, рўмолчага тугиб қўйилган флешкаларимни видео камерага қўйиб, текшириб кўрдим…. Кўрдиму, қон босимим нақд 360 га чиқиб кетди! Не кўз билан кўрайки, заҳирадаги флешкаларимдаги барча видео тасвирлар ўчириб юборилган эди…. Яна ўзидек қилиб, ўхшатиб, рўмолчага қайта тугиб, жойига қўйиб қўйганиничи бу устамонларнинг! Ё тавба! Бу куч ишлатар тизим ходимларининг бурни тозаларникиданам кучлироқ ҳид оладими дейман-да! Йўқса, ҳайдовчининг машинаси “бардачоги”да флешка борлигини қаердан ҳам била қолди экан улар?!… Шу алфозда бор-будимиздан айрилиб, минг бир изтироб билан ортга қайтишга мажбур бўлдик… Бир гап бор-у, отангни қози ўлдирса, додингни кимга айтасан, дейишадими? Бизни ИИБчилару, МХХчилар, ҳукуматнинг айнан куч ишлатар тизимлари тунашган бўлса, додимизни кимга ҳам айтардик? Оҳимизни ким ҳам эшитарди? Инсон ҳуқуқларини, журналист ҳақларини паймол қилаётган номард ҲУКУМАТнинг устидан арз қилиш мумкин бўлган бирор бир идора бормикин, маҳкама топилармикин?

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares